Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради

16.02.2022 16:02:26

Ҳар икки куннинг бирида ижтимоий тармоқлар орқали ё таниш-билишлардан ёки расмий каналлардан эркаклар ва аёлларнинг тажовузкор ҳатти-ҳаракатлари тўғрисида бохабар бўлишга кўникиб қолдик.

Мазкур видео тасвирлар “қаҳрамонлари” ўзимизнинг қора кўзларимиз эканлигига ҳамда иссиқ тандирдан чиққан “хабар”ни бизларга етказишга ҳозиру нозир “жонкуярлар”имизнинг борига ҳам ўргандик.

Илгари бу каби ҳолатлар фақат Америка ёки бошқа Европа мамлакатларида бўлиши, кўрганимизда бир ижирғаниб олишимиз, жа бўлмаса “шарманда” деб қўйишимиз мумкин эди.

“Ҳикмат излаганга ҳикматдир бу дунё, иллат излаганга иллатдир бу дунё” деган донишманднинг дилида ҳам оғриқ бўлганлигига шубҳа йўқ. Зеро, ҳикмат деганимиз иллатга айланаётгани, иллат деб ғашланганимизда ҳикматнинг шарпасини кўришимиз ҳам бугуннинг ҳақиқатидир.

Фожиамиз ҳам ана шунда. Ўртадаги парда кўтарилди. Эркак ва аёлга нисбатан “ўз ўрнини билиши”, “бир гапдан қолиши”, “бир қадам ортда бўлиши”, ибо, шарм-ҳаё, андиша, уят каби сўзлар, қадриятлар  бувимнинг сандиғидаги нафталин иси келаётган бир тўп газламага ўхшаб қолди.

Хотин-қизлар ва эркакларнинг бугун Олмалиқда бўлса, эртага Самарқанддаги “даханаки жанги” интернетни “портлатмоқда”. Олдинлари қизининг этагини бировга кўрсатишни ўзига ор билган амакилар, синглисининг шаъни учун ўзлигидан воз кечворадиган акахонлар, опачасининг бир томчи ёши учун ўзидан катта билан тенглашадиган укажонлар бугун қўлидаги “матахдан” бошқаларга видеоларнинг “додаси”ни юбориб хузурланмоқдалар.

Даҳшатлиси, 14 та вилоятимиз, 200 дан ортиқ туманимиз, 10 мингдан ошиқ маҳалламиз ва яна неча минг жамоат жойларимиз юқоридаги ҳолатлардан мустасно эмас.

Калит бўлса, очиладиган қулф албатта топилади.

Беодоблик, ҳуқуқбузарлик, тартиббузарликнинг эркак аёли бўлмайди. Қонун олдида ҳамма тенг. Ўзбекистон Республикасиннг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунинг 3-моддасида, жинс бўйича билвосита камситиш — бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш кўрсатилган.  

Демак, жамоат жойларида ўзлигини унутган шахслар Қонун олдида қандай жавоб берса, шу вазиятни келтириб чиқаришга “хисса” қўшган маскан масъуллари ҳам бирдек жавобгардир.

Юртимизда яратилаётган тенгҳуқуқлилик шароитлари йигит-қизларимизнинг озод Ватанда эмин-эркин яшаши, билим олиши, касб танлаши, меҳнат қилиши каби имкониятларни яратмоқда. Орзулар йўлидаги ҳар қандай интилишлар, янгилик яратишдаги иштиёқлар қўллаб-қувватланмоқда.

Ичкиликбозликда, бирини бошини ёриб, ёқалашишда, оғзига келганини қайтармасдан тенглашиш – бизнинг эрлик шаънимизга ҳам аёллик ҳилқатимизга ҳам тўғри келмайди.

Хўроз ҳар ерда бир хил қичқиради. Ўзимиздан кетмайлик. Ўзлигимизни унутмайлик. Қадрият такрорланиши билан эмас, амалда қўлланиши билан қадрлидир. Бошимга дўппи кийганим ёки рўмол ўраганим билан ўзбек бўлиб қолмайман. Ҳамма гап бошда. Тўғрироғи, унинг ичидаги мазмунда.

 

Гулруҳ Агзамова
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+