Дунёга чалинган бонг

30.09.2020 13:09:39

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75 сессиясида сўзлаган нутқи тарихда илк бора соф ўзбек тилида янгради ва ҳақли равишда бутун ўзбек халқига чексиз ғурур ва ифтихор бахш этди.

Дастлаб Президентимиз сессия иштирокчилари диққат-эътиборини дунёда рўй бериб турган глобал фалокат – пандемия шароити ва унинг оғир оқибатларига қаратар экан, айни шу йўл орқали ер юзидаги барча давлатлар ва халқларни  ўзаро ҳамжихатликка, бирдамлиликка, мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорликка чорлади. Шунингдек ўзбек халқи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш тарфдори эканини билдирди ва ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш воситасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари дунё жамоатчилиги олдида Янги Ўзбекистон жамияти шаклланаётганини  баралла  айтди ва мамлакатда бундан буён ортга қайтмайдиган демократик ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлади.

Бу таъкид шууримга жуда катта ифтихор туйғусини олиб кирди. Зотан, ҳақиқатдан ҳам охирги йиллар мамлакатимизда фикрлар эркинлиги, плюрализм, том маънодаги демократия белгилари пайдо бўлганлигини кўрсатди. Боз устига жамиятимизда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация кўламлари кенгайди. Сайловлар, уларда қатнашган партиялар, номзодлик институтларининг шаффоф рангларда шаклланиши, гендер тенглик сиёсатининг аниқ кўламда юзага келиши, бунинг таъсирида хотин-қизлар фаоллигининг ошиши, шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолатларнинг тубдан ўзгарганлиги, яъни инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Дарвоқе, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилганини ҳам алоҳида таъкидладики, бу узоқ йиллар мобайнида айни шу хусусидаги муаммолар гирдобида қолган ана шунча фуқаро, жуда катта ташвиш ботқоғидан халос бўлганлигини англатади.

Албатта, айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг дунёнинг бундай нуфузли аренасидан туриб, мамлакатимизда рўй бераётган демократик очиқликлар хусусида алоҳида алоҳида тўхталишининг муҳим маъно ва мазмуни бор: бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги ўзбекистонликлар, кечаги ўзбекистонликлар эмас. Буни дунё билиши, хис этиши лозим. Биз энди дунё билан ҳар қачонгидан кўра яқинроқ мулоқотда бўлишга, глобал масалар доирасидаги муаммоларни бўлишишга, уларнинг ечимида қатнашишга тайёрлигимизни билиши зарур.

“Биз коррупцияга муросасизмиз. Биз камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қарорга эгамиз ва уни очиқ ифодалаймиз. Биз ёшларни қўллаб-қуватлаймиз. Уларни жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур бўлган саъй-ҳаракатдан чарчамаймиз. Ва биз Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича ўз ташаббусимизга эгамиз”.

Бу каби қайдлар давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқидаги асосий мазмунни ташкил этди ва бу борадаги хоҳиш иродаларимиз БМТ томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирди. Айни вақтда  Марказий Осиё минтақасидаги ўзгаришларга тўхталган Президентимиз биз шу яқин йиллар ичида ўз қўшниларимиз билан, қардош дўстларимиз билан аҳилликда яшай олаётганимизни, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эриша олаётганимизни таъкидлаб, бу борада ҳам минтақавий масалани, яъни глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашни илгари сурди.

Дарҳақиқат, минтақамиздаги давлатларнинг истиқболдаги тараққиёти муҳтарам Президентимиз БМТ аренасида таъкидлаган баайни ана шу масалани ижобий ечимига боғлиқ.

Мен шу ўринда Президентимиз нутқидан кенг ўрин олган Афғонистон  масаласини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Давлатимиз раҳбари бу борада ҳам расмий Ўзбекистон бир қатор истиқболли лойиҳалар –  “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш тармоғини ҳамда  Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини айтиб ўтаркан, бундай саъй-ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиб қолишига умид билдирди ва таъкидладики, “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир. Шу боисдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим”, деди Президентимиз.

Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг глобал иқлим ўзгаришлар масаласидаги Марказий Осиё тараққиётига  катта хавф солиб турган Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатлари хусусида билдирган фикрлари, хусусан, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган жуда катта форматдаги ишларнинг ижроси тўғрисидаги таъкидлар, келтирилган далилалар ўйлайманки, дунё жамоатчилигини, айниқса, мазкур сессия ишида қатнашган давлат раҳбарларини бефарқ қолдиргани йўқ.

Дарвоқе, давлатимиз раҳбари ўз нутқининг паёнида дунёда сақланиб қолаётган қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини ўртага ташлади  ва "Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур”, деган ҳақли бонг қўнғироғини чалди. Шунингдек,  қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси мавзусига айлантириш таклифини айтди.

Кўриниб турибдики, расмий Ўзбекистон, хусусан, унинг давлат раҳбари илгари сурган ҳар бир масала глобал аҳамиятлилиги билан алоҳида аҳамият касб этди ва Ўзбекистон раҳбари кўтарган мазкур масалалар БМТнинг қатъий диққат этиборига мушарраф кўрилади.

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

“Адолат” СДП Наманган шаҳар

Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+