Ички туризм имкониятлари кенгаяди

25.08.2020 10:08:28

Ривожланган мамлакатлар туризм индустриясида ички туризм ўсиш тенденциялари бўйича илгарилаб бормоқда. Мазкур йўналишнинг ривожланиши ҳудуднинг табиий шароити, унда сайёҳлик объектларнинг мавжудлигига боғлиқ. Соҳани ривожлантириш юзасидан эса айни пайтда мамлакатимизда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳам яқинда Бўстонлиқ туманидаги туризм инфратузилмалари бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишгани, учрашув давомида мамлакатнинг туризм салоҳиятини орттиришдаги муҳим вазифалар белгилаб олингани ҳам бежиз эмас албатта.
Яқин йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш йўлида қатор ишлар амалга оширилди. Бу борада давлат сиёсатини юргизиш, мамлакат ҳаётида фаол олиб борилаётган туризм йўналишидаги ишларнинг ҳуқуқий асослари сўнгги йилларда қабул қилинган Президент фармон ва қарорлари билан янада мустаҳкамланди.
2019 йили янги таҳрирда қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам соҳанинг бугунги ривожланиш стратегияларини ҳисобга олган бўлиб, туризмнинг шакллари сифатида Халқаро ва ички туризм белгиланган.
Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ҳам бу жараённинг фаол иштирокчиларидир. Жумладан “Адолат” СДПнинг ҳам сайловолди дастурида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган ғоялар илгари сурилган. “Биз ташқи ва ички туризмни (экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми, спорт туризми) йўналишларини ривожлантириш, туристик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, маданиятли транспорт хизмати кўрсатиш орқали давлат бюджетини тўлдириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари (меҳмонхоналар, замонавий ахборот марказлари, оилавий мактабгача таълим муассасалари, ҳунармандлар ва рассомлар, санъаткорлар хизматлари, компьютер саводхонлиги, кутубхоналар ва ёш ижодкорлар тўгараклари) ташкил қилиш орқали янги иш ўринлари барпо этиш партиянинг доимий диққат-эътиборида туради, - дейилади дастурда. Бошқа партияларнинг дастурида ҳам у ёки бу даражада туризм соҳаси имкониятларидан фойдаланиш бўйича ғоялар ифода этилган.
Сиёсий партиялар кўтарган ғоялар Давлат дастурига киритилиб, мамлакат раҳбари томонидан эътиборга олиниб бораётганлиги эса партияларнинг халқчил, ҳаётий ғояларни илгари сурганидан далолат беради.
Маълумки пандемия шароити кўп соҳалар қатори энг кўп туризм соҳасига ҳам зарар етказди. Мамлакатимизда 1 минг 500 дан ортиқ туроператор, 1 минг 200 та меҳмонхонанинг фаолияти тўхтаб қолди. Бу аҳоли бандлиги ва даромадларининг ҳолатига жиддий таъсир қилди. Лекин вазиятни қўлга олиш мақсадида давлатимиз томонидан мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш, сайёҳлик масканлари фаолиятини босқичма-босқич тиклаш чоралари кўрилмоқда. Жорий йил 28 майда Президентмизнинг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, 19 июнда “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда тармоққа пандемиянинг оқибатларини юмшатиш бўйича қатор енгилликлар берилди. 15 августдан карантин чекловларининг юмшатилиши туфайли санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар ва бошқа дам олиш масканлари фаолияти ҳам тикланди.
Маълумки, Бўстонлиқ туманининг туристик салоҳияти юқори бўлиб, йирик ва замонавий лойиҳаларни амалга оширишнинг пайти келган. Мақсад нафақат туризм соҳаси билан бюджет маблағларини ошириш, балки бундай баҳаво, йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш мумкин бўлган масканларни халқ учун фойдаланишга қулай қилишдан иборатдир.
Маълумотларга кўра, ҳар йили юртдошларимиз чет элда дам олиш учун 1 миллиард 200 миллион доллар атрофида маблағ сарфламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири Ўзбекистонда барча талабларга жавоб берадиган замонавий туристик мажмуалар сони камлигидадир. Чет элга, масалан, Анталия ёки Иссиқкўлга бориб дам олишга ҳамманинг ҳам шароити тўғри келмайди. Демак, халққа ғамхўрлик биринчи навбатда бўлиши, ўзимизда ҳам хориж мамлакатлариникидан қолишмайдиган дам олиш масканларини ҳамёнбоп нархларда жаҳон стандартларига мос равишда яратиш долзарб вазифадир.
Албатта, Бўстонлиқ тумани, хусусан, Чорвоқ сув омбори атрофидаги қишлоқларда янги дам олиш масканлари барпо этилиши билан шу ерлик аҳолини иш билан таъминлаш имконияти яратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги икки йилда сайёҳлик ўринлари ва хизмат турларини кўпайтириш ҳисобига ҳудуднинг туризм салоҳиятини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди. Бу ўз навбатида худуднинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.
Ички туризмни ривожлантиришда аҳоли учун яратиладиган шароитлар, минглаб янги иш ўринлари, савдо, қурилиш соҳаларининг ҳам ривожланишига сабаб бўлади. Ўзбекистоннинг табиати нафақат ёз ойларида, балки йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳордиқ учун жуда қулай. Албатта, бундай имкониятнинг яратилиши халқимиз учун ҳам бирдек манфаатли.



Гулбаҳор Саидғаниева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+