Аёл банд бўлса, жамиятда тартиб бўлади

13.10.2020 21:10:40

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги йилларда ушбу икки йўналиш бўйлаб Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилди. Ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими ажратилди.

Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда – маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилди.

Лекин жорий этилган барча шароитлар, имкониятлар кутилган самарали натижаларни бермаётганлиги, ишсизларнинг 800 мингдан ортиғини ёшлар, 950 минг нафари хотин-қизларни ташкил этаётгани ҳали бу йўналишда муаммолар етарли эканлигини Президент томонидан танқидий баҳоланди.

Биргина хотин-қизлар масаласини оладиган бўлсак, аёллар Ўзбекистондаги ишчи кучининг 47% га яқинини ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, аёллар меҳнат бозорида камроқ иштирок этишади: уларнинг иқтисодий фаоллик даражаси эркакларнинг айни кўрсаткичидан 8,3% га паст (аёлларники 68,2%, эркакларники 76,5%), бандлик даражаси эса 9,1% га паст (аёлларники 64%, эркакларники 73%). Шу билан бир вақтда аёлларнинг иқтисодий нофаоллиги эркакларнинг шу кўрсаткичидан 17,5% га юқори (аёлларники 33,9%, эркакларники 16,3%).

Таъкидлаш жоизки, мазкур видеоселекторда кўтарилган масалалар жорий йилнинг 14 июль куни ҳам давлат раҳбари бошчилигидаги йиғилиш мавзуси бўлиб, унда ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида ёшлар сиёсатини юритишда давлат идоралари олдига масала қўя оладиган, зарур ваколат ва молиявий ресурсларга эга бўлган Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилганлиги, хотин-қизлар билан ишлаш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида вертикал тизим яратилганлиги қайд этилганди.

Экспертларнинг маълумотларига кўра, аёллар уй хўжалигидаги турли ишларни бажаришда эркакларга нисбатан беш маротаба кўпроқ вақт сарфлар экан. Бундан ташқари, аёллар маош тўланадиган ва уйдаги ишларни биргаликда олиб боришлари учун имкон берадиган фаолият соҳаси ҳамда иш жойини танлашади.

Дарҳақиқат, агар аёл ўзини нафақат аёл, балки инсон сифатида жамиятдаги ўрнини англаса, унга табиат ато этган қобилиятни тўғри йўналтира олса, фақат оила қуришни эмас, балки ҳалол меҳнати билан жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини ҳаётининг мақсади деб билса, бу аёл албатта ўз ҳаётидан қаноатлана олади, рози бўлиб яшайди.

Шу боис видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”нинг шакллантирилиши, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилиши, бир сўз билан айтганда, улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилиши,  янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

Мазкур вазифалар ижро юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.

Сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Эътироф этиш лозимки, хотин-қизларимизни ҳаётга тайёрлашга барча тизим бирдек жавобгар бўлиши керак. Бунга бутун жамиятни жалб қилишнинг уддасидан чиқилса, аёллар масалалари билан шуғулланадиган махсус идорага ҳам ҳожат қолмайди.

Бу борада янгича қарашлар, тузилмаларга эҳтиёж бор. Сабаби узоқ йиллар давомида мазкур масалага комплекс ёндаша олмадик. Бундай ҳолат ҳамон мавжуд. Ҳар бир давлат идораси муаммо юзага келиб, жамиятимизда кўндаланг турганидан кейингина унинг оқибатлари билан курашишга мажбур бўлмоқда. Шундай агентликлар, мономарказлар ташкил қилиш керакки, хотин-қизларга ҳам уларнинг хизматларидан бирдек фойдаланиш имконияти яратилсин. Шунда аёллар мардикорлиги, уларнинг зўравонлик қурбонига айланишлари, алданишлари, турли салбий йўлларга кириб кетишининг олди олинади.

Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз.

Шундай экан, энди муаммоларнинг оқибати билан ишлаш вақти ўтди. Уларнинг олдини олишга қатъий киришиш вақти аллақачон келган. Президент таъкидлаганларидек, энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради.

Бундан ташқари, йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш муҳимлиги, жумладан, оилавий психолог хизмати ва туман адлия бўлими орқали ҳуқуқий маслаҳатларни бепул ташкил қилиш, ёлғиз кекса аёллар билан патронаж ҳамширалар, ёшлар, маҳалла ва оила бўлимлари ишлаши лозимлиги қайд этилди.

 Одамларнинг дахлдорлик ҳиссини ошириш, давлатга, оиласига, жамиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, масъулиятни ҳис қилишга ўргатиш эса ўзаро аҳилликни, давлатимизнинг халқчил сиёсати остида жипслашишини талаб қилади.

Бу борада, республика раҳбари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Улар билан ҳамкорликни кенгайтириб, жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳимлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бу ишларга “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг салоҳияти сафарбар этилиши, бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлариннинг ажратилиши, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағнинг йўналтирилиши ҳам мазкур адолатли йўлда барча мутасаддиларнинг якдилликда ҳамоҳанг иш олиб боришини билдиради.

Хусусан, хотин-қизларнинг ноанъанавий секторларга ишга жойлашишлари учун меҳнат бозоридаги талабни гендер таҳлилини ўтказиш, уйдаги меҳнатга муносабат ва ижтимоий стереотипларни ўзгартириш учун дастурларни қўллаб-қувватлаш; аёлларнинг даромад олиб келувчи фаолият билан шуғулланиш ва ҳақ тўланадиган маҳсулдор иш қилишдан фойдаланиш ҳуқуқини ва имкониятларини яхшилаш учун уй меҳнатининг мувозанатлашган тақсимотини тарғиб қилиш каби вазифалар нодавлат сектор томонидан амалга оширилса фойдадан ҳоли бўлмайди.

Аёл илмли, заковатли, фаол, меҳнат билан банд бўлар экан, у ўзини тарбиялайди ва теварак-атрофини тартибга солади, назорат қилади, ташаббус кўрсатиб янгилик яратади. Тартиб бор жойда интизом, ҳотиржамлик, унумдорлик ва даромад бўлади. Янги-янги орзулар, режалар тузилади. Яхши яшашга эҳтиёж ва кўникма шаклланиб боради. Янги Уйғониш даври бўсағасидаги Ўзбекистон учун бу айни муддао.

 

  Гулрух АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар

ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш

органлари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+