Жиззахлик ёшлар пойтахтга саёҳат қилишди

26.02.2020 17:02:14

Жиззах вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг фарзандлари ҳамда фаол ёшлардан иборат ўғил-қизларни бой тарихимизга, қадимий обидалар ва маданий меросимизга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида Тошкент шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Мазкур саёҳат Жиззах вилоят ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топганлигининг
25 йиллиги муносабати билан уюштирилган мазкур саёхат “Ватан келажаги – ёшлар қўлида” шиори остида ўтди.

-Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд. Юртимизда кўплаб кўнгилочар масканлар ва туристик объектлар фаолият кўрсатмоқда. – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Э.Исматов. Ногиронлиги бўлган ёшлар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ўтган йиллар мобайнида Тошкент, Шаҳрисабз, Бухоро шаҳарларига ҳамда Хоразм вилоятига 500 дан ортиқ ёшларни қамраб олган бепул саёҳатлар ташкил этилди. Жаннатмакон юртимизда сайр қилиш, тарихий обидаларимизни зиёрат қилиш энг катта бахтдир. Айниқса, саёҳатимизни вилоят ёшлари иштирокида ташкиллаштирганимизнинг боиси ҳам уларга улуғ бобокалонларимизнинг маънавий мероси билан таништиришга алоҳида эътибор қаратиш эди. Ушбу саёҳатни ташкил қилишдан мақсад ҳам ёш авлодни ватанпарварлик, халқимиз тарихи ва буюк аждодларимиз мероси билан фахрланиш руҳида тарбиялашдан иборат.

Дастлаб саёҳатчилар Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳайкали пойига гул қўйишди. Бунда ёшларга ташкилотчилар томонидан Ислом Каримовнинг барча ёш авлодга ўрнак бўла оладиган сермазмун ҳаёт йўли, осойишта юртимиз мустақиллиги ва унинг ободлиги ҳамда мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги машаққатли хизматлари ҳақида гапирилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Шундан сўнг болажонлар Ислом Абдуғаниевич Каримов музейига ташриф буюришди. Кўргазмалар давомида  ҳар бир ўғил-қизнинг кўзидан ҳеч шубҳасиз қалбида мана шундай аждодларга муносиб фарзанд бўлиб, вояга етиш ҳисси жўш уриб турганлигини англаш мумкин эди.

Шундан сўнг саёҳатчилар  ҳозирги шиддат билан ўзгараётган мустақил ватанимизда қад ростлаётган кўркам бинолар ва муҳташам иморатлар қаторида замонавий талабларга жавоб бера оладиган, пойтахтимиз кўркига янада кўрк қўшаётган “Toshkent city” халқаро ишбилармонлик марказига ташриф буюриб, саёҳатни давом эттиришди. У ерда барпо этилган улкан бунёдкорлик ишлари ёшларда катта таассурот қолдирди.

Тушликдан сўнг саёҳат иштирокчилари Амир Темур ва Темурийлар даври ҳақида ҳикоя қилувчи “Темурийлар тарихи давлат музейи”га ташриф буюриб, у ерда Соҳибқирон томонидан барпо этилган қудратли давлат, буюк аждодимизнинг улкан бунёдкорлик ишлари, Буюк ипак йўли, Амир Темур шажараси ва бошқа шу каби тарихий бой маданиятга эга бўлган сулола ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдилар. Ушбу музей ёш авлодга халқимизнинг қадимий ва бой тарихи, ўзига хос маданияти, истиқлол ғояларини янада теран англашга кўмаклашмоқда. Қолаверса, ёшларни тарихимизни чуқур билиш ва бугунги тинч-осуда, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етишга ундайди.

Саёҳат давомида ёшлар ҳайвонот боғига ташриф буюришди. Ҳайвонот боғида ташкилотчилар томонидан ёшларга она табиатимизнинг хар бир неъматини кўз қорачиғимиздай асраб-авайлашимиз, келажак авлодларимизга соф ҳолича етказиб бериш кераклиги юзасидан тушунчалар берилди.

Ёшларни Ватанга муҳаббат, халқимизнинг бой маданий меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш ва ўрганишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган саёҳат ёшлар учун катта аҳамиятга эга бўлди.

- Тошкентга бўлган саёҳатимиз мен каби тенгдошларим ҳаётида ҳам унутилмас хотираларга бой бўлди, – дейди Шароф Рашидов туманидаги
11-умумтаълим мактабининг 7- синф ўқувчиси Мухлиса Туропова.  - Саёҳат давомида нафақат тасаввурларимиз кенгайди, балки билим даражамиз ҳам янада бойиди десам, янглишмаган бўламан. Бунинг учун ташкилотчиларга раҳмат.

Кун давомида мароқли ҳордиқ чиқарган болажонлар саёҳатдан мамнун бўлишди. Саёҳат орқали қилинган зиёрат болажонларни янада бир-бирига яқинлаштирди. Улар орасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч ҳисси мустаҳкамланди. Бундай тадбирлар болаларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбияланишларида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмайди, албатта.

Кун давомида мароқли ҳордиқ чиқарган ёшлар саёҳатдан мамнун бўлишди.

 

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП,

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+