Ижтимоий ҳимояни кучайтиришда яна бир эзгу қадам

13.10.2020 17:10:20

Бутун дунё кучайтирилган карантин шароитида яшаётган бир пайтда  барча мамлакатларда энг асосий эьтибор аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган.

Ўрганишлардан  маълум бўлдики, Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 минг нафари ёшлар, 834 минг нафари хотин-қизлардир. Хусусан, меҳнатга эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли, ишсиз ёшларнинг кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида, жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан,  “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” ни шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Аввало, ушбу ташаббус “Адолат” СДПнинг сайловолди дастури билан ҳамоҳанглиги бизни қувонтиради. Дастурда қайд этилганки, Ўзбекистон ҳудудида қийин ҳаётий вазиятда бўлган оиланинг социологик портретини тузиш, уларни инқирозли вазиятдан чиқиш йўлларини яратиш, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш партиянинг устувор вазифаларидан саналади.

Мактаб битирувчиларини ўқиш ва ишга жалб этиш устувор масала сифатида  муҳокама қилинди. Бу бежиз эмас, албатта. Маълумки, жорий йилда умумтаълим мактабларини 452 минг ўғил-қиз тамомлади. Уларнинг 70 минги олий,  85 минги профессионал таълимга қабул қилинди. 95 мингдан зиёд ёшлар ишга жалб қилинган ҳолда  200 мингга яқин ёшнинг  бандлигини таъминлаш масаласи кўндаланг қўйилди.

Партия сайловолди дастарида ҳам касб-ҳунар таълимининг меҳнат бозори билан алоқасини янада мустаҳкамлаш, мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланган.

Мамлакатда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилган эди. Йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этиш зарурати юзага келганлиги  таъкидланди. Энди ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантириладиган бўлди. Ушбу дафтарларда  ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Шу аснода улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Сайловолди чиқишларимизда кўп бора эьтироф этганимиздек, бугун ҳар бир аёл пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиши керак. Партия жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида гендер тенг ҳуқуқлигига эришиш тарафдори.

Муҳим ижобий жиҳат шундаки, бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Маблағнинг  10 миллио

ни ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

Шу нуқтаи назардан, партия жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда давом этиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш тарафдори эканлиги айни муддао.

Мазкур тизимнинг жорий этилиши ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни рухлантириб, касбий кўникмаларини шакллантиришда, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак беришда  муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Давлат раҳбари томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар замирида иккита энг асосий мақсад – ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш мақсади мужассам. 

         Ҳар қандай режанинг пухталиги, самарали ва натижадорлиги, эзгу мақсадларга хизмат қилиши, албатта, муҳим. Энг муҳими, режа режалигича қолиб кетмай, амалий ютуқлар билан мустаҳкамлансагина, халқ олдида, партияга ишонч билдирган сайловчиларимиз олдида  юзимиз ёруғ бўлади.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+