Жим туролмадим...

26.05.2021 23:05:30

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган 63-сонли ихтисослашган мактаб-интернатда тарбияланаётган болалар калтаклангани тасвирланган фотосуратлар тарқалди. Маълум бўлишича, ҳолат Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган.
“Шу кунларда Интернет ижтимоий тармоқларида Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 63-сонли ихтисослашган мактаб-интернатдаги аянчли ҳолат кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унда мактаб тарбияланувчиларининг йиртиқ-ямоқ кийимдалиги, айрим болаларнинг кўз ва юз қисмлари кўкарган ҳолатдалиги фотолавҳалари кўрсатилган. Мазкур ҳолат Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган”, дейилади Олий Мажлис Сенати муносабатида. Шунингдек, мазкур мактаб-интернатда болаларнинг калтакланиши Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам назоратга олинган. 25 май куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мактаб-интернатга бориб ҳодисани ўрганган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Эркинжон Турдимов мактаб-интернатда болаларга яратилган шароитлар бўйича мутасаддиларга ўз эътирозларини билдирган. Шунингдек, вилоят халқ таълими мутасаддиларига зудлик билан мазкур мактаб-интернатда таълим олаётганларнинг яшаши ва ўқиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қатор топшириқ ва кўрсатмалар берилган. Ўрганишлар якунида муассаса директори, унинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ҳамда қатор тарбиячи ва техник ходимларнинг фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган. Вилоят халқ таълими бошқармаси, туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими томонидан муассасадаги ҳар бир ҳолатга баҳо берилиши маълум қилинган. Мазкур таълим муассасани обод масканга айлантириш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш борасида берилган топшириқлар ижроси ҳамда мутасаддиларнинг ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлари юзасидан ҳисоботи бир ҳафтадан сўнг вилоят ҳокимлигида муҳокама этилиши белгиланган. Қайд этилишича, мазкур мактаб-интернатдаги ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари бошланган. Фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйган масъуллар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Мактаб-интернатда болаларнинг калтакланиши ҳодисаси бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Яқин тарихга назар ташласак... 2018-йилнинг июнь ойларида айнан шу вилоятнинг Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатда содир бўлган мудҳиш воқеалар кескин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Бу ҳолат ҳам вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан ўрганилган ва тезликда зарур чора-тадбирлар белгиланган эди.
Эътиборингизни “ихтисослаштирилган” сўзига қаратмоқчиман. Унинг маъноси ҳаммага маълум, ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Қайсидир нуқсон ва камчиликни бартараф этиш учун ташкил этиладиган маскан.
Қонунчиликка мурожаат қилсак, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар)ни ташкил этиш ва у ерга болаларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 256-сонли қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари таълим-тарбия бериш, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ҳамда жисмоний ёки психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълим олишда ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялашда, уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш, шунингдек ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.
Хулоса шуки, давлатимиз раҳбари томонидан бугун келажак авлодни соғлом ва баркамол тарбиялаш йўлида маблағ, билим ва бор имкониятлар ишга солинаётган бир вақтда, бир гуруҳ ишига нолойиқ, давлат сиёсатини “менсимайдиган”, “ўзбошимча” раҳбар ёки раҳбарчаларнинг “иши”ни ўрганиш учун Сенат, ҳоким овора бўлиши шартми? Аслида улар нега ўз мансабини суистеъмол қилишади? Ёки улар учун бу тарбиянинг “янги усули”ми? Саволлар кўп, лекин аниқ жавоб бормикан?
Мурғак қалбларга етказилган озор йиллар давомида ўчмайди. Бугун тарбия ўчоғида ишлаётган “даҳолар” шу ҳақиқатни англаб олинг. Агар сиз ҳақиқатан ҳам шу соҳанинг одами бўлсангиз. Агар ишингизни эплай олмаётган, болаларни тарбиялай олмаётган бўлсангиз, ўрнингизни бўшатиб қўйинг, сиз ягона кадр эмассиз! Бу аравани бошқалар ҳам эплаб тортиб кетади.


Дониёр Юсупов,

Халқ депутатлари
Қибрай тумани кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+