“Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури амалга оширилади

17.02.2022 12:02:54

XXI асрда ҳаётимизни автотранспорт воситаларисиз тасаввур қилиш қийин.  Оғиримизни енгил, мушкулимизни осон қилиб берадиган техника воситалари ҳисобланади. Хар бир фуқаро автотранспорт воситаларидан фойдаланар экан, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилиши автотранспорт воситасини мавжуд қонун-қоидалар асосида бошқариш билан бир қаторда бошқаларни ҳам ҳурмат қилиши лозим. Бироқ “гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек орамизда автотранспорт воситасини тўғри бошқармайдиган, бошқаларга беписанд муносабатда бўладиганлар ҳам учраб туради.

11февраль куни Президент раҳбарлигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан танқидий руҳда йиғилиши ўтказилган видеоселекторда йўл транспорт ҳодисаларининг 25 фоизи йўл ҳолати ёмонлиги ва инфратузилмаси оқилона ташкил этилмагани оқибатида келиб чиқаётганлигини таъкидланиб, энг оғир ҳолатлар қайд этилган ҳудудлар мутасаддиларига интизомий жазо чоралари белгиланди.

Давлатимиз раҳбари ушбу йўл транспорт ҳодисаларига кўп ҳолатларда пиёдалар ҳам сабаб бўлаётганлиги, пиёдалар қоидаларни менсимай, амал қилмаётганлигини қаттиқ танқид қилди ва бу йил барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури амалга оширилиши таъкидлаб ўтди.

Қоидабузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилиб, келгусида ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгиланди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев йиғилишда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтди. Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқаришда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинишини ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари кўчалардаги ҳаракатни ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулай ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

– “Йўлларда тартиб-қоидалар илм билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини оқилона белгилаш лозим. Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати бор”, – деди Шавкат Мирзиёев.

ЙТҲларга белгиланган тезлик меъёрларига риоя қилмаслик ҳам сабабчи бўлади. Агар бу жуда қатъий жазоланмаса, ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини оммавий равишда бузишни бошлайдилар. ЙТҲлар сонини камайтириш учун тезликни пасайтириш керак, қоидабузарларни эса шунчалик катта жаримага тортиш керак. Шу сабабдан, мамлакатимиз раҳбари аҳоли гавжум жойларда тезликни 60 км/С га тушириш кераклигини таъкидлади.

Пиёда бўлсин, машинада бўлсин, юртдошларимиз ўзи яшаб турган жамиятдаги қонунан белгилаб қўйилган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши лозим. Чунки улар инсон ҳаёти, саломатлиги хавфсизлиги учун жорий этилган.

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини

ошириш бошқармаси бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+