Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади

23.06.2021 11:06:54

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзи кўрсаткичларини ошириш ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Натижада мамлакат аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши 73 ёшдан 75,1 ёшга кўтарилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзининг кенг тарғиб қилиниши дунёнинг барча мамлакатлари учун оғир синов бўлган пандемия даврида ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатди. Тўғри ва соғлом турмуш тарзига кўникиб улгурган фуқароларимиз пандемия даврида ўзлари ва яқинлари ҳаётини асраб, Ўзбекистон ўз вақтида пандемиянинг кучли таъсиридан чиқиб кетишига муносиб ҳисса қўшишди.

Эътиборли томони, бу каби саъй-ҳаракатлар тизимли ва изчил давом эттириб борилмоқда. Жумладан, 2020 йил 30 октябрда “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланди. Фармонда республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол билан бир қаторда “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турларидан бири сифатида белгиланди.

2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борадаги ишлар самарасини юқори натижаларга олиб чиқиш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланган. Давлат дастури доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида куни кеча қабул қилинган “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида эса бу борада бошланган ишлар самарасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Жумладан, 2021 йил 1 августдан бошлаб, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим орқали, аҳолининг жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллиги такомиллаштирилади. Зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш ҳамда ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш, юртимиз шарафини ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли Ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг халқаро стандартлари ва илғор хорижий тажрибаси татбиқ этилади.

Баҳолаш тизими бўйича 15 турдаги спорт синовлари орқали аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлиги аниқланади. Бунда спорт синовлари иштирокчиларига 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади ҳамда улар моддий ва бошқа совғалар билан рағбатлантирилади. 2021 йил 1 августга қадар эса, спорт синовларининг платформаси www.jtdss.uz ва ягона электрон базаси фаолияти тўлиқ йўлга қўйилади.

Ушбу спорт синовларининг ўз вақтида ўтказилишини таъминлаш бўйича Республика комиссияси тузилиб, комиссия томонидан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотларида спорт синовлари ўтказилади. Ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилиб, барча давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги фаолияти ўрганилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар бериб борилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан меҳнат жамоаларидаги спорт синовларини муваффақиятли топширган давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига ҳар йили бир маротаба дам олиш масканлари ёки санаторийларга имтиёзли йўлланмалар берилади. Баҳолаш тизими бўйича ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида имтиёзлар ва рағбатлантиришлардан фойдаланади.

Хусусан, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади.

Махсус талабларни бажарган ғолиблар “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга кириш, бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларга нафақат ўз саломаликларини мустаҳкамлашга, шу билан бирга, жамиятда соғлом турмуш тарзи шаклланишига ёрдам беради.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+