Хоразм воҳасида инвестиция салоҳияти ошиб бормоқда

27.03.2021 12:03:37

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  жорий йилнинг 23 март куни Хоразм вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишиб, тегишли кўрсатмаларини бергани ҳудудимизнинг иқтисодиётини изчиллик билан  ривожланишида  муҳим  аҳамиятга эга бўлди.

Президентимиз воҳамизга 2020 йил  декабрь ойида қилган ташрифи давомида  вилоят иқтисодиётини ривожлантириш масаласига чуқур эътибор қаратиб, инфратузилма иншоотларини қуриб, аҳоли бандлигини таъминлаган ҳолда, турмуш шароитларини яхшилашга эришиш  бўйича бир қатор кўрсатмалар берган эди. 

Ушбу кўрсатмалар асосида воҳамизда тубдан ўзгаришлар бошлаб юборилди. Жумладан, тиббиёт соҳасига эътибор қаратадиган бўлсак, биргина  соҳанинг онкология  йўналиши бўйича  Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология  илмий-  амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят  филиали онкологик касалликларни тўлиқ ва мукаммал аниқлайдиган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Бу энг охирги замонавий аппаратлар билан бевосита ишлайдиган шифокорлар Москва шаҳридан  ташриф буюрган мутахассислар билан амалий  тажрибалар алмашдилар.

Шунингдек, филиалда  нур билан даволовчи ускунанинг  йўқлиги боис, беморлар қўшни вилоятларга бориб  кўрикдан ўтиш ва муолажа олишга мажбур бўлаётган эдилар. Жорий йилда  Швеция давлатида  ишлаб чиқарилган “Терабалът” нур ускунасининг вилоят  филиалида амалиётга тадбиқ этилгани юртдошларимиз учун жуда катта  қулайликлар яратди. Эндиликда, беморлар ҳам вақтини, ҳам маблағини тежаб, сарсонгарчиликдан қутулдилар.

 Шунингдек, Президентимизнинг ташаббуслари билан вилоятимиздаги Хонқа туманида   “ХОСПИС” даво масканида 50 ўринга мўлжалланган янги бинонинг қуриб фойдаланишга топширилгани  ҳам ҳудудимизда инвестиция салоҳиятини ошиб бораётганини кўрсатади.

Бу каби янгиликларни  ҳар бир соҳада кўришимиз ва  кўплаб мисоллар билан қайд этишимиз мумкин.       

Жумладан, жорий йилда инвестициялар асосида 188 та лойиҳа ишга туширилиб, 1726 та иш ўрни яратилган, сув тежовчи технологияларни тадбиқ этиш орқали 4 минг гектарга яқин ер фойдаланишга  киритилган, Амударё устида янги темир йўл кўприги қурилиши бошланган ва ҳ.к.

Бу каби ташаббускорликларнинг  ҳаётга тадбиқ этилаётгани  воҳамизни  изчиллик билан янгиланиб бораётганида ўз ифодасини топмоқда.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари билан воҳамиз  иқтисодини янада ривожлантириш мақсадида 812 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилгани  ва бу борада амалий ишларнинг олиб борилаётгани ҳудудимизни иқтисодий  ривожланиш даражасини юқори пағоналарга кўтариши  шубҳасиздир.

          Тохир ПАЛВАНОВ,                                                                 

                        Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология  илмий-

амалий тиббиёт  маркази Хоразм вилоят  филиали директори,

                        Ўзбекистон “Адолат” СДП  Хоразм вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+