Ҳалоллик вакцинаси тараққиёт учун муҳим

02.03.2022 11:03:40

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Ҳалоллик вакцинаси-тараққиёт гарови” мавзусида бўлиб ўтган конференцияда вилоят студиясида иштирок этиб, маърузачиларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладик. Жуда яхши таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан ҳам суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланган бўлиб, бунда ҳудудда коррупцияга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мазкур соҳада фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан идоралараро ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш, вилоят ҳудудида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишлар ҳолатини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчилик кўмагида комплекс ўрганиш, жойларда ҳусусан, олий таълим, тиббиёт ва қурилиш соҳаларида “коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тизимли равишда амалиётга тадбиқ этиш, кейинчалик эса бошқа соҳаларда ҳам ушбу лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этилишини йўлга қўйиш каби масалаларга эътибор қаратилмоқда. 

Хусусан, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва савияларини ошириш, ҳар қандай қонунбузарликка қатъиян қарши бўлиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида 2021 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даври давомида 554 та маҳалла фуқаролар йиғинида, 602 та умумтаълим мактабларида, 4 та олий таълим муассасаларида учрашувлар ташкил этилди.

Самарқанд вилоят прокуратураси, Коррупцияга қарши кураш бўйича  идоралараро, вилоят адлия бўлими, маҳалла жамоат фонди ҳамкорлигида  мазкур йўналишлар асосида маҳалла фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида, жумладан,  Самарқанд ветеренария медицинаси институти, Самарқанд Давлат Университети, Самарқанд архитектура ва қурилиш институти, Самарқанд давлат чет тиллар институтида “Коррупция – тараққиёт кушандаси”, “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Коррупцияга қарши биргаликда курашайлик”, “Коррупциясиз таълим” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. Жорий йилнинг 9 февраль куни Самарқанд ветеренария медицинаси институтида “Суд-ҳуқуқ   соҳасидаги ислоҳатлар – қонун устуворлиги гарови” мавзусида фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича судларнинг судялари, ички ишлар, прокуратура ходимлари ҳамкорлигида видеоконференция ўтказилди. Ушбу конференцияда соҳа мутахассислари томонидан қатор таклифлар берилди. Хусусан, умумтаълим мактабларида ҳуқуқ-тартибот органлари мутахассислари томонидан “Тарбия” дарсларини ўтказиш, “Ёш ҳуқуқшунослар” тўгаракларини ташкил этиш, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Ота-оналар университети” йўналишида белгиланган ўқувларда судялар, прокуратура ва ички ишлар ходимларини жалб қилиш, маҳаллаларда ҳуқуқшунос штатини ташкил этиш, шаҳардаги ЛЭД экранларда коррупцияга оид видеороликларни айлантириш каби таклифлар берилди. Самарқанд Олимпия заҳиралари спорт коллежида “Ёшларда коррупцияга қарши курашиш, фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантириш ҳамда Конституция менинг тақдиримда” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.  Ушбу давра суҳбатларида коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиши, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши, ҳаёт сифатини ёмонлаштириши, миллий хавфсизликка таҳдид солиши хусусида талабаларга тушунчалар берилиб, ушбу масала юзасидан тегишли мутахассислар томонидан аниқ таклифлар берилди.

Ҳудудда фаолият кўрсатаётган Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва унинг таркибадаги 12 та оилавий поликлиникалар ва бошқа тиббиёт муассасаларида тиббиётни коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш юзасидан ишлаб чиқилган “коррупциясиз тиббиёт” лойиҳаларини мазмун моҳияти ва унинг амалиётдаги ўрни нечоғлик муҳим эканлиги юзасидан тиббиёт ходимлари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, мазкур лойиҳа юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган келгусидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Самарқанд шаҳар кўп тармоқли поликлиникада “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида тиббиёт ходимлари билан учрашув ўтказилди.  Аҳоли ўртасида “Биз коррупцияга қаршимиз” лойиҳаси доирасида ижтимоий сўров ўтказилди. Ижтимоий сўровда фуқаролар томонидан жамиятда коррупциянинг тарқалганлик даражасига берилган баҳо, қайси соҳаларда коррупция кўпроқ тарқалгани, фуқароларнинг коррупциянинг сабаблари ва омиллари тўғрисидаги фикри, фуқаролар коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги қарашлари ҳақида маълумотлар тўпланди ва шу асосида видеороликлар тайёрланди. Сўровлар натижаларининг комплекс таҳлили шуни кўрсатдики, фуқароларимиз давлат, унинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ҳамда бошқарув ва назорат идоралари фақат жамият ва унинг фуқаровий тузилмалари билан яқин ҳамкорликда ҳамда уларнинг бевосита ва фаол ёрдамидагина коррупцияга қарши самарали курашиши мумкинлигини янада кўпроқ англамоқдалар. Барча ёшлардаги сўров иштирокчиларининг кўпчилиги, ёшлар, эркаклар ва аёллар коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқарога дахлдор умумхалқ иши эканлигини таъкидлаб, бу борада бутун жамиятнинг иштироки зарурлиги ҳақидаги фикрга кўпроқ таянадилар. Сўровнома натижаларига қарайдиган бўлсак, аҳолида жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг турли кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича янада фаол иш олиб бориш зарурлигидан далолат беради.  

Шу билан бир қаторда, ҳар чоракда коррупцияга оид ва бошқа жиноятчиликка қарши курашиш, уни олдини олиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича шаҳар прокурори ва ички ишлар бошқарма бошлиғининг, шаҳар судлари томонидан одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлари юзасидан фуқаролик, маъмурий, иқтисодий, жиноий ишлар бўйича суд раисларининг, шаҳар ҳудудидаги давлат бошқарув органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳаси бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати юзасидан адлия бўлими бошлиғининг ҳисоботлари доимий комиссия йиғилишларида ва Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессияларида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Аҳоли ўртасида коррупциянинг хавф-хатарлари, унинг оқибатлари, тараққиёт кушандаси эканлигини, фуқароларнинг коррупцион ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймасликларини тарғиб қилиш мақсадида шаҳарнинг серқатнов, аҳоли гавжум жойларида тарғибот баннерлари ўрнатилди.

 Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Самарқанд вилоят ҳудудидаги  маҳаллаларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги жиноятларни камайтириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати мехназимини изчил йўлга қўйиш, коррупция бугунги глобаллашув шароитида янгиланиб бораётган мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти йўлидаги асосий ғов, тўсиқ эканлиги ва бундай иллатларни келиб чиқмаслиги учун коррупцияга қарши курашиш, ёшларни миллий маънавиятимизга бегона бўлган турли зарарли ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб олинди. 

Муҳиба Бабабекова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+