Жамоатчилик назоратида жараён эмас натижа муҳим

28.06.2024 14:06:46

Ўзбекистон «Адолат» СДП Олтинсой туман Кенгаши томонидан тумандаги Қишлоқ хўжалиги бўлимида «Жамоатчилик назорати-қонун устуворлигининг гарови» лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда партия туман Кенгаши ходимлари, депутатлар, партия фаоллари, БПТ аъзолари, маҳалла фуқаролари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати омили жуда муҳим аҳамият касб этиши, Давлат органлари раҳбар ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида бу институтнинг таъсир доираси ниҳоятда юқорилиги хусусида гапириб ўтишди. Тадбирда Давлат раҳбарининг «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби тушунтириб берилди.. Унга асосан, жамоатчилик кенгаши давлат органи раҳбарининг қарори билан ташкил этилиши, у ўз ишини жамоатчилик асосида олиб бориши ҳамда доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланиши, унинг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга ҳисобланиши айтиб ўтилди.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда, биринчи навбатда, барча фуқароларнинг, қолаверса, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш лозимлиги, бу борада бугун мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари ҳар бир инсон онгида шаклланиши зарурлигига урғу берилди. Ҳар қандай қонун бузилиш ҳолатларига муросасиз бўлинса, мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо берилса, ўз фикр-мулоҳазаларни эмин-эркин баён этилса, ана ўшанда чинакам қонун устуворлиги таъминланиши уқтирилди.

Чори Раббимов, партия Олтинсой туман Кенгаши раиси:

  • Жамоатчилик назорати ижтимоий адолатни қарор топтириш учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилади. Мазкур институт юртимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатлангани, балки давлат органлари фаолиятида устувор аҳамиятга эга эканлигини таъминлайди ва бунда жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади. Мухтасар ифодалаганда, жамоатчилик назоратининг асосий қуроли – бу қонун. Жамоат ташкилотлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонунларга қай тарзда амал қилаётгани ва уларни қандай ижро этаётганини назорат қилади. Жамоатчилик назоратининг хулосалари ижро ҳокимиятининг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, хатоларни тузатиш, халқчилликни таъминлашга хизмат қилади.

Тадбирда иштирокчилар ўз фикр -мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтишди.

Малика Хидирова,
«Адолат» СДП
Олтинсой туман «Аёллар қаноти»
Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+