Эътироф ва эҳтиромдасиз

04.10.2020 15:10:08

Мамлакатимизда миллий ва касб байрамлари ўзгача кайфият, кўтаринки руҳда нишонланади. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни эса нафақат илм аҳли балки зиё қалбини ёритган ҳар бир инсон учун чинакам эҳтиром тадбирига айланади.
Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган байрам тадбирида давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари иштирок этиб, ўқитувчи ва мураббийларга ўз ҳурматини изҳор этдилар.
“Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз” – деди Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида.
Устозни биз қалб меъморига қиёслаймиз ва бежизга эмас, албатта. У меҳр булоғи, таянч ва суянч бўла оладиган, билимлари билан ўртоқлашиб, эртамиз эгаларини қалбан ва руҳан улғайтирадиган азиз инсон. Илк бора мактаб остонасига қадам қўйган ёки қизиқиш билан ўрганиш иштиёқида спорт залига кириб келган келажак ворисларига йўл кўрсатади. Уларни қўллаб-қувватлайди. Таълимни тарбиядан ажратмаган ҳолда кези келса ғамхўрлик қилади. Шогирдлар етиштириб, минглаб хонадонларга эзгулик, хурсандчилик улашган, ўқувчисида биргина ўзгариш ва иқтидорни кўрса, ўз яқинидек севинадиган, уни қўллаб-қувватлаб, янада юксакларга интилишини таъмин этадиган таълим фидойилари миллионлаб. Уларнинг ҳар бири эҳтиромга лойиқ, меҳнатлари таҳсинга сазовор. Давлатимиз раҳбари буни эътироф этган ҳолда миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган, маърифатпарвар Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар қори Абдурашидхоновни “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирладилар. Тараққийпарвар аждодларимизга ҳурмат кўрсатдилар.
Бугунги кунда яратилган миллий таълим тизими жадидчилик намоёндалари бўлган аждодларимизнинг ғоялари, ҳур фикрлари билан суғорилгани бежизга эмас. Халқ намояндалари анъанавий таълим билан биргаликда янги усулдаги замонавий илм-фан ютуқларини ҳам маорифга жорий этилишига тамал тоши қўйганлар. Ҳар бир чиқишларида буни бот-бот таъкидлаб, инсонлар онгу тафаккурига сингдириб борганлар.
Беҳбудий ўзининг деярли барча ижтимоий-сиёсий, илмий, диний-маърифий чиқишлари, китоблар, дарсликлари, мақолаларида миллатни, айниқса, ёшларни янги, замонавий илмларни эгаллашга ундайди. Мунаввар қори Абдурашидхонов “Бизни жаҳолат – жаҳли мураккаб” мақоласида куюнчаклик билан таълимнинг аҳамиятини тушунтиришга, миллат, мамлакат ривожига илм орқалигина эришиш мумкинлигини таъкидлайди. “Эй қардошлар ва эй миллатдошлар!! Кўзумизни ғафлат уйқусидин очиб атрофимизга назар солмакимиз лозимдур. Ҳар миллат ўз саодати, ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмоғиға қаноат ҳосил қилуб, илм ва маорифға ортуқ даражада кўшиш қилғон бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб, ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда шубҳа йўқдур.” (“Тараққий” газетаси, 1906 й. 14 июнь.)
Устоз ва мураббийларнинг меҳнатлари, саъй-ҳаракатларини бугун жаҳон аренасида юртимиз байроғини баланд кўтариб, фан олимпиадаларида юксак ўринларни эгаллаган минглаб шогирдлари, ўқувчилари сиймосида кўришимиз мумкин. Шундай қадди баланд ёшларни етиштирган ва мамлакат таянчи ва суянчига айлантирган касб фидойилари эса доимо давлатимиз ардоғидадир.


Камола ПОЛВОНОВА,
“Адолат” СДП Фарғона вилоят
Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+