Глобал диалог - Янги Ренессанс сари

24.09.2020 14:09:29

 

Глобал пандемия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) фаолиятига ҳам ўз ҳукмини ўтказди. БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ташкилот тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтмоқда.

Мазкур анжуманда янги шаклда сўзга чиқаётган ҳар бир давлат арбоби глобализация шароитида ривожланган дунёда БМТнинг халқаро тинчлик  ва хавфсизлик таъминлаш, барқарор ривожланиш ва тараққиётни илгари суриш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халаро ҳуқуқ учун замин яратиш, гуманитар ёрдамни етказиб бериш каби йўналишлардаги фаолиятга алоҳида тўхталиб, ташкилотнинг миллатлар тотувлиги, давлатлар ҳамжиҳатлигини таъминлаш, янги урушларнинг олдини олишдаги самарали фаолиятига  ижобий баҳо бердилар.

Ўзбекистон ҳам БМТнинг бугунги анжуманига жиддий тайёргарлик кўрди. Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилишнинг мустақил тизимини яратиш, инсон ҳуқуқларига оид таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида Миллий стратегияни ишлаб чиқди.

Бугунги кунда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга ошаётган ўзгаришлар Ўзбекистон тараққиётида янги “Ренессанс”, яъни уйғониш босқичини бошлаб берди, деб айтсак муболаға бўлмайди. Ана шу жараёнларнинг таркибий қисми сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини янги босқичга, инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш босқичига ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеянинг 75-сессияси ишида ўзбек тилида қилган нутқи мамлакатимизнинг эътирофи ва эътиборидир.

Шавкат Мирзиёев сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди. Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Шунингдек, муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур нутқининг эътиборли жиҳати, Президент минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Президент Ш.Мирзиёев ўзининг видеомурожаатида “адолатли глобал тизимни биргаликда яратишга” алоҳида эътибор қаратар экан, давлатлар ўз мажбуриятларини аниқ билишлари ва бажаришлари учун Халқаро кодексни ишлаб чиқиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун махсус резолюция қабул қилишни, транспорт тармоқларини ривожлантиришга халқаро инфратузилмани киритиш мақсадида БМТ шафелигида транспорт коммуникацияси минтақавий марказини ташкил этиш, Афғонистон муаммосини бартараф этиш мақсадида афғон халқининг дарду ҳасратини тинглайдиган, ўрганадиган, амалий ёрдам бера оладиган БМТ ҳузурида доимий фаолият олиб борадиган Қўмитани тузиш, глобал экологик вазиятни инобатга олган ҳолда махсус резолюция қабул қилиш каби бетакрор ғояларни илгари сурди. 

Таъкидлаш жоизки, Шавкат Мирзиёев биринчи марта 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқ сўзлаган, ўшанда ҳам қатор муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазаларини баён этган эди.

Хусусан, Президент дунё ҳамжамияти эътиборини энг ўткир экологик муаммоларидан бири — Орол ҳалокатига, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш зарурлигини таъкидлаган, кенг жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш муҳимлигига урғу берган эди.

Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилаётганлиги, бугунги нутқда илгари сурилган залворли ташаббуслар реал мақсадларга, амалий ҳаракатлар дастурига, йўл хариталарига, нуфузли минбардан янграган ҳар бир янгилик ўзининг қийматига эга эканлиги билан ажралиб турмоқда.

Зеро, Ўзбекистон Янги Ренессанс даври сари ўзининг имкониятларини, салоҳиятини, мақсадларини, режаларини, мажбуриятини ўз ҳалқи ва дунё давлатлари олдида белгилаб олганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+