Биз илм-фанга интилган миллат авлодларимиз

01.10.2020 23:10:55

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев устоз ва мураббийлар байрамига бағишланган тантанали тадбирда нутқ сўзлади. Ушбу нутқ мурожаатнома тарзида йўлланган бўлиб, унда янгиланаётган Ўзбекистон давлатида Учинчи Ренессансга пойдевор яратиш масала илгари сурилди.

Мурожаат чоғида “Янги Ўзбекистон мактабдан бошланади!” деган илҳомбахш шиор янгради. Ушбу чақириқнинг тагида улуғ ҳикмат бор, албатта. Бинобарин, “Биз маърифат борасида “илиги тўқ” халқмиз. Илм-фанга интилиш бизнинг қонимизда, бугунги тил билан айтганда, генимизда бор”, - деди президент ўз нутқида.

Дарҳақиқат, бугунги кунда бутун жаҳонда энг қимматбаҳо маҳсулот билим эканини назарда тутадиган бўлсак, биз ўз эътиборимизни илму-маърифатли ёш кадрларни тайёрлаш устида тизимли ва самарали иш олиб боришга қаратишимиз зарур. Бунинг учун амалга ошириш керак бўлган ишчан механизм давлатимиз раҳбарининг нутқида ўз аксини топди.

Албатта, биз аввал ҳам таълим-тарбия масаласига катта эътибор қаратганмиз. Бунда ўқитувчининг ўз устида ишлаши, мунтазам равишда малака ошириши, замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиши кераклиги белгилаб қўйилган эди. Табиийки, бу жараёнда тизимдаги асосий юк ўқитувчининг зиммасига тушар эди. Ушбу залворли юк кўплаб педагог кадрларнинг таълим соҳасидан кетиб қолишига сабаб бўлганини тан олишимиз керак.

Давлатимиз раҳбарининг нутқида белгилаб берилган эндиги вазифалар таълим соҳасида умумий атмосферани юксалтириш, қулай ишчанлик муҳитини яратишга қаратилди.

Жумладан, президент Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигига бир ой муддатда Ўзбекистонда илм-фан соҳаларини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берди. Бунда илм-фаннинг ривожланишига қаратилган истиқболли грант ишларига ёш олимларни ва талабаларни ҳам жалб этиш назарда тутилган.

“Ўқитувчиларни бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим”, - деди давлат раҳбари ўз нутқида. Дарҳақиқат, педагогларнинг ўз иши бир четда қолиб, пахта йиғим терими, атроф-муҳитни ахлатдан тозалаш ишларига асоссиз равишда жалб этилиши кўп йиллар давом этди. Бу борада ўқитувчининг қадр-қиммати ва шаъни ҳеч кимни қизиқтирмай қўйган эди.

Эндиликда ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётдаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф этилди. Ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши, жумладан, мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми аниқ белгиланиши лозим экани алоҳида таъкидланди.

“Мактаб директорлигини энг яхши 5 йиллик ривожлантириш дастурига эга номзодлар эгаллаши керак”, - деди президент ўз нутқида. Дарҳақиқат, ҳар бир раҳбар ўз меҳнат фаолиятини бошлашдан аввал олдига муайян мақсадли дастур тузиб олиши шарт. Ушбу дастурда белгиланган вазифалар, аввалам бор, таълим соҳасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиши, унда бошқарувга хос самарадор усулларнинг қўлланиши, кадрлар билан ишлашдаги маҳорат даражаси, узоқни кўзлайдиган режаларни амалга оширишда ижобий натижадорликка эришиш йўллари ўз  ифодасини топиши жоиз. Шу билан бирга, мактаб директорлигига тайинланадиган номзод муайян танловдан ўтиши мақсадга мувофиқдир.

Бу борада, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида бошқарув кадрлари билан ишлашга асосланган махсус кенгаш тузилиши керак. Ушбу кенгаш мактаб директорлигига тавсия этилган номзодларни синовдан ўтказибгина қолмай,  балки, ушбу номзодга ўзининг тавсиялари билан кўмак бериши фойдали бўлади. Шу билан бирга, ушбу кенгашнинг мактаб директорлари билан мунтазам равишда ҳамкорлик олиб бориши тавсия этилади.

Давлат раҳбари ўз нутқида синф раҳбари учун қўшимча тўлов 2020 йил 1 октябрдан 1,5 бараварга оширилиши ва бу мақсадда 400 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилишини маълум қилди. Бу эса, “Устоз ота каби улуғ” деган ҳикматли нақлни қоғозда эмас, амалда қарор топтирадиган, ўқитувчи-муаллимнинг қадр-қимматини жойига қўядиган пайт келганининг амалий ифодасини англатди.

Президент сўнгги тўрт йилда мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши бир ярим баробар кўпайтирилгани, давлат мукофотлари билан тақдирланаётган устозлар сони ошиб бораётгани, ўқитувчи тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилганини қайд этиб ўтди.

Давлат раҳбарининг нутқида таълим соҳасининг беш устунини алоҳида келтирилди. Булар: мактабгача таълим тарбиячилари, мактаб ўқитувчилари, профессор-ўқитувчилар, илмий-ижодий зиёлилар ҳамда ота-оналардир.

Дарҳақиқат, шу пайтгача боланинг таълим олишида педагогнинг жавобгарлиги ҳақида кўп гапирилар эди. Бундай ҳолатларда ота-оналар негадир ўз зиммасидаги юкни ўқитувчининг гарданига юклашни афзал биларди.

Эндиликда ота-оналарнинг таълим-тарбия соҳасидаги муҳим ўрни аниқ белгиланди. Зеро, таълим муассасасида олиб борилаётган тарбиявий жараён уйда ота-оналар иштирокида давом этиши керак. Ўз ўрнида, ота-оналар ҳам фарзандининг таълим олишида бевосита қатнашиши, таъбир жоиз бўлса, бирга ўқиши ва таълим олиши зарур, дея белгиланди.

Президент парламент аъзоларидан маҳаллий кенгашларнинг мактаблар билан ишлаш тизимини алоҳида назоратга олиб, ушбу жараёнларга яқиндан кўмак беришларини сўради ва Олий Мажлис палаталари икки ой муддатда умумтаълим мактаблари билан ишлашни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича зарур вазифаларни белгилаб берди.

Учинчи Ренессансга пойдевор қўяр эканмиз, авваламбор, жадид боболаримиз белгилаб берган илму маърифат йўлидан бораётганимиз уларнинг руҳини шод этади, дея баралла айтиш мумкин. Зеро, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов сингари маърифатпарварлар бошлаб берган, аммо охирига ета олмаган улуғ мақсадга эришиш бахти бизга насиб этгусидир.

 

Ойдин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+