Зўравонликка қарши кураш — бугуннинг талаби

22.05.2024 16:05:12

Партиянинг Қумқўрғон туман Кенгаши томонидан тумандаги «Жалоир» маҳалласида жойлашган 9-умумтаълим мактабида «Биз зўравонликка қаршимиз!» шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда партия туман Кенгаши вакиллари, туман «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоллари, депутатлар, мактаб ўқитувчи-педагоглари ва мактабнинг юқори синф ўқувчилари қатнашдилар.
Тадбирда бугунги кунда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавияти, ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, йигитлар ва қизлар тарбияси, тазйиқ ва зўравонлик ҳамда жиноятчиликни олдини олиш, жамиятда олиб борилаётган барча ислоҳотларда фаол иштирок этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Фахриддин Менгноров, 9- умумтаълим мактаби директори, тадбир иштирокчиси:

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор ҳисобланади. Кўзланган мақсадга эришишда эса ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни ­эса беқиёсдир. Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Конституциянинг 26-моддасида эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.


Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Чунончи, унда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек бундай қилмишларни содир этганлиги учун жавобгарлик белгиланган.
Суҳбат давомида иштирокчиларга маърузачилар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мақсадли ўтказишлари учун касб-ҳунар тўгараклари фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар киритилди.

Тадбир сўнггида фаол иштирокчиларга партия эсдалик совғалари топширилди.

Зулайҳо Ҳайдарова,
«Адолат» СДП
Қумқўрғон туман
«Аёллар қаноти»Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+