Битта ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарлик белгиланмаслиги лозим

17.06.2022 14:06:32

“Вақт шундай ҳукмрон кучки, замонни ҳам, одамни ҳам ўзгартиради” деган ҳикмат бор. Мана, мамлакатимиз Мустақиллигига эришганимиздан буён 30 йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу вақт давомида замонамизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар, ривожланишлар, юксалишлар қад ростлади. Одамларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти, миллий маънавияти юксалди.

Пировардида, шундай тезкор тараққиётга мос равишда қонун ҳужжатлари ҳам такомиллашиб бормоқда. Мамлакатимиз қонунчилик базасидаги янгиликлар ва суд-ҳуқуқ соҳасига кириб келган янги амалиёт, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг янги турларини аниқлаш усуллари мамлакатимиз ривожига монанд равишда янгиланмоқда.

Албатта, Конституциясини халқимиз кўз ўнгида намоён бўлаётган юксалишларга мос равишда такомиллаштириш бугунги куннинг муҳим шартидир.

Шу ўринда, биргина маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича инсон ҳуқуқларига дахлдор мисол келтирмоқчиман. Маълумки, қонун ҳужжатларига мувофиқ, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади ва белгиланган тартибда ҳуқуқбузарга юборилади. Электрон воситалар орқали расмийлаштириладиган бу янги амалиёт бир жиҳатдан ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар учун тезроқ жазони имтиёзли бартараф этиш борасида қулайлик туғдирмоқда. Аммо, бир жисмоний шахсга нисбатан битта ҳуқуқбузарлиги учун икки ва ундан ортиқ жазо чоралари қўллаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Масалан, бир автомашина таъқиқланган белги остида қолдирилди. Буни кўрган бир ёки бир неча фуқаро суратга олиб маълум вақтлар оралиғида ички ишлар органлари махсус хизматларига юборади. Шундай хабарлар асосида бир ҳуқуқбузарлик учун икки ва ундан ортиқ маъмурий жазо чораси қўлланилган ҳолатлар бор. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига, ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ёки бундай ноаниқликлар инсонларнинг ўз муаммоли вазиятларига муносиб ечим тополмай давлат идоралари орасида сарсон бўлишига олиб келмоқда.

Жиноят кодексининг 8-моддасида одиллик принципи сифатида ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Аммо, “Ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас”лиги тўғрисидаги норманинг асосий қомусимизда бўлмаслиги – бу қонунчилигимиздаги бўшлиқ ҳисобланади. Конституциявий бўшлиқ бошқа қонун ҳужжатларига кескин таъсир этади. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда айнан бундай аниқ нормалар мавжуд эмас. Агар бу норма Конституцияда бўлганида эди, жазо тайинлашда унга таяниш мумкин бўлган бўларди. Ваҳоланки, аслида, бу норма принципиал норма сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топиши лозим эди.

Конституциявий комиссиянинг йиғилиши Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан тавсия этилган ушбу таклифнинг Комиссия аъзолари томонидан маъқулланишини жамиятда Конституция ва қонунлар устуворлиги тарафдори сифатида “Адолат” социал-демократик партияси тўла қўллаб-қувватлайди.

Бундай принципиал ва халқаро умумэътироф этилган нормаларнинг Бош қонунимизда мавжуд бўлиши инсон ҳуқуқларини таъминлашда алоҳида ва қатъий аҳамият касб этади. Зеро, Конституция устуворлиги жамиятда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Абдукамол Рахмонов,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+