Жамоатчилик назорати

20.11.2021 07:11:49

Сизнинг бандлигингиз таъминланиши шарт!

Кейинги йилларда аҳоли бандлиги янада долзарб вазифалардан бирига айланди. Фуқароларнинг самарали меҳнат қилиши, моддий манфаатдорлигини ошириш учун муносиб шарт-шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Избоскан туманида бу борада амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами? Айни шу саволга жавоб топиш мақсадида “Адолат” СДПдан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари жамоатчилик назорати тартибида масалани ўргандилар.

2021    йил 1 январь ҳолатига кўра, туман аҳолиси 221 минг 214  нафарни ташкил қилган бўлса, шундан 131 минг 237 нафари меҳнатга лаёқатли. Маълумотлар  шундан 322 нафарига расман ишсизлик мақоми берилганини кўрсатмоқда.

Бир қарашда юқоридаги рақамлар каттадек кўринади. Амалга оширилаётган ишлар бу ташвишни бир оз ортга суради. Айтайлик, жорий йилда биргина хусусий секторда 865 та янги лойиҳа ҳисобига 2 минг 68 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Йилнинг ўтган даврида тадбиркорларнинг ташаббуслари асосида 988 та лойиҳа ҳисобига 2 минг 532 та иш ўрни яратилди. Бу шунча фуқаронинг бандлиги таъминланганини кўрсатади.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида Бештерак МФЙ ҳудудида ишга туширилган “RIZQ INVEST MAX” текстиль корхонаси фойдаланилмай турган мактаб биноси ўрнида қад ростлади. Тадбиркор Феруза Каримованинг бу жойда тикувчилик цехи ташкил этишга қаратилган лойиҳаси туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Чунки корхонанинг биринчи навбати ишга тушиши билан 100 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Улар орасида тикувчилик ҳунарига эга бўлишига қарамай ишсиз юрган, ҳатто хорижий давлатларга ишлаш учун йўл олиш истагида турганлар ҳам бор эди.

-Очиғи маҳалламизда бундай корхонанинг очилиши оила аъзоларимизни ҳам қувонтирди,-дейди тикувчи Барнохон Камолова.- Биринчилардан бўлиб ишга қабул қилиндим. Эрталаб фарзандларимни мактабга кузатиб, ишга келаман. Асосийси, оилам билан биргаман. Бюджетимиз ҳам яхшиланмоқда. Мен каби  ишли бўлган маҳалладошларимиз ҳам хурсанд.

Избосканлик чеварлар биринчи ойдаёқ 50 минг дона эркаклар кийимлари тикдилар. Сифат ва нарх борасида бозор талабига жавоб беради. Шу сабаб уларнинг маҳсулотларига талаб ортмоқда, экспорт ҳам йўлга қўйилди. Яқинда ишчи кийимлар учун буюртма олинди.

Лойиҳанинг иккинчи навбати асосида қурилиш ишлари давом этяпти. Йил охирига бориб яна 50 нафар чевар жамоага келиб қўшилади.

Ойбек МФЙ ҳудудида тадбиркор Орифжон Нўъмонов бошчилигидаги қурувчилар 16 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 48 та замонавий уй-жойлар барпо этмоқда. Аҳамиятлиси, 180 нафар бунёдкорларнинг барчаси маҳаллий ёшлар. Қурилиш ишларидан ташқари мебеллар тайёрлашни ҳам ўзлари амалга оширмоқда. Келаси ойда Тиллабоев массивидаги бу уйлар эгаларига топширилади.

Шу каби “Сирожиддин келажак умиди” МЧЖ 20 та, “Обод қишлоқ гулшани” МЧЖ  50 та, “Пойтуқ насл паррандаси” МЧЖ 156 та иш ўрни яратгани, юзлаб фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлагани қувонарли.

Туманда ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Энг кўп ишсизлик қайд этилаётган ҳудудлар сифатида Тўрткўл ва Юқори Чувама МФЙлари кўрсатиляпти. Тўрткўлда 419 нафар ва Юқори Чувамада 497 нафар фуқаронинг хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетгани ҳам ачинарли. Бу ана шу ҳудуддаги масъуллар ва МФЙ фаоллари зиммасига юклатиган вазифани талаб даражасида бажармаётганини кўрсатади.

Роввот МФЙ раиси Хумора Фармонова мақсадимизни эшитгач, маҳаллада айтарли тадбиркорлар йўқлигини билдирди. Оилавий тадбиркорлик ҳам йўлга қўйилмаган. Бундан МФЙ фаоллари давлатимизнинг бугунги сиёсатини кенг жамоатчиликка етказмаётганини сезиш қийин эмас.

Шу жойда соҳа масъуллари роввотлик тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган бир неча ишсиз фуқароларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши учун субсидия ажратилганини билдирди. Улар имкониятдан фойдаланиб, ўз фаолиятини бошлаган. Бироқ МФЙ раисининг бундан хабарсизлигини қандай баҳолаш мумкин? 

Аҳоли бандлигини таъминлаш ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масала. Шу сабаб уни ўз вақтида ҳал этишдан барча бирдек манфаатдор. Қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бандлиги таъминланиши шарт.

Акбаржон Назаров,

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+