ЖАМОАТЧИЛИК МУЛКИГА ЗАРАР ЕТКАЗИШ ОДАМИЙЛИКДАНМИ?

26.07.2024 09:07:46

Табиатдан баҳра олиш, истироҳат ва маданий-кўнгилочар масканларда бўлиб, ҳордиқ чиқариш инсон  саломатлигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда меҳнат унумдорлигини оширади. Руҳиятига ижобий таъсир қилади. Айниқса, дарахтзорлар, озода ва гулларга кўмилган масканларда сайр қилиш кишининг кўнглига таскин  бағишлайди. Шуни инобатга олиб, ҳар ким ҳам  йилига камида бир маротаба бўлса-да,  тоғ ёнбағирига оилавий, ёки меҳнат жамоаси билан сайр қилиш учун ойлик маошингиздан ажратишга ҳаракат қилади. Боиси инсон табиат билан тирик, унинг ажралмас бўлаги. Инсон ўзи яшаётган уй, кўча, маҳалла ободлиги, озодалиги, сўлим табиати-ю мусаффо ҳавосини асраш  масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Шундагина сўлим гўшалар, истироҳат боғлари, сайлгоҳлар ободлигини таъминлаш орқали экологияни сақлашга ўз ҳиссасини қўшган бўлади.

Аммо айрим ҳолларда бу сўлим масканлардаги мулкка нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинган ҳолатларни кўриб,  кишининг кўнгли ранжийди. Ахир бу мулк бизнинг, шу ерда яшаётган оилаларнинг мароқли дам олиши, ҳордиқ чиқариши, табиат бағрида сайр қилиши учун бунёд этилган-ку! Шу ердаги аҳоли саломатлигини тиклаши учун сайр қилиши, ҳордиқ чиқариши учун юзлаб ободонлаштириш ходимлари меҳнат қилишса, фавворалар ва тунги ёритқичлар учун маблағ сарфланса, ички ишлар ходимлари тун-у кун назорат қилса-ю, айримлар кучини давлат мулкига зарар етказишга сарфласа... Бу одамийликданми?! Хўш, қонунчиликда бунга қандай ечим бор?

 

Жавоб шуки, ҳукуматнинг 2018 йил 3 январда «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган. Қонунга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда мулкни қасддан нобуд қилганлик ёки унга зарар етказганлик учун алоҳида модда киритилган. Унга кўра, безорилик натижасида содир этилган зарар майда деб топилса, энг кам иш ҳақининг 30 бараваригача жарима жазоси қўлланилади. Шунингдек, етказилган зарар миқдори  катта бўлса, энг кам иш ҳақининг 30 дан 100 бараваригача жарима қўлланилиши  ёки 15 сутка муддатга қамоққа олишга ҳам сабаб бўлади.

 

Умуман олганда, юқоридаги ҳолатлар тарбиясизлик, ахлоқсизликнинг одатий кўриниши.  Ал Хоразмий шундай одамларга нисбатан айтган қуйидаги фикри эътиборингизни тортади: «Инсон ахлоқи 1 га тенг, у илмли бўлса шу бир ортига бир ноль қўйилади ва қиймати ўн ҳисса ортади. Насл-насаби тоза бўлса,  яна бир ноль ортади. Агар инсон ахлоқан тубан бўлса, олдидаги бир тушиб қолади-да, қолган сифатлар аҳамиятсиз бўлиб қолади».

Ўйлаб қоламан: жамоатчилик мулкига зарар етказишни «крутойлик» деб биладиган айрим ватандошларимиз ахлоқига қанчалик қиймат берсак, ўринли бўларкин?!

Азиз юртдошлар, ҳар бир мулк, маскан, боғ, сайилгоҳ биз учун бунёд этилганини чуқур англаб, асраб-авайлаш билан биргаликда уларни  ахлоқи тубан инсонлар вайрон қилишига лоқайд  бўлмайлик!

 

Нодир РУСТАМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Вобкент туман бўлинмаси раҳбари,

«Адолат» фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+