Чиқинди – кони зарар  қайта ишланса, катта бойлик

05.02.2022 09:02:58

      Бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндилари  йилдан йилга кўпайиб бораяпти. Айниқса, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб маиший чиқиндилар ҳажмини экологик барқарорликка жуда катта салбий таъсир кўрсата бошлаган.  

     Дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига 1 фоиздан ошмоқда. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг мингга яқин  тури қайд этилган бўлиб, улар сонининг келгусида яна ҳам ортиши башорат қилинмоқда.

    Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манба ҳисобланади.

    Айтиш жоизки, атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларидан муҳофаза қилиш табиий ресурсларидан  оқилона фойдаланиш экологик тоза технологияларни амалиётга татбиқ этиш муаммолари билан узвий боғлиқдир. Кўп асрлар давомида чиқиндиларни нотўғри бошқариш табиий ресурсларнинг ўзгаришига, табиатнинг   кутилмаган ўзгаришларига сабаб бўлмоқда.

     Тиббиёт чиқиндилари атроф-муҳит ва унинг деярли барча элементлари  - сув, ҳаво, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши сабабли аҳоли  орасида нафақат тўғридан-тўғри, балки, билвосита инфекцион ва ноинфекцион касалликларнинг тарқалиши хавфини туғдиради. Шунинг учун мазкур муаммога жиддий  ёндошишни тақозо этилмоқда.

   Шуни таъкидлаш жоизки, бу чиқиндиларнинг 80 фоизини органик моддалар ташкил қилади ва уларни қайта ишлаш натижасида катта миқдоридаги энергия ва энергия ташувчиларни ишлаб чиқариш мумкин.

   Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шимолий Европа аллақачон чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилган натижада қоғоз, пластик, алюминиий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади. Бу жараённинг экомуҳитга ижобий таъсири жуда катта. Чиқиндиларни қайта ишлаш энергия ва хомашёни сезиларли даражада тежайди.

     Статистик маълумотларга кўра, Японияда, резина ва кабель буюмларнинг 34 фоизи, шиша буюмларининг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини қайта ишлаш эвазига олинаркан. Бу борада   Хитой тажрибаси янада ҳайратланарли. Улар алюминий, темир, мис каби металлардан ясалган буюмларнинг 33 фоизини, жун, ипак, чарм-атторлик буюмларнинг 34 фоизини турли турли чиқиндиларни қайта ишлашдан олади.

     Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил сиёсат юритилмоқда. 

      Жорий йилнинг 2 февраль куни Президентимиз ўтказган видеоселекторда “Чиқинди корхоналари негизида ҳар бир вилоятда 1 тадан тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш маркази ташкил этилади”-  деди.

     Йиғилишда Тошкент шаҳридаги «Махсустранс» корхонасининг трансформация жараёнларини якунлаб, унинг негизида хусусий шерикчилик корхонасини ташкил этиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

      Умуман, маиший чиқиндига тўлов йиғишнинг амалдаги тизими самарасиз эканлиги таъкидланиб, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда маиший чиқиндиларга тўловларни ундиришнинг мутлақо янги тизимини яратиш вазифаси қўйилди.

      Шунингдек, органик, қурилиш, тиббиёт чиқиндиларини йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг хавфсиз тизимини яратиш кераклиги, шу муносабат билан 1 июлга қадар чиқинди корхоналари негизида ҳар бир вилоятда 1 тадан тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш марказини ташкил этиш вазифаси топширилди.

    Чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва худудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш бўйича устувор вазифалари этиб:

   - жорий йилда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга, хусусий сектор улушини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун:

    - импорт қилинадиган махсус техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йилга озод этилади;

    -саралаш ва қайта ишлаш техникаси хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади  ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб қоплаб берилади;

Чиқиндини қайта ишлашга қодир кластерга  ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади;

       -кластерларни ташкил этиш тартиби қайта кўриб чиқилади, уларга ўз худудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоиз олиб 

чиқиш талаби қўйилади;

       1 мартга қадар 51 туман ва шаҳарда хусусий шерикчилик асосида жами 38 та корхона ташкил этиш бўйича танловлар бошланади, йил якунига қадар ушбу худудлар учун  500 та махсус транспорт харид қилинади;

       1 октябрга қадар ижтимоий муассасалар ва бозорларга 8 мингта, келгуси йил 1 майга қадар 11 мингта контейнер ўрнатилади.

     БУНДАН ТАШҚАРИ:

    - хорижий эксперларни жалб қилиб, маиший чиқиндиларга  тўловларни ундиришнинг мутлақо янги тизими яратилади;

   - органик, қурилиш ва тиббиёт чиқиндиларини йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг хавфсиз тизими ишлаб чиқилади ҳамда 1 июлга қадар  чиқинди корхоналари негизида ҳар бир вилоятда 1 тадан  тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш маркази ташкил этилади.

      Ишлаб чиқариш соҳаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори камаяди, оқава сувларни ташланиши камаяди.

      Мазкур йиғилишда берилган топшириқлар чиқиндилар бўйича муаммоларни ҳал этишда амалга ошириладиган ишларнинг мувофиқлаштиришнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда асосий эътибор аввало, чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини  ва ҳаракатлар самарадорлигини оширишга ва уларни қисқартиришга, имкон даражасида улардан қайта фойдаланиш ҳамда иккиламчи қайта ишлашга қаратилган.

     Кўрилаётган чора тадбирлар чиқиндилар билан бирга, қимматли модда ва материалларнинг йўқ бўлиб кетишига  йўл қўймаслик, атроф-муҳитнинг токсик саноат ва тиббиёт чиқиндилари билан ифлосланишини олдини олиш, қаттиқ ва маиший чиқиндиларнинг йиғилиши, зарарсизлантирилиш муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган.

     Мамлакатимизда экологик маданият ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида катта имкониятлар мавжуд. Анъанавий энергия манбалари қатори табиат инъоми қайта тикланувчи муқобил энергия – қуёш нури, сув, шамол, биомасса манбаларидан фойдаланиш борасида қатор лойиҳалар татбиқ этилаётир.  Мутахассислар айни пайтда арзон ва мақбул бўлган кичик-кичик ГЭСлар қуриш, биомассадан биогаз, биоўғит олиш фойдадан ҳоли эмаслигини таъкидлашмоқда.

      Жумладан, мен ҳам муаллиф сифатида ушбу имкониятларни чуқур ўрганиб чиқиб, “Муқобил энергия - ҳаётга”, “Муқобил энергия - фаровон турмуш омили”, “Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва унинг иқтисодий истиқболлари” ва “Ўзбекистонда биоэнергетиканинг инновацион ривожланиши” китобларимда асослаб, фермерлар, тадбиркорлар ва хонадонлар учун ҳавола этдим (интернет сайтларида танишиш мумкин). Шунингдек,  илмий журналларда 30 га ва бошқа ОАВларида 50 га яқин мақолаларим эълон қилинди. Радио ва телевидениеда чиқишлар орқали оммалаштиришда фаол қатнашдим.  

      Шу билан бирга, чиқиндидан биогаз олиш қурилмасини хонадон учун ва заводда йирик ҳажмлиси ишлаб чиқариб, “намойиш” вариантини яратишда ва кенг оммалашишини тарғиб қилинишига Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг қошида “Истеъдод” клуби ва “Инновация ва муқобил энергетика тарғиботи маркази ва  партиямизнинг ғояси сифатида чиқиндини қайта ишлаш бўйича биогаз  қурилмасининг намойиш варианти, кўргазмаси  ва ишлаб, энергия олиш, қурилмасини ишлаб чиқаришга жорий этишгача бўлган тарғибот-ташвиқот  ва амалий фаолият йўлга қўйилди.

     Натижада,  тадбиркор билан ҳамкорликда “Ихлос бизнес барака”  ва “Экоравнақ” МЧЖларга ташкил этилди ва уларнинг фаолятига амалий ёрдам берилди. Улар томонидан республикамиз вилоятларида катта-кичик ҳажмли биогаз қурилмалари хонадонларга ва фермерлар ҳамда корхоналарнинг ёрдамчи хўжаликларига қуриб берилди. Шу билан бирга мутахассислар хориж тажрибаларини ўрганиб, ҳозирги кунда Самарқанд ва Тошкент вилоятларида биогаз қурилмаларини катта-кичик ҳажмлиси қурилмалари ишга туширилиши ишлар олиб борилмоқда.

    Шуни таъкидлаш мумкинки, чиқиндидан республикамизда йилига 9 миллиард кубометр биогаз ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Ушбу технология йилига 7-11 миллион тонна карбонат ангидрид газини қисқартириб, 14 миллион тоннадан ортиқ биоўғит ишлаб чиқариш имконини беради.

    Давлат раҳбарининг  2022 йилни Ўзбекистонда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилиши юртимиз аҳолисини экологик маданият ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда юксак маъсулиятли вазифаларни амалга оширишга ундайди. Ҳар бир ўзбек оиласи ўз хонадони, уйи, атроф-муҳитни саранжом-саришта тутиши, ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларига эътиборни кучайтириши табиий.

     Экологик муаммолар чегара билмайди. Табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан  оқилона фойдаланиш ҳар бир инсоннинг энг муҳим бурчига амалда айланмагунча, экологик масалаларга ечим топиш мушкул эди. Мана энди, кейинги йиллардаги табиатдаги кескин ўзгаришлари уни асрашга эътиборни янада кучайтириш, омма эътиборини экологик муаммоларга қаратиш, инсонларнинг экологик билим ва маданиятини бойитиш, уларнинг экологик тафаккурини, онгини янада юксалтириш мақсадида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, уларни изчил ва самарали тарзда амалга оширишни тақозо этмоқда. Унга аниқ ечимлар Президентимизнинг видеоселектор йиғилишида кўрсатиб берилди ва тегишли топшириқлар берилди.

     Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизматининг маълумотига кўра, Тараққиёт стратегияси Давлат Дастурига мувофиқ:

      2026 йилга бориб юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 8 000 МВтга етказилади;

      2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 млрд куб метр табиий газни тежашни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси тайёрланади. Унда:

     Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Унга кўра:

  1. Умумий қуввати 4 000 МВт бўлган 8 та шамол электр станцияси қурилади. Жумладан:

     ▪️2023-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1 600 МВт бўлган 4 та;

     ▪️2025-2026 йилларда Республика бўйлаб умумий қуввати 2 400 МВт бўлган 4 та шамол электр станциялари ишга туширилади.

  1. Умумий қуввати 4 000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади. Жумладан:

     ▪️2023 йилда Навоий, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 1 100 МВт бўлган 4 та;

     ▪️2024 йилда Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида умумий қуввати 900 МВт бўлган 5 та;

     ▪️2025-2026 йилларда Республика бўйлаб жами қуввати 1 800 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.

     ▪️2030 йилга қадар қуввати 1 МВтгача бўлган кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳажми 1 000 МВтга етказилади.

  1. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини бошқариш тизими ривожлантирилади (@prminenergy).

    Юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширилиши халқимиз фаровонлигига хизмат қилади. Бу партиямизнинг сайловолди дастурига ҳамоҳанг. Ундан руҳланган партиядошларимиз ҳам унинг ижросида, фаолллик кўрсатиши, фуқароларда  табиатга муҳаббат, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш туйғусини шакллантиришда оилавий қадриятларнинг, оилада берилган тарбиянинг ўрни муҳимлигини изчил тушунтириш ишлар олиб боришга тўғри келади.

     Бунда атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларидан муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик тоза технологияларни амалиётга татбиқ этиш муаммолари билан узвий боғлиқликлигига, у кўп асрлар давомида чиқиндиларни нотўғри бошқариш табиий ресурсларнинг ўзгаришига, табиатнинг кутилмаган ўзгаришларига сабаб бўлаётганига эътиборни қаратиш лозим.

 

Камалжон ШОДИМЕТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси,

И.ф.н. Халқаро инсон ва табиат хавфсизлиги

фанлари Академияси ҳақиқий аъзоси, академик

 “Инновация ва муқобил энергетика тарғиботи маркази” раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+