15 октябрдан айрим озиқ-овқат маҳсулотларига қўлланилаётган ҚҚС имтиёзлари маҳаллий тадбиркорлар маҳсулотини сотишда ҳам қўлланилади

18.10.2020 18:10:19

Сўнгги ҳафталарда юртимиз бозорларида ўсимлик ёғи, гўшт, картошка, тухум ва шакар каби маҳсулотларнинг нархларида кузатилган кескин кўтарилишлар аҳолимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Мазкур маҳсулотларнинг нархларидаги асоссиз кўтарилишларни бартараф этиш ҳамда пандемия даврида аҳолимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Мақсуд Қурбонбоев ва Абдуғани Умиров бир гуруҳ депутатлар билан биргаликда бир қатор озиқ-овқат махсулотларини мамлакатга олиб кириш ва сотишда қўшиладиган қўшимча қиймат солиғини тўловини вақтинча бекор қилиш бўйича «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқишди.

Қонун лойиҳасининг мақсади – коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали ички истеъмол бозорининг тўлиқлиги ва бозорларда нархларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан 2020 йил 15 октябрдан бошлаб қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда:

2021 йил 1 январгача муддатга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига шакар ва шакар ҳом ашёсини олиб кириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шакарни реализация қилиш бўйича айланма;

2021 йил 1 июлгача муддатга картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (чорва молларни ва паррандаларни) тирик ҳолда ва ҳайвонларни сўйишдан олинган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш;

2021 йил 1 июлгача муддатга картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (чорва молларни ва паррандаларни) тирик ҳолда ва ҳайвонларни сўйишдан олинган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш бўйича айланмалар қўшимча қиймат солиғи тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.

Лойиҳадан кўриниб турибдики имтиёз импорт қилинган товарларни олиб кириш ва сотиш билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишда ҳам қўлланилади.

Ҳурматли журналист ва блогерлар мазкур масалада қонун лойиҳасининг мазмун моҳияти билан тўлақонли танишмасдан туриб аҳоли ҳамда маҳаллий тадбиркорларни чалғитмасликларингизни сўраб қолган бўлардим. Зеро ҳозирги пандемия даврида барчамизнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз ҳар қачонгиданда муҳим.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+