Хотин-қизлар Кенгаши – ижтимоий ҳаётимиздаги муҳим орган

19.01.2021 14:01:17

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир” дея таъкидлади.

Бугун республикамиз давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳасида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда.

Маълумки, Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим масаладир. Ечимини кутаётган муаммоларнинг аксарияти шу масала билан боғлиқ. Мамлакатимизда 1 миллионга яқин ишсиз аёл бўлиб, бунга доимий иш ўрнига эга бўлмаган, мавсумий ишларда банд аёллар қўшилса, уларнинг сони 2-2,5 миллионга етади. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёлғиз оналарни уй-жой билан таъминлаш масалалари ҳам бугунги кундаги оғриқли муаммолардан биридир. Аммо кўплаб хотин-қизлар мана шу масалалар бўйича қаерга мурожаат этишни билмайди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат бошқарувидаги самарадорликка оид ислоҳотлар юзасидан фикр билдирар экан, Хотин-қизлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

2020 йилда юзага келган пандемия шароитида республикамиз бўйлаб 6 миллиондан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилди. Шулар асосида “Аёллар дафтари” шакллантирилди ва бу жараёнда хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар маҳаллий ҳокимиятларнинг диққат марказидан жой эгаллади. Бу жараёнга маҳаллаларда янги ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгашлари” ҳам яқиндан кўмак бермоқда.

“Биз мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим”, - деб таъкидлади давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида. 

Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борган ислоҳотлар натижасида парламент янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. 

Эндиликда, давлатимиз раҳбари хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги муҳим қадам сифатида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Жойлардаги Хотин-қизлар кенгашлари фаолиятига эса ҳокимларнинг ушбу масалалар бўйича маслаҳатчилари раҳбарлик қилиши белгилаб берилди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва ҳудудий жамғармаларни янги ташкил этиладиган кенгашлар ихтиёрига ўтказиб бериш таклифи ҳам ушбу масалани бажаришнинг ижтимоий-иқтисодий механизмини белгилаб беради. 

Хотин-қизлар кенгаши хотин-қизларнинг жамиятдаги манфаатларини ва муносиб мавқеини муносиб ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётдаги ролини ошириш мақсадида хотин-қизлар ташаббуси билан ташкил этиладиган ихтиёрий, ўз-ўзини бошқарадиган, нотижорат, мустақил жамоат ташкилотидир. Кенгашнинг асосий мақсади сифатида қуйидагиларни кўриш мумкин:

- ўзини-ўзи бошқариш маҳаллий органлари ва хотин-қизлар ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги;

- жамиятда эркаклар ва аёллар тенглигининг конституциявий тамойилини амалга ошириш бўйича умумий стратегия ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

- сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа омилларнинг эркаклар ва аёлларга тегишли конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга нисбатан таъсирини ўрганиш;

- ҳуқуқий эҳтиёжларини амалга ошириш, эркаклар ва аёлларнинг манфаатлари ва имкониятларини ҳисобга олиш, уларни меҳнат ва ижтимоий фаолиятда ўз-ўзини англаш, аёлларни янги иқтисодий шароитларга мослаштириш;

- жамиятда оиланинг ролини мустаҳкамлаш, оналик, оталик, болаликни муҳофаза қилиш, эркаклар ва аёлларнинг репродуктов ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлаш;

- оиланинг ўз вазифасини амалга ошириши, оила ҳаётининг сифатини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

Хотин-қизлар Кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади :

- туман хотин-қизлар бирлашмаларини ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича ҳаракатларда бирлаштириш, вояга етмаганларнинг ва оила аъзоларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларининг олдини олиш, жойлардаги хотин-қизлар уюшмаларига амалий ёрдам кўрсатиш;

- хотин-қизларнинг жамиятдаги манфаатларини ва муносиб мавқеини муносиб ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётдаги ролини ошириш.

- оилани мустаҳкамлаш, оналикнинг аҳамиятини ошириш;

- болаларни баркамол қилиб ривожлантириш, моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, ватанпарварлик ва инсонпарварлик ғояларини тарбиялаш учун қулай шарт-шароитларни шакллантиришга кўмаклашиш.

- антисоциал ҳаракатларни амалга оширишга ёрдам берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлашда иштирок этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилиш;

- болаларнинг назоратсиз қолиши ва ўсмирлик даври жиноятларининг олдини олишда кўмаклашиш;

- нотинчликнинг дастлабки босқичида оилаларни аниқлаш ва барча манфаатдор идоралар ва муассасалар томонидан салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чора кўришда иштирок этиш;

- хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани, вояга етмаганлар ва ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этишга мойил бўлган оила аъзоларини аниқлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида туман раҳбарини тизимли равишда хабардор этиш.

Президентимиз хотин-қизлар кенгашини тузиш таклифини илгари сурар экан, жамиятимиз турмуш даражасининг ошиши айнан аёлларга боғлиқ эканини аниқ кўрсатиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Халқаро Ташкилотининг муҳим органи бўлган Инсон Ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлиб кирди. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бунинг учун мамлкатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича жаҳон миқёсида қабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ равишда қатор ислоҳотларни олиб борди ва ушбу жараённи давом эттирмоқда. БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига аъзо бўлганимиздан кейинги жараён ҳам ўзига хос мураккаб вазифаларни олидимизга қўяди. Бу вазифаларнинг энг муҳими эса, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқи, уларнинг жамиятдаги роли, турмуш даражасини ошириш борасидаги амалий ҳаракатлардир.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+