Инсон  хавфсизлигини кўзлаган халқчил ва ҳаётий умуммиллий дастур

18.02.2022 16:02:15

Муҳтарам Президентимиз  Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган  видеоселектор йиғилиши жуда ўринли ташкил этилгани билан  ҳеч бир соҳа ходимини бефарқ қолдирмади.

Давлатимиз раҳбари   йўл ҳаракати хавфсизлигига  бежизга “ҳалокат” деб изоҳ бериб ўтмади. Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек,  йўловчиларнинг  хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда хайдовчилар томонидан содир этилаётган қоида бузарлик ҳолатлари, йўл қўйилаётган лоқайдликлар сабаб қанчадан қанча юртдошларимиз  бошига оғир мусибатлар тушаётгани, оламдан ўтиш  кўрсаткичи  кундан кунга ошиб бораётгани ачинарли ҳолдир.

Ҳаётимизнинг энг муҳим бўлаги  ҳисобланган  йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши натижасида  бахтсиз ҳодисаларни  ҳар дамда гувоҳи бўлиш мумкин.

Ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини менсимаслиги ва тажрибасизлиги, пиёдаларнинг йўл қоидаларга амал қилмаслиги ҳам транспорт ҳодисаларининг  кўпайиб бораётганига сабаб бўлмоқда.

Ҳайдовчиларнинг, айниқса, йўловчи ташувчи “Дамас” русумли  машиналарда  киракашлик қилувчи ёш ҳайдовчиларнинг кўпроқ   йўловчи мижозларга эга бўлиш мақсадида бир-биридан  ўзиб ўтишлар, йўл қоидаларига бўйсунмай маданиятсизларча  транспортни бошқариш ва бошқа салбий ҳолатларни кўриб ҳафсаланг пир бўлади.

 Натижада,  тажрибали,  транспортни бошқариш қоидаларига   садоқатли  ва масъулиятли ҳайдовчиларнинг ҳаракати учун ёмон таъсир ўтказмоқда. Бундан келиб чиқадики, битта ҳайдовчининг  ҳурмача қилиқлари  бирин-кетин йўл ҳаракати иллатларини содир қилишга олиб келади.

   Партия лойиҳалари доирасида, депутатлик  вазифамиз орқали  олиб борилган ўрганишларда аниқланишича, йўлларда бахтсиз ҳодисаларнинг  содир бўлишига  пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидалари тўғрисидаги билимларининг саёзлиги, ички йўлларнинг ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани,  кўпчилик йўлларда пиёдалар учун йўлакларнинг мавжуд эмаслиги,  кўп йиллик кўприкларнинг  ҳалокат ёқасига келиб қолгани боис транспортларнинг   кўприк устидан  бир томонлама ҳаракатланишга  зарурият туғилаётгани  каби бир қатор  сабабларни ҳам келтириб ўтиш мумкин. Булар эса ўз навбатида  йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи издан чиқиб кетганини кўрсатмоқда ва аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

 Биргина Урганч шаҳар  “Фаровонлик” кўчасида олиб борилган ўрганиш ишларни мисол тариқасида айтадиган бўлсак, кўча йўлининг ўта яроқсиз,   таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани,  маҳаллада ёш  болалар ўйнайдиган майдоннинг  мавжуд эмаслиги сабаб, йўл транспорт бахтсиз ҳодисаси  билан азият чекган  болалар сони 5 нафарни ташкил этган.

Бу каби таҳлиллардан келиб чиқиб, Муҳтарам Президентимиз томонидан видео селектор йиғилишида  йўл транспорт ҳодисаларига  боғлиқ   ҳаётий воқеликлар  жуда  ўринли  айтиб ўтилди.

Шу боис, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йил барча ҳудудларда «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» умуммиллий дастури ҳамда  автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида «йўл безорилиги», деган янги жавобгарлик тури киритилгани жуда ўринли бўлди.

Ҳайдовчиларни  йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунишида, ўзаро ҳурмат, ҳайдовчилик маданиятини шакллантиришда оиланинг ҳам ўрни жуда муҳим  деб биламан.

Ушбу  тушунчалар оилаларда ҳам ўз ўрнига эга бўлса, ота-оналар, буви - боболар томонидан транспорт бошқарувчи  оила аъзосига йўлга чиқиш олдидан қайта-қайта уқтирилса,  йўл транспорт бахтсиз ҳодисаларининг олдини олишда аҳамияти катта деб ўйлайман.

Бизнинг халқ вакили сифатида олдимизда турган вазифамиз   Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган йўл ҳаракати ҳодисаларини олдини олишга қаратилган топшириқ ва белгилаб берилган вазифаларни партиямиз фаоллари, депутатлари билан ҳамжиҳатликда  самарали адо этиш, тарғибот-ташвиқот ишларини фаоллаштириш, айниқса, ёшлар онгида ҳайдовчилик маданиятини   сингдиришни кучайтиришдан иборатдир. 

Бу эса ҳар биримиздан фаоллик ва катта масъулиятни талаб этади.

Тоҳир ПАЛВАНОВ,

                               “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши раиси,

                                                                вилоят Кенгаши депутати, онколог

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+