Давлат ва халқ якдиллиги ҳар қачонгидан муҳим

19.03.2021 12:03:19

Давлатимиз раҳбарининг  Тошкент вилоятига ташрифини ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали диққат билан кузатиб бормоқдамиз.

Дастлаб, Президентимиз Чиноз туманида сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Бунинг боиси бор, албатта! Зеро кейинги пайтда иқлим ўзгаришлари туфайли сув ресурсларида тақчиллик кучаётганлиги сир эмас. Бу Марказий Осиё каби Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор талаб қилинадиган долзарб масала. Президентимиз сувни тежаш, унинг аниқ ҳисобини юритиш ва самарали фойдаланиш зарурлигини доим таъкидлаб келади.

Жорий йил 24 февралда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг уч йиллик стратегияси қабул қилинганлиги ҳам бу масаланинг нечоғли муҳим эканлигини англатади. Унда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни кенгайтириш ва давлат томонидан рағбатлантириб бориш, бу соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Чиноз тумани Янгиобод қишлоғидаги 850 гектар қайта ўзлаштирилган ер ана шундай чора-тадбирлар натижасидир. Келгусида томчилатиб суғориш орқали бу ернинг 702 гектарига пахта ва 158 гектарига полиз маҳсулотлари экилади. Шу билан бирга янги иш ўринлари яралади, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги масаласи ижобий ҳал этилади.

Президентимиз Тошкент вилоятида барча соҳаларда кейинги пайтда амалга оширилган ишлар натижаси билан танишиш жараёнида келгуси режалар бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берди.

“Худо хоҳласа, яна 10 йилларда аҳолиси 40 миллион кишидан ошган катта давлатга айланамиз. Ўша пайтда биз қанчалик қудратли бўлишимиз устида ҳозирдан ишлашимиз керак”, деб таъкидлади ташриф давомида Президент.

Демак, ушбу жараёнда давлат ва халқнинг якдиллиги ҳар доимгидан-да муҳимлиги, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Қарс икки қўлдан чиқиши” бизга боғлиқлигини ҳис қилмоқдамиз. Яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиб, халқимиз ва юртимиз салоҳиятини дунёга намойиш қилишимиз ҳам ўзимизга боғлиқ.

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+