Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари энг олий қадирият

24.02.2021 11:02:56

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши 46-сессиясидаги нутқи барчанинг диққат марказида бўлди. Бу мамлакатимиз учун тарихий учрашув бўлди десам асло муболаға бўлмайди, сабаби Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта иштирок этди ва бу дунёнинг 169та давлати томонидан қўллаб-қувватланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатларини кучайтиришга доир тизимли ишлар олиб борилди. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги тажрибаси бутунжаҳон жамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Айниқса, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилиши бўйича катта ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Олдинлари олий ўқув юрти талабалари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари мавсумий ишларга, пахта йиғим-теримига, ободонлаштириш ишларига асосий меҳнат кучи сифатида мажбурий сафарбар этилар эди. Мана ушбу мажбурий меҳнат Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан кескин барҳам берилди. Бунинг натижасида нафақат таълим соҳасида, балки барча ташкилотларда юқорида келтирилган мажбурий меҳнатнинг тўлиқ бартараф этилишига эришилди. Президентимиз таъкидланганидек, бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди.

Шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифнинг қўллаб-қувватланиши ҳақиқий инсонпарварликнинг бир намунаси бўлди. Ушбу йўналишда ҳам мамлакатимиз томонидан катта ишлар амалга оширилгани сир эмас. Президентимиз ўз нутқида ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганлигини, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлишини маълум қилиб ўтди.

Бундан ташқари Президентимиз ушбу нутқида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, гендер ҳуқуқи сиёсати, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар, шунингдек, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш айниқса, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида эканлигини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи ҳар бир фуқарода чексиз фахр-ифтихор туйғусини уйғотди.

 

Нурлыбай Қаипбергенов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+