Ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳар соҳада намоён бўлмоқда

29.08.2020 18:08:35

Амалга оширилаётган ишларнинг кўлами унинг натижадорлиги, қамров даражасига қараб баҳоланади. Бу ҳолатда аввалги ва ҳозирги кун билан натижаларни таққослаш орқали яна ҳам аниқроқ манзара ҳосил қилишимиз мумкин. Ерлар эгасиз қолган, мелиоратив ҳолати издан чиққан, йил бўйи тун-у-кун меҳнат қилган деҳқоннинг даромади ҳаминқадар. Ушбу манзарани 80 йиллар охирида яшаган аҳолимиз жуда яхши хотирлайди.

Мустақиллик туфайли барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам ўзгаришлар бошланди. Жамоа хўжаликлари ерлари, фермер хўжаликларига берилди. Аҳоли шахсий фойдалануви ва даромад олиши учун 445 минг гектар унумдор ерлар томорқа хўжаликларига ажратилди. Экин майдонлари таркиби ўтган асрнинг 90 йиллардагига нисбатан тамоман ўзгарди. Агар ўша пайтларда асосий майдонларга чигит экилган бўлса, ҳозирги вақтда ғўза парваришланадиган ерлар 2 маротаба қисқартирилиб, уларнинг ўрнига дон ва дуккакли, сабзавот, полиз экинлари жойлаштирилиб, боғ ҳамда токзорлар барпо этила бошланди. Бунинг натижасида Ўзбекистон қисқа муддатда ғалла мустақиллигига эришди. 

Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида, мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжалиги шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Кейинги уч йилда кўп тармоқли фермер хўжаликлари 45 фоизга кўпайиб, уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан жойларда, узоқ-узоқ қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринлари яратилди.

Ўзгаришлар ҳақида гапирганда охирги тўрт йилликдаги натижаларга эътибор қаратмай иложимиз йўқ. жумладан, кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Пахта ва ғаллага давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўтарилгани натижасида деҳқон ва фермерларда манфаатдорлик туйғуси ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрамига асос солинди ва у ҳар йили катта шодиёналар билан нишонланмоқда.

Соҳа ривожланишини жадаллаштириш учун илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш асосий талаб сифатида қарала бошланди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини замонавийлаштириш, уларга замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрларни жалб қилиш ишлари бошлаб юборилди.

Аграр соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритганда кластерлар тизими ҳақида ҳам алоҳида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақини ошириш мақсадида 100 га яқин пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди.

Ислоҳотлар шулар билан тўхтаб қолаётгани йўқ. Хусусан соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишларнинг асоси сифатида Президентимиз томонидан 2019 йилда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва у асосида қабул қилинган Концепцияни эътироф этиш лозим. унда белгиланган вазифалар ҳали бу соҳада амалга оширилган ишлар бўйича йўл боида турганимиз маълум бўлади. Уларни ижросини таъминлаб бориш эса нафақат соҳада балки, мамлакатимиз ҳаётида ҳам катта ўзгаришларга олиб келади. Энг асосийси, бунинг натижасида халқимиз фаровонлиги ошади, турмуш шароитлари яхшиланади. Аслида, ўз келажагимизни ўзимиз белгилашимиз ҳам мустақилликнинг бир белгиси. Биз эса келажагимизни барча соҳалар тараққий этиши учун ҳаракатдамиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз.

Дилрабо ХАЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+