Ижтимоий инновация – коррупцияга қарши омил

05.04.2021 13:04:11

Ўзбекистон яна дунё майдонида ўз иддаосини билдириб, кўп кўрсаткичларда юқорилаб бормоқда. Лекин кўп йиллик турғунлик ўз таъсирини ўтказмай қолмади ва тўпланиб қолган муаммоларни ечиш бўйича кўп ишларни амалга ошириш керак. Муаммолар турлича: коррупция, ҳукуматга ишончсизлик, ижтимоий муаммолар, таълим, тиббиёт ва бошқа. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, агар мамлакат ривожланиши учун тўғри стратегия танланса уни ҳал этиш мумкин. Айрим муаммоларни ечиш учун вақт керак, аммо айримларини эса ҳозир ҳал этиш мумкин.

Қандай қилиб? инновацион йўл билан. У ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу нима ўзи ва қандай ёрдам бера олади? Ижтимоий инновация (social innovation), бу давлат ва жамиятнинг ривожига ҳалақит берувчи, эски муаммони ҳал этишдаги янги ғоя. Давлатнинг ташкил топишида, бошқарув тизими бенуқсон бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон - мураккаб йўлни босиб ўтган, ёш давлат. Ҳозир амалда барча фуқаро мамлакатда мавжуд муаммоларни билишади. Узоқ йиллардан буён давлат энди мамлакат Президенти номи билан биринчи бор музокаралар (диалог) бошлади. Ва у музокаралар ҳали давом этмоқда.

Ижтимоий инновация – бу айнан музокараларнинг ана шу қисми, муаммони ечимида ҳар бир яшовчи қатнашади. Унинг кўлами, яъни, иш ташкил этиши, маҳалла фуқаролар йиғинидан тортиб, то давлат ижро органига қадар турлича.

Бундай инновация бизга нега керак? Чунки, бу биринчи навбатда эскириган пойдевор, тиргаклардан воз кечиб, мавжуд моддий-маънавий бойликларни қайта кўриб чиқиб, давлат ва одамлар ўртасидаги муносабатларнинг самарали услубларига ўтишдир. Бунинг натижасида ҳаёт сифати анча яшиланади, аҳолининг хавфсизлик даражаси ва фаровонлиги юксалади, бу инновация худудларнинг, шаҳар ва қишлоқ ва маҳалаларнинг иқтисодиётига нисбатан кўпроқ таъсир этади.

Агар илгари ижтимоий инновация бир шахс томонидан жорий этилган бўлса ва ҳамда маълум муайян бир жойда амалга оширилган бўлса, эндиликда у муваффақият билан қўшма дастурлар орқали қўлланилмоқда, натижада мақсадга қисқа вақтда эришилмоқда.

Ҳали ҳам давлат органларига коррупцияда, ҳуқуқ органлари, банк тизими ва банк ходимларига ишончсизлик бўйича муаммо мавжуд. Бунга эскича усуллар билан курашиш, самарасиз. Қўйилган масалаларни батамом ечишга қодир янги услублар жорий этиш керак. Масалан, ривожланган мамлакатлар сингари, мамлакатнинг ўз ижтимоий инновациясини ишлаб чиқиш керак.

Кўпгина мамлакатлар коррупция муаммосини ҳал этишида қўллаган усуллар ғалати туюлиши мумкин. Жумладан, 1990 йилда Сеулда “OPEN”дастури ишга туширилган, унинг доирасида ҳар бир киши, шаҳар хокими(мэр)га ўз хатида нима унга умуман маъқул бўлмаётгани, ёқмаётгани хусусида хабар қилиши мумкин бўлган. Айниқса, тадбиркорларнинг арзларига алоҳида эътибор қаратилган. Агарда хокимнинг хизматчилари сабабсиз ушбу муаммони ечишни пайсалга солса ёки муддатини чўзса ёки пора сўраса, улар зудлик билан ишдан бўшатилган. Натижада, бир неча йил ичида хусусий бизнесда коррупция тўлиқ йўқотилган.

Ёки, Сингапур мамлакатида 1960 йилларда коррупция даҳшатли тус олган. Шунда мамлакат ҳукумати порахўрликни тергов қилиш учун махсус Бюро ташкил қилган, уларга фуқаролар амалдорлар устидан арз қилишларига имконият яратилган. Шунингдек, бюро орқали келтирилган зарарни ҳам ундириб беришни талаб қилишган, шунда бюронинг ходимлари терговда қатнашиш ва муммони ҳал этишда қатнашишдан бош тортганликлари аяб ўтирилмай қаттиқ жазоланган. Бугун бу мамлакат коррупция йўқлиги бўйича етакчи ўринни эгаллайди.

Швецияда эса жамоатчилик фикри ва черков фуқаролар ҳаётида катта рол ўйнайди. Чунки порахўрликка қарши курашда айнан шу восита(рычаг)дан фойдаланилган. Агар мансабдор шахсларнинг харажати, унинг ошкора, кўзга ташланадиган даромадидан ошиб кетган бўлса, жамиятда катта таъсир (резонанс) пайдо бўлган, бу амалдорни ўз эгаллаган лавозимини тарк этишга мажбур қилган.

Коррупцияга қарши курашнинг энг кучли инновацион чорасини Грузия мисолида келтириш мумкин. Грузия ҳукумати тубдан ўзгариш қилиб, Ички Ишлар вазирлигида бир йил ичида коррупцияга барҳам берган. Бир кун ичида 15 минг ИИВ ходимларини қайта тикланиши мумкин бўлмаган ҳолатда ишдан бўшатилган. ДАН ходимларини ҳам икки ой ичида тарқатиб, йўқ қилинган ва Американинг мисолида, нулдан Патруль полицияси ташкил этилиб, уларга катта ваколат берилган, яъни, энди йўл ҳаракатини, шаҳар кўчаларидаги ҳуқуқий тартибни ўрнатиш, турмушдаги жанжал, низо, мажоро, тўқнашув ва шу кабиларни ҳал этишга рухсат этилиб, юклатилган. Барча ислоҳотнинг мазмуни соддагина бўлиб, ижтимоий инновацион ёндошилиб, ҳуқуқ органлари сафидаги аввалги порага сотилган, тизимда ишлаётган биронта кишини қолдирмаслик кўзда тутилган.

Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кескин кураш эълон қилингани ҳаммамизга яхши маълум. Муҳтарам Президентимизнинг ҳуқуқ органлари (Давлат хавфсизлиги, Прокуратура, ИИБ вазирликлари) Молия вазирлиги ва бошқа тизимидаги коррупцияни бартараф этишга қаратилган ташаббуслари, натижасида, қатъий чоралари белгиланиб, бу соҳалар тозаланди ва қайта шакллантирилди.

Шунингдек, Ўзбекистонимизда йўл ҳаракатларини фото ва видеога қайд этиш ғояси ҳам аъло даражада ҳаётда жой олмоқда. Эндиликда истаган киши, интизом бузилишига кўзи тушса, қўл телефони орқали ва мессенджери бу хусусда Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Бошқармасига маълум қилиши ва унинг текширилиб, чора кўрилгани хақида ҳисобот олишлари мумкин. Бу инновацион усул хизмат соҳаси ишини енгиллатди, аҳолини давлатга ишончини оширди ҳамда ҳар бир шаҳар, қишлоқнинг хавфсиз бўлишига имкон яратилди. Айниқса, Ягона портал қисқа фурсатда фуқароларнинг барча мурожаатларини қисқа муддатда ечиб бериши билан танилди.

Ижтимоий инновациянинг зарурлиги кундан-кунга шак-шубҳа қолмаяпти. Муаммолар кўп бўлишига қарамай, уларни ечими жўнроқ, оддий бўлмоқда. Янги технологияларни қўллаш, гажет(инсон ҳаётини енгиллатиш ва мукаммаллаштириш учун мўлжалланган унча катта бўлмаган қурилма)лар ва ёшлар ўртасида кенг оммалашган барча қурилмаларни қўллаб, ҳар бир киши замонавий ва эркин давлатнинг янги қурувчисига айланмоқда. Қисқа муддатда бундай катта қадам ташланди. Ўтган йиллар тажрибасига ўлароқ мавжуд муаммоларга ижтимоий инновацион ёндошув, андоза, қолип(стандарт)да бўлмаган ечимлар, ривожланган давлатлар тажрибасига асосланган, ҳамда хориж экспертларини жалб этиш Ўзбекистонни 180 давлатлар ўртасида коррупция индекси рейтингдаги 180 даражадан бир неча поғона кўтарилишига имкон берди. Бу ўтган йиллар даврлардаги вазиятга қараганда бир мунча яхши натижа.

Мамлакатнинг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИДА Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш вазифаси белгиланган эди. Шунга кўра, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш қўмиталарини ташкил қилиш; ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурларни ишлаб чиқиш назарда тутилган эди. Республикамизда бу борада белгиланган вазифаларни бажариш устида қатор ишлар қилинмоқда.

Хўш, биз қандай курашаямиз?, кураша олсак, жумладан, Соғлиқни сақлаш тизимида коррупция қачон барҳам топади? Ушбу саволлар барчамизни анчадан буён жуда ташвишлантириб келади.

Лекин маълумотларга кўра, 2018-2019 йилларда мамлакатдаги соғлиқни сақлаш ходимларининг 581 нафари турли жиноят содир этиб, жавобгарликка тортилган. Шулардан 114 нафари коррупцион жиноятдир. Тизимда ўтказилган ички аудит натижасида ўтган икки йил давомида жами 36,2 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу борада яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмиталари аъзолари иштирокидаги йиғилишда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг, тизимда коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан берган маълумотида, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, сўнгги уч йилда соҳага оид 170 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани, соҳани молиялаштириш ҳажми йил сайин ортиб бораётганини айтган.

Таъкидлашича, соҳада коррупцияга қарши курашиш бўйича унинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган. Вазирлик тизимидаги тиббиёт муассасаларида беморлар ўртасида аноним сўров ўтказиш тартиби йўлга қўйилган. Мазкур сўров жараёнида аниқланган ҳолатлар кенг муҳокама қилиниб, тегишли чоралар кўрилган. Шунга қарамай, соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатаётган иллатларнинг ҳамон сақланиб қолаётгани аҳолининг тиббий хизматга бўлган ишончига жиддий путур етказмоқда.

Депутатлар фикрича, соғлиқни сақлаш тизимида кадрларни, айниқса, ҳамшираларни ишга қабул қилишнинг шаффоф эмаслиги, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда бюрократия ва сансоларликнинг мавжудлиги тизимда коррупция учун шароит яратмоқда. Шу боис, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш, улардаги коррупцияга шароит яратиб берувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда илғор ахборот технологияларини жорий этиш орқали инсон омилини қисқартириш юзасидан таклифлар билдирилган. Кадрларни ишга қабул қилиш ва жой-жойига қўйиштизимини қайта танқидий кўриб чиққан ҳолда, бу соҳада шаффофликни таъминлаш, вазирлик ва унинг тизимида "коррупцияга қарши ички аудит" тизимини доимий олиб бориш зарурлиги айтилган.

Бу маълумотлар билан танишиб, яна саволлар туғилади. Нега тартибга олиш талаб этилган шунча ҳужжатлар қабул қилинса, коррупция сабаблари ўрганилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ қилинса ҳам коррупция сақланиб қолмоқда, нега ўзгариш яққол кўринмаяти? Ҳамшираларни ишга қабул қилишни шаффоф қилиш қийин ишми? ёки дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш мураккабми?

Бизнингча, соҳада инновацион ёндошув хамон етарли эмас. Мана, Исроил давлатини олинг, тиббиёт соҳасида инновация замонавий технологиялар билан чамбарчас боғлиқ ва ўз қобилиятлари билан кенг фикрлайди, энг янги ускуналардан фойдаланишиб, доимо янги усулларни ихтиро қилишар экан. Ёшлар касбини обрў олиш учун ёки бу соҳанинг даромади даражасига қараб эмас, аксинча, касбига қизиқиш, истеъдодига қараб танлашар экан. Исроилда ҳар йили тиббиёт соҳасидаги тадқиқотлар ва фан учун катта миқдорда маблағ ажратилиб, умуман бу мамлакатда тиббиёт ва фан – ажралмас тушунчага айланган экан. Бунга ёрқин мисол, умуртқани 3D-печать ва жарроҳлигида, шикастланган қисмини импланти, махсус босиб чиқарилган 3D-печать принтерида алмаштирилган. Ушбу қурилма пайдо бўлиши чиндан тасаввурларни қойил қолдиради. У протезларни, тиббиёт қурилмаларининг деталларини, қон-томирлари ва тирик тўқималарни ҳамда кўплаган бошқаларни чоп этади. Бу каби мисоллар йил сайин кўпайган.Жумладан, АҚШдаги Канзас давлат университети тадқиқотчилари ушбу 3D-принтери орқали арзон диагностика қурилмаси яратган, уни смартфон билан бирга ишлатиб, ҳеч бир муболағасиз, бир неча секундда анемия касаллигини аниқлашган. Бу тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган асбоб камбағал кишилар яшайдиган туманлардаги одамлар учун арзон, фойдали экан. У пластик слайдга чоп этилиб, маълумот учун шифокор ёки лабораториянинг ташхиси(диагнози)га зарурият қолмайди.

Кўп йиллик кузатув, изланиш ва синовлар ва омма ичида ошкоралик ҳамда пок, виждонли таниш шифокор билан очиқчасига суҳбатларда тиббиётида учраётган коррупцияга сабаб бўлаётган кўз илғамас иллатларнинг хамон мавжудлигини қайд этилди:

Маълумки, мамлакат тиббиёти ривожига ҳисса бўлсин, аҳолига янада қулай замонавий тиббий хизмат ташкил этишни мўлжалланиб, хусусий даволаш масканларини очишга ҳам рухсат этилди. Рахмат, тадбиркорлар янги замонавий бинолар барпо этиб, жаҳон стандартидаги тиббиёт ускуналарини ўрнатиб, малакали шифокорларни жалб этиб, беморларга хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқдалар. Назаримизда шуни ҳам ҳисобга олиш керак, уларнинг бу бизнесини асосини халқимизнинг меҳнати билан яратилган инфраструктура, тайёр шароитлар (алоқа, электр энергияси, газ, сув таъминоти, йўл ва бошқалар) эвазига бу фаолиятни осон, ва қисқа фурсатда катта фойда олиш мумкин имкониятга эга бўлишларига қарамай, шу давргача давлат ҳисобидан бепул даволаниб келган халқимиз учун даволаниш нархларининг айримлари юқори белгилаб, қимматли хизматга айлантирилаётгани, кўпчиликни, айниқса, кам таъмиланганларни эътирозига учрамоқда. Бундан ташқари, давлатга қарашли поликлиника, касалхоналарда айрим турдаги касалликларнинг муолижасини пуллик бўлиши ҳам бепул даволаниб келган аҳоли қийинчилик туғдирмоқда.

Халқимизда “Тани соғлиқ-туман бойлик” деган гап бор. Аммо орамизда шундай одамлар ҳам борки, улар “Мол кетсин, пул кетсин, эсон соғлиққа не етсин” деган мақолни ўзларига шиор қилиб олиб, нажот излаб келган бемор ва хаста кишилардан тамагирлик билан пул олишга ҳаракат қилмоқдалар. Мақоламизда қасамёдига хиёнат қилиб, “оқ халатига доғ тушираётган” кимсалар хатти-харакатлари ҳақида аҳоли ўртасида, ижтимоий тормоқларда тарқалган гап-сўзларни, айримларини ошкор қилинган мисоллардан фойдаланиб, айримларини санаб ўтмоқчимиз:

1.Шифокор қабулига келган беморни (айниқса, пуллик хизматли даволаш муассасаларида), унинг даволаш ихтисосига тўғри келса-келмаса тезда ўзининг даволанувчи касали этиб, даволашга қабул қилиб, ўзи билганича даволашга киришиб, бошқа алоқадор шифокорлар билан ҳам маслаҳатга чақирмай (консилиум қилмай), хатто бўлим бошлиғига ҳам кўрсатиб ўтирмай, даволаб, унинг учун бемордан ўзи белгилаган тўлов пулини олишга ошиқади, уни асосан ўзи олиб, оз қисмини эса кассага прейскурант нархида топширади. Оқибатда даволанишнинг харажатлари беморларга ниҳоятда қимматга тушмоқда ва уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

2.Шифокор даволанувчининг касаллик варақасига, даволаган-даволамаган касалликларини даволанди деб тўлдириб ташлайди, шу тариқа, даволаш нархини оширади. Ахир бемор уни ўқиб ўтирибдими, имзо чекиб бераверади, ўқимоқчи бўлса ҳам шифокорларнинг ёзувини ҳамма ҳам ўқий олмайди.

  1. Мамлакатимизда ишлаб чиқилган шу беморга даво бўладиган арзон дори-дармон дорихоналарда етарлича бўлса ҳам ўзи келишиб қўйган дорихонадан хорижнинг қимматбаҳо дорисини ёзиб, сотиб олиш учун ўша дорихона манзилини ҳам айтиб, фақат шу ерда бор деб, шунга йўллайди. Чунки у шу дорихонадан ҳисса (бонус) олиб туради. Бепул касалхона ишлатадиган пахта, бинт, цприц каби айрим бошланғич дориларни ҳам бемор зиммасига юклайди. Табиий гиёҳлар, арзон дорилар мавжуд бўлса ҳам шифокор арзон даволаш бўйича маъсулиятсиз, чунки унинг киссасидан кетаяпти, чекловчи меъёрлар юклатилмаган. Қани энди, шифокорнинг Гиппократ қасамига содиқлиги, нопок ишларга қўл урмасликка ичган қасами.
  2. Айрим шифокорлар хориж компаниялари билан ҳамкорлик қилади бу яхши, аммо уларнинг қимматбаҳо дориларини кенг тарғиб қилиб, шуни тавсия қилади, компанияга сотилган дориларнинг коробкаларини ҳисобот учун тўплаб топширади. Улардан бонус олади ҳамда рағбат сифатида хорижда ўтказиладиган турли конференция, сипозиум, малака оширишга каби тадбирларида, ҳам саёҳат, ҳам хордиқ чиқариб дам олиб қайтади.
  3. Даволагани келган касалига жуда вақтида менга келибсиз, агар шу касалингизни тез даволатмасангиз, ҳаётингиз хавф остида эди, хатто ўлишингиз ҳеч гап эмас эди деб, беморни, қариндошларини хавотир солиб, таъма қилади. Ўзингиз биласиз, дилингиздан чиқариб бераверинг деб, пора бериш ва олишга ҳаракат қилади. Бемор холоскори сифатида, кўриб, тузалганига шукур қилиб, ўзи ҳам кўнглидан чиқариб бериб “совға” бериб кетади.
  4. Малака оширишни шифокорлар ёқтиради, лекин қизиқиб янги даволаш усулларини ўрганишга интилиш кам, шу билан бирга малака ошириш билан шуғуланувчи курслар ҳам чуқур билим беришга етарлича тайёрланмаган, улар қанчалик ўргатгани, малакасини оширгани, тингловчилар қанчалик ўрганди қатъий назорати етарли эмас. Шифокорнинг малакаси жиддий имтиҳон қилинмайди ва малакасини ошгани баҳоланиб, даражаси оширилмайди ёки туширилмайди, фақат “малака оширди” деган сертификат билан тақдирланади.
  5. Тез ёрдамдаги шифокорлар ҳам эътирозлари касалга келиб, кўрган бўлиб, бироз кутайлик деб, касални атрофида айланаверади, умидвор бўлади, уларнинг доимий тез-тез ўзлари борадиган касаллари ҳам бор, уларга бундай ҳурмат, эътибор пул бериб тургани учун уларга тезроқ хизмат кўрсатар экан.
  6. Шифокорларнинг рецепт ёзмаслиги, бир парча қоғозга турли қимматбаҳо дориларни ёзиб бериши ҳам уларни жавобгарликдан соқит қилган, чунки ким ёзгани, нега айнан шу қиммат дориларни ёзиб, ўзига тегишли дорихоналарга боришини тайинлайди. Бечора касалнинг имконини, бор-йўғини уни қизиқтирмайди, пул ишлаб олиш илинжида тиббиётни ўзининг бизнесига айлантирган.
  7. Шифокорларимизни нега касалликни профилактикасига эътиборсиз? Улар нега бемор касал бўлмасдан, аввал уни даволашга интилмайди? Нега физкультура ва спортга касални шуғулланишга мажбур этувчи тавсиялар ҳам бермайди? Ўзлари нима учун жисмоний тарбия қилувчи фуқаролар гуруҳларида шуғулланаётган даврасида эмас, даволаниб чиққан касалларни реаблитациясини шу жойларда тиббий кўригини ташкил қилмайди. Яқинда бир шифокорни сайлов дебатларидан бирида айтган гаплари мени хамон эсимда, нега энди биз олий маълумотли бўла туриб, уйма-уй юришимиз керак? Касал керак бўлса ўзи келсинда! - деб хитоб қилганини эшитиб хайрон қолдик..
  8. Нега фақат хорижнинг қимматбаҳо дори-дармони, аппарат ва ускуналарида даволашга жуда катта қизиқиш билан қаралиб, физкультура ва спорт билан даволашга ўзимизнинг ва хориж тажрибаларига таяниб қўлламаяптилар? Нима учун касалнинг ўзини соғлом турмуш тарзига амал қилмаётганига маъмурий ёки иқтисодий жазо бериш таклифларини киритмайди? Сабаби, шифокорларнинг аксарияти ўз соҳасига, касалликни кескин камайтириш ёки умуман бартараф этиш учун ижтимоий инновациялар киритишга, касалликни камайтиришга интилмайди. Улара бунинг учун унга маъсулият ошмас экан ҳамда рағбалантирилмас экан самара кутиш қийин. Ҳозирча, фақат эскича ишлаб, бемор кўпайиб, қатор навбатда турса яхши. Аксинча, беморни келишини кутмай, касалликни олдини олиш чораларини излаш пайти келди

Шифокор, давлатимиз томонидан ажратилган бюджет пулларини иқтисод қилса, шифокорнинг маошини ошириш, шартларига ўтиш нега қўлланилмайди? Уларга нима учун фақат даволовчи шифокор сифатида маош олади? Касалликни камайтиргани учун маош тўланмайди? Чунки, касалликни профилактикаси шифокор учун фойдали эмас. Бу борадаги бот-бот айтилаётган топшириқ, қарорлар уларга ўз таъсир қилмайди.

Уларни ҳам тушунса бўлади, маоши катта эмас, лекин давлатимиз йил сайин ошириб бормоқда. Янги-янги замонавий касалхоналар қуриб, ускуналар, дори-дармонлар сотиб олиб берилмоқда, ишлаш шароитлари яхшиланиб бормоқда. Лекин, уларни ўзи ишлайдиган бўлимига ўз ҳисобидан анжомлар сотиб олиши, бинт, пахта, цприц кабиларни ўзи бутлаши керак экан деган гапларни эшитиб, бунга ҳам ишониш-ишонмасликни ҳам билмайсан.

Айрим сабри йўқ айрим ҳамюртларимиз беморни келтириб, дарров, ҳали ташхис қўйиб, ёки даволаб бўлганча “бизга нима хизмат бўлса тайёрмиз” деб, мурожаат қилишади, ёки ҳе йўқ бе йўқ “Манавини олиб қўйингда ишимни тезроқ битказиб беринг” дейишни афзал билади. Ана ундан кейин ҳаммани “порахўрлик”да айблаб, ўзларига гард юқтирмайди. Яна давлат идорасида шифокорларни айбдор, ноҳақ улар эса ҳақ.

Буюк юнон табиби Гиппократ қасамёдидаги: "Мен бор кучимни ва ақлимни касалларнинг фойдасига, уларни ҳар қандай зарар ва адолатсизликлардан сақлашга сарф қиламан", деган улуғвор сўзлар ҳар бир шифокорга куч ва рағбат бағишлайди, ана шу қасамёдга содиқ қолиб, беморларга намунали хизмат кўрсатиши, шунингдек, "Ўзбекистон шифокорларининг қасамёди"га амал қилиб, бу қасамёдни ҳам дилига жо этиб, уни ҳар томонлама оқлайдиган шифокор ҳеч қачон кам бўлмайди. Аввало, улар эл назарига тушиб, обрў-эътибор қозонадилар, давлат миқёсидаги унвонларга сазовор бўладилар. Биз шундай шифокор мамлакат қаҳромонларини ҳам биламиз. Аксинча, қасамёдга зид хатти-ҳаракатларни намоён этган ҳамкасбларимиз бу соҳада ишлашга муносиб эмас.

Шифокор ва бемор бир-бирига керак. Дард билан олишаётган, юз-кўзида ҳаётга ташналик белгилари акс этиб турган инсоннинг жони омонат. Ёши, жинси, эътиқоди, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, шифокорнинг руҳий мадади ва кўмагига, малҳами ва дори-дармонига зарурат сезиб турган беморга ҳаёт бахш этинг, шунда сизни Яратганнинг ўзи олқайди. Эҳтимол, буюк табиблар Гиппократ ва Абу Али ибн Сино руҳи қалбингизни, ҳаёт йўлингизни янада чароғон этса, сизга бундан ортиқ бахт борми?

Менимча, сўз луғатимизда сингиб кетган, коррупция чақирадиган “Хизмат бўлса, бемалол”, “Сиздан угина, биздан бугина”, “Хамир учидан патир”, “Муомаласини қилиш керак” сўзларни унутишнинг вақти келди. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.

Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири бу коррупциядир. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида “коррупцияга оид ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этилишини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни йўқотиш чораларини кўриш вазифасини ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тиббиёт ходимлари ушбу партиянинг электорати ва аксарият қисми унинг аъзоси ҳамда Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарида депутат ва сенаторларимиз, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда депутатларимиз ҳамкорликда фаолият бошлаган.

Келинг, ушбу иллатни таг-томири билан қўпориб ташлашга, бугундан киришайлик. Иллатни енгиш учун ҳозирданоқ ҳуқуқий саводхонлигимизни ошириб, ижтимоий инновацияларни қўллаб, фуқаролик бурчимиз ҳақида ўйлайлик. Зотан, бугунги ҳаракатимиз халқимизнинг эртанги куни, келажаги учун хизмат қилса ажаб эмас.

К.ШАДИМЕТОВ

Ўзбекистон “Адолат” СДП “Инновация, муқобил энергия

тарғиботи” маркази раҳбари, Халқаро Экология, инсон ва

табиат хавфсизлиги фанлари Академияси, ҳақиқий аъзоси, академик

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+