Инсон учун тансиҳатликдан азизроқ неъмат йўқ

17.11.2021 18:11:20

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 9-ноябрь куни юрак қон-томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чор-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳани янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмас масалалар муҳокама этилди  ва муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Ер юзида минглаб касалликлар бор. Аммо саломатлик битта. Соғлик-бебаҳо бойлик эканлиги шундан ҳам маълум. Айниқса, Пандемия билан боғлиқ мураккаб вазиятда бутун инсоният тансиҳатликдан азизроқ неъмат йўқлигига яққол ишонч ҳосил қилди. Бу борада Янги Ўзбекистоннинг янги Тараққиёт Стратегиясида марра катта олинган.  Аниқроғи, “Инсон қадри учун” тамойили бош мезон этиб белгиланган.  Бу эса ҳар бир фуқаро учун муносиб шароит яратиш ва замонавий инфратузилма  ташкил этиш бирламчи масалага айланганлигини кўрсатади.

Шулардан бири малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишдир. Бу соҳадаги режаларни Президентимиз учрашувлари давомида кўп маротаба билдирган эди. Қарангки, орадан қисқа муддат ўтиб ушбу халқчил ташаббуслар реал ҳаётга кўчмоқда. Тўғри, бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида ўз ечимини кутиб турган масалалар йўқ эмас. Мазкур видеоселектор йиғилишида юрак қон-томир касалликларининг  олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳим қилиниб, соҳалардаги камчиликлар танқидий кўриб чиқилди. Мазкур йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг аниқ молиявий манбаалари ва механизмлари белгилаб берилди. Хусусан, бирламчи бўғинга ажратиладиган маблағлар икки баробарга оширилиб, аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни камайтириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Боиси, сўнгги беш йилда юрак қон томир касалликлари 20 фоизга, жумладан ёшлар орасида ҳам кўпайганлигини кузатиш мумкин. Манбааларда маълум бўлишича, тўрт миллионга яқин аҳоли орасида юрак қон-томир касаллиги аниқланган бўлиб, бу умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил қилади. Шунинг учун ҳам тиббиёт тизимидаги муҳим вазифалар, кардиология йўналишида кўриб чиқилди.  

Бундан асосий мақсад барча аҳолини тиббиёт бўғинида сифатли тиббиёт хизматни ўз вақтида таъминлашдан иборат. Шунингдек, бу борада кадрлар масаласига ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланишга ҳам катта эътибор қаратиш зарурлиги ҳам эътиборга олинди. Бунда маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиб, туман тиббиёт бирлашмаларидаги тиббий жиҳозларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш борасидаги таклифлар ҳам ўринли бўлди.

Эндиликда юрак-қон томир касалликларини олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича янги тизим жорий қилинади. Яъни келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида тўрт марта манзилли скринингдан ўтказилади. Юрак қон-томир касаллиги аниқланган аҳолининг электрон реестри юритилиши белгиланди. Эҳтиёжманд аҳолига дорилар бепул тарқатилади. Бу мақсадлар учун келгуси йилда ҳар бир туманга 350 миллион сўмдан, жами, 70 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланганлиги айтиб ўтилди.

Мухтасар айтганда, келгусида юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, асоратларини бартараф этиш ва дунё стандартларига мос равишда даволашни йўлга қўйилиши мамлакатимиз тиббиёт тизимида ижобий бурилиш бўлаётганлигидан дарак беради.

Фахриддин Орифхонов,

“Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+