Зўр имкониятлар эшиги очилди

15.04.2021 13:04:16

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида жорий “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар яна бир бор қайд этилиб, уларнинг ижроси бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани  хусусида сўз юритилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар масалалари бўйича ислоҳотлари мамлакатимиз ўғил - қизлари учун зўр имконият. 

Эндиликда агар корхона ва компаниялар ёшларни ишга қабул қилса, корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши белгиланди. Жуда яхши ўйланган таклиф. Кўпинча тамаддихона, машиналарни ювиш шаҳобчаларида, гўзаллик салонлари ва шу каби кўплаб  янги ташкил этилган корхоналар тўловларни четлаб ўтиш мақсадида қоғозда 2 та ишчи кўрсатилган, амалда эса 10 дан ортиқ ишчи кучидан фойдаланса, ушбу тизим йўлга қўйилиши орқали қанчадан – қанча норасмий ишчилар сифатида фаолият юритаётган ёшлар қонуний иш билан таъминланади.    

“Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилиши ҳам кўплаб тадбиркорликни бошлаш истагида бўлганлар учун ҳам яратилган имконият бўлди десак янглишмаймиз. Ушбу жараён орқали ҳам ёшлар дафтарига киритилган йигит-қизлар бандлиги таъминланади, ҳам тадбиркорга қўлайликлар, имтиёзлар берилади.

Шунингдек, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғини тўлашдан озод этилиши, “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши ҳам оқилона қарор. Чунки ёшларни давлат томонидан бундай қўллаб-қувватлаш уларни эртанги кунга ишончи ортишига, ёрқин келажак сари умид ва шахдамлик билан ҳаракат қилишига ундайди.

Муҳиба САЙФИДДИНОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+