Зиммамиздаги масъулият янада ошди

15.04.2024 11:04:01

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгашининг XIII пленуми бўлиб ўтди. Унда вилоят партия кенгаши ижроия қўмита аъзолари билан бирга ҳудудий кенгаш раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Пленум қатнашчилари дастлаб вилоят партия кенгашининг 2023 йил ва амалдаги йилнинг 1-чорагидаги фаолиятини атрофлича кўриб чиқишди. Вилоят партия кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимовнинг маърузасида айтилганидек, ҳисобот даврида партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, партия лойиҳалари асосида жамоатчилик орасида тарғибот тадбирларини ташкил этиш баробарида партиянинг танилувчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 2023 йил охирида партия аъзолари сони 36 651 нафарга етган бўлса, амалдаги йилнинг 1-чорагида 2 474 нафарга кўпайди.


Кейинги вақтда партиянинг таянчи бўлган маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Вилоят ҳаётидаги ислоҳотларни амалга ошириш, жойлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишда халқ вакиллари ташаббуслар билан чиқмоқда. 2023 йил давомида депутатларимиз томонидан маҳаллий кенгаш сессияларига 144 та, доимий комиссияларга 189 та масала киритилган. Уларнинг аксарияти ижобий ечим топган. Бу айтиш мумкинки, жамоатчиликнинг партиямизга бўлган ишончини оширмоқда.
Эришилган ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам йўқ эмас. Қўрғонтепа, Марҳамат, Балиқчи ва Булоқбоши туманларида етарли иш ташкил этилмаётгани ачинарли. Ана шу ҳудудлардаги партия етакчилари ўз фаолиятларида ўзгариш қилишлари лозим.
Малоҳатхон Мусаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
- Амалдаги сайловлар йилида зиммамиздаги масъулият янада ошди. Биз сиёсий жараёнда ижобий натижага эришиш учун янада фаол иш олиб боришимиз зарур. Пленум давомида бу борада олдинда турган вазифаларни белгилаб олдик. Асосийси, амалдаги йилда андижонлик “адолатчилар” белгиланган вазифаларни тўла бажаришга қарор қилишди.
Пленум якунида кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+