Номзод ҳақида

«АДОЛАТ» СОЦИАЛ-ДEМОКРАТИК ПАРТИЯСИДАН

ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ ПРEЗИДEНТЛИГИГА НОМЗОД

ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Махмудова Робахон Анваровна 1958 йил 9 ноябрда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида зиёлилар оиласида туғилган.

Миллати – ўзбек.

Маълумоти – олий. 1983 йилда Тошкент давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилдан Фарғона вилоят судининг котиби вазифасидан бошлаган. 1979-1983 йилларда Фарғона шаҳар 1-сонли Давлат нотариал идорасининг нотариуси, 1983-1987 йилларда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 1987-1990 йилларда Фарғона вилоят партия қўмитасининг йўриқчиси, 1990-1999 йилларда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1999-2001 йилларда Фарғона вилоят судининг судьяси, 2001-2004 йилларда Фарғона шаҳар судининг раиси, 2004-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси, 2008-2013 йилларда Фарғона вилоят судининг раиси, 2013-2017 йилларда Фарғона юридик коллежининг ўқитувчиси вазифаларида ишлаган.

Р.А. Махмудова 2017-2020 йилларда Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири, 2020 йил январь ойидан Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган.

2020 йил 13 июлдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Р.А. Махмудова фаолияти давомида мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш, суд тизимини ислоҳ этиш, судлар мустақиллигини таъминлашга оид ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Жиноий жазоларни либераллаштириш, жазо тайинлашда адолатни таъминлашга оид бир қатор Олий суд Пленуми қарорлари муаллифи.

Р.А. Махмудова тажрибали ҳуқуқшунос сифатида қонун устуворлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ярашув институтини такомиллаштириш борасида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Р.А. Махмудова 140 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар, судьялар учун 10 га яқин услубий қўлланмалар муаллифи ҳисобланади.

2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Биринчи малака даражали судья.

Р.А.Махмудова оилали, икки нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Т.Махмудов – пенсияда.

                                TELEGRAM