Адолатли жамият қурилиши йўлидаги дадил қадам  

09.06.2022 10:06:28

“Адолат” социал-демократик партияси конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда ўзининг дастурий вазифалари ва сайловчиларининг сиёсий иродасига таянади. Партиянинг асосий мақсади, ўз уставида белгилангани каби, ҳуқуқий-демократик давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни тараққий топтиришда фаол иштирок этишдир.

Конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва “Адолат” социал-демократик партиясининг вазифалари ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, уларнинг самарали амалга оширилиши халқимизнинг орзу-истаклари ва талаб-эҳтиёжларини тўлақонли ифодалайди.

“Адолат” СДП эркин ва адолатли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат қуриш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Шундан келиб чиқиб амалдаги Асосий қонунимизнинг тегишли боб ва моддаларини замон талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсияларни илгари суради.

Фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва ролини юксалтириш, уларни халқимиз ҳуқуқ-эркинликлари, қонуний манфаатлари ифодачиси ва ҳимоячисига айлантириш долзарб вазифалардан биридир. Шу сабабли, Бош қомусимизда фуқаролик жамияти институтларини ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши билан боғлиқ нормаларни мустаҳкамлаш ва амалдагиларини такомиллаштириш давр талабидир.

Партиямизнинг олдида турган, ҳал этилиши кечиктириб бўлмайдиган вазифалар бу – Ўзбекистон фуқароларига ўз қонуний ҳуқуқлари, эрк ва бурчларини англашга кўмаклашиш, уларнинг сиёсий онги ва сиёсий маданиятини ривожлантириш, халқимизнинг, хусусан, ёш авлоднинг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, уларни она Ватанга, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида, адолатли инсон қилиб тарбиялашдир.

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш юксак сиёсий-ҳуқуқий онг ва маданият соҳиби бўлган комил инсонни шакллантиришни тақозо этади. Ўзларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, эркинликлари қаторида, бурч ҳамда мажбуриятларини чуқур англаган эркин шахслар юртимиз тараққиёти таянчи ва пойдеворидир.

Ҳуқуқий билим ва маданиятнинг даражаси миллатнинг етуклиги ҳамда инсон баркамоллигининг энг муҳим мезони ҳисобланади. Халқнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси қанчалик баланд бўлса, жамиятнинг маърифийлик борасида эришган кўрсаткичи шунчалик салмоқли бўлади.

Биз ҳуқуқий таълим-тарбия натижасида қуйидаги мураккаб вазифалар ҳал этилади деб ҳисоблаймиз: биринчидан, таълим олувчиларда ўзини ва бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаш, амалий фаолиятда олинган ҳуқуқий билимларни мустақил татбиқ қилиш кўникмаларини ҳосил қилиш; иккинчидан, қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ фақат қонуний хатти-ҳаракатларни амалга ошириш йўл-йўриқларини шакллантириш; учинчидан, ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз бўлиш фазилатини тарбиялаш. Ана шундагина олинган ҳуқуқий билим ҳар қандай шароитда фақат қонунга монанд ҳаракат қилишга қатъий одатланиш тизимини яратишга, ҳуқуқбузарликка қарши жадал кураш олиб боришга хизмат қилади.

Жамиятнинг ҳар бир аъзосининг эркин камол топишига оила, маҳалла, мактабгача таълим, мактаб, олий таълим шакллари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари бирдек масъул. Шу боис ёш авлод тарбияси ўзаро узвий боғлиқ бўлган масалаларни тизимли равишда ҳал этилишини тақозо этади.

Мамлакатимизда ёшлар, болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш борасида муайян саъй-ҳаракатлар, самарали тадбирлар амалга ошириб келинди. Бу борада яратилган қонунчилик халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга, халқаро ҳамжамият миқёсида умумэътироф қилинган стандартларга тўла-тўкис мос.

Айни пайтда ёшлар ва болалар ҳуқуқларини муҳофаза этишнинг изчил ва ишончли кафолатларини яратиш халқаро миқёсдаги долзарб масалалардан биридир. БМТ Бош Ассамблеяси 1989 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари тўғрисида» ги Конвенцияни қабул қилди. 1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси парламенти ушбу Конвенцияга қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Конвенция 54 моддадан иборат бўлиб, унда болаларнинг энг зарур ва муҳим иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Унда болалар ўз исмига, фуқаролигига эга бўлишдан тортиб, то тиббий-санитария ёрдами билан таъминланиш ва билим олишгача бўлган кенг ҳуқуқ ҳамда эркинликларга эга бўлишлари лозимлиги мустаҳкамланган.

Мазкур Конвенциянинг муҳим принцип ва қоидаларига мос сиёсат юритиш, изчил ҳуқуқий стратегияни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда тегишли ҳуқуқий-ташкилий, маъмурий-хўжалик ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу билан бирга болалар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларнинг ҳали татбиқ этилмаган жиҳатларини миллий қонунчилигимизга мужассамлаш ўтказилаётган конституциявий ислоҳотларнинг муҳим вазифаларидан бўлиб ҳисобланади.

Партиянинг муҳим вазифаларидан яна бири, бу – жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини илгари суриш, адолатнинг бузилишига олиб келадиган иллатлар, хусусан, коррупциянинг олдини олиш тадбирларини амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашишни кенг тарғиб қилиб, бу борада мансабдор шахсларни, омма, шу жумладан, ёшларни ҳамкорликка чақириш ишларини олиб боришдан иборат.

БМТ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, ЕИ, ФАТФ каби халқаро ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши кураш соҳасидаги бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Булар ичида БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси (БМТ Бош ассамблеясининг Резолюцияси билан 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган), БМТнинг Коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси (БМТ Бош ассамблеясининг Резолюцияси билан 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган) умумэътироф этилган ҳужжатлар ҳисобланади.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасига оид халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни имплементация қилинди ҳамда 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Эндиги вазифамиз коррупцияга қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини аниқлаштирувчи қоидаларни қонунчилигимизда ифодалашдан иборат.

“Адолат” СДП коррупцияга қарши курашнинг ҳар бир инсон, умуман жамият ҳаёти ва тараққиёти учун долзарблигидан келиб чиқиб, конституцияда коррупциянинг олдини олиш, уни бартараф этиш, аҳоли онгида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган қоидалар ўз аксини топиши лозим, деган нуқтаи назарни илгари суради.

Жамиятда адолатли меҳнат муносабатларини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган меҳнат ва бандлик масалаларига, хусусан, мажбурий меҳнатга қарши курашишга, болалардан оғир меҳнатда фойдаланишни тақиқлашга оид, дискриминация ҳақидаги, меҳнатига яраша ҳақ олиш ва оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро меҳнат конвенцияларига оғишмай амал қилиш чораларини кўриш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва қулай меҳнат шарт-шароитларини яратишда иш берувчи ва ходимларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш “Адолат” партиясининг дастурий вазифаларидан саналади.

Конституциявий ислоҳотлар самараси ўлароқ, мажбурий меҳнатни бартараф этиш, болалардан оғир меҳнатда фойдаланишни тақиқлаш, меҳнатига яраша ҳақ олиш ва оналикни ҳимоя қилиш масалалари принциплар сифатида конституцияда мустаҳкамланишини тақозо этади.

Умуман олганда, “Адолат” социал-демократик партияси конституциявий ислоҳотлар инсон, жамият, давлат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқарилишига эришиш, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мужассамланган қоидаларнинг конституцияда теран ифодаланишига эришиш, шу орқали Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш йўлида баҳамжиҳат саъй-ҳаракат кўрсатади.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+