Йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланади

16.02.2022 10:02:03

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 11-февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан ўзгартиришга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бугунги кунда Республикада транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари юқорилиги, йўл инфратузилмасидаги жиддий муаммолар йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётганлиги, оқибатда кўплаб инсонларнинг тан жароҳат олиши, энг ачинарлиси, инсонларнинг бевақт вафот этаётганлиги ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, Республикада йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалдаги муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлагани жуда ўринли бўлди.
Гуруҳ таркибига ҳукумат, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари киритилгани ўрганиш ишларини пухта ва самарали олиб боришда аҳамияти каттадир.
Гуруҳ томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олишнинг бугунги кундаги ҳолати комплекс равишда ўрганилиб, илғор хорижий тажрибаси ва илмий ёндашувларни қўллаш асосида норматив-ҳуқуқий ва манзилли ташкилий-амалий чоралар ишлаб чиқилиши топширилди.
Йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммолар – йўлларнинг ҳолати, пиёдалар ўтиш жойи, йўл белгилари, тартибга солинмаган чорраҳалар ва бошқаларга қаратилиб, уларни тубдан яхшилаш бўйича ҳар томонлама чоралар кўрилиши натижасида йўл ҳаракатидаги бахтсиз ҳодисаларни бир мунча олдини олишга эришилади.
Шунингдек, фуқароларни ҳайдовчиликка ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш, сифатини оширишга алоҳида урғу берилди. Бу ҳам юқорида қайд этилган йўл ҳаракатидаги муаммоларни олдини олишга хизмат қилади.
Партиямиз фаоллари, депутатлари ҳамжиҳатликда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, кўриладиган комплекс чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликка атрофлича етказиб ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни синчковлик билан ўрганишда муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Қаҳрамон Раҳимов,
халқ депутатлари Боғот тумани Кенгашидаги
партия депутатлик гуруҳи раҳбари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+