Халқаро эксперт: "Коррупцияга виждон ёрдамида курашилади"

12.02.2021 13:02:11

Ўзбекистон “Адолат” СДП, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партиянинг ҳудудий ҳамда маҳаллий Кенгашлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан мутахассислар, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотлардан вакиллар қатнашди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларидан бири бу жамиятда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, аҳолида унга нисбатан тоқатсизлик маданиятини шакллантиришдан иборат.

Тадбирда БМТ ҳузуридаги Халқаро Коррупцияга қарши курашиш академиясининг Ўзбекистондаги вакили,  Вебстер университети халқаро тадқиқотлар ва фалсафа профессори, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Қодир Кулиевнинг “Коррупция ва миллий тараққиёт: муаммо ва ечим” мавзусидаги маърузаси тингланди. Унда коррупциянинг ижтимоий хавфи ҳақида тушунча берилди.

Таъкидланганидек, коррупция ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди. Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширади, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратиш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва бу борада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи  ваколатли давлат органини ташкил қилиш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Бош прокуратурага тақдим этилди.

Кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган қурилиш соҳасидаги коррупция ҳолати бўйича партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари орқали Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан бу борадаги амалга оширилган ишларни парламент эшитуви ташкил қилинди. Соҳа фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида коррупцияни юзага келишига сабаб бўлиши мумкин бўлган нормаларни бартараф қилиш бўйича таклифлар тайёрланди.

Маърузачлар томонидан бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, уларнинг фаоллиги, жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар қандай ишда масъулият билан ёндашган ҳолда салбий иллатларга қатъий курашиш лозимлиги таъкидланди. Коррупцияга қарши курашишда аввало ёшларнинг онгини маънавий жиҳатдан юксалтириш лозимлигига аҳамият қаратилди.

Юртимизда меъёрий ҳужжатлар орқали коррупцияга қарши курашишнинг бир қатор манзилли ва самарали йўналишлари белгилаб берилган, хусусан, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссиясини ташкил этиш тавсия қилинди. Муҳими, бу билан коррупцияга қарши курашиш учун марказдаги раҳбарлар билан бирга энг қўйи тизимдаги раҳбарларга ҳам масъулият белгиланди. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлишлари белгиланди.

Сўзга чиққанлар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳам тизимда салмоқли ўзгаришлар ясаш йўлида муҳим қадам бўлганлиги таъкидланди. Зеро, коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи хавфли иллатдир. Коррупция давлатимизнинг ривожланишига ҳамда миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Давлатнинг конституциявий асосларини хамда жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Коррупция уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради.

Агарда коррупцияга қарши ўз вақтида курашилмаса, жамиятда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради. Аҳолини, халқни олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқ қилади ҳамда жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтиради. Энг ёмони, аҳоли ўртасида турли хил норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Сўзга чиққанлар коррупция бор жойда на ривожланиш, на юксалиш бўлишини барчамиз тўғри англашимиз, бир ёқадан бош чиқариб унга қарши курашимиз, олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришишда оғишмай ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлашди.

Партия вакиллари муҳокамадаги мавзу юзасидан халқаро экспертга саволлар билан мурожаат этиш имкониятига эга бўлдилар. Коррупцияга қарши кураш бўйича партия позицияси қайта кўриб чиқилиб, янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.  

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+