Йўл-траспорт тизими нега танқид қилинди? ёки инсон хавфсизлиги долзарб масала

17.02.2022 10:02:27

 Бугун жамоатчилик эътиборида йўлларда ҳаракатланишни тартибга солиш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш масаласи турибди. Бу бежиз эмас. Содир этилаётган кўнгилсиз ҳодисалар инсон хавфсизлиги билан боғлиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу хусусида сўз юритилгани бежиз эмас.  Давлатимиз раҳбари тизимдаги камчиликлар ва амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга тўхталди. Ўз ўрнида  бу масалани  охирги беш йилда бирор раҳбар, бирорта ташкилот жиддий ва таҳлилий  муҳокама қилмагани,  соҳа бўйича қонунлар ва ишлар мутлақо қониқарсиз эканлигини танқид қилдилар.

Йўл-транспорт ҳодисалари нафақат қонунбузарлик, айни вақтда инсонлар саломатлиги, керак бўлса ҳаётига зарар етказувчи омилдир. 2021 йилнинг ўзида республика бўйича 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани, бунинг натижасида  9 мингдан ортиқ инсон жароҳатлангани  ва 2 минг 500 га яқин фуқаро ҳалок бўлгани қанчалик ачинарли. Бу рақамларни шунчаки тилга олиш қийин.

Шу ўринда савол туғилади: бунга сабаб нима? Албатта биргина соҳада етарли иш олиб борилмаётгани ёки  қонунчиликни талаб даражасида эмаслиги дейиш ўринсиз. Бунинг учун ҳайдовчидан тортиб барча бирдек масъулиятни ошириши  лозим. Айниқса йўловчи маданиятини ошириш мақсадга мувофиқ. Чунки аксарият ҳолларда ҳайдовчи масъулияти ҳақида гапирамизу йўловчи масъулиятини унутиб қўямиз. Ваҳоланки, айрим ҳолларда пиёдалар ҳам кўнгилсиз ҳодисаларга сабабчи бўладилар.

Таъкидланганидек, йўллардаги ҳолатнинг талаб даражасида эмаслиги ва  инфратузилмаси оқилона ташкил этилмагани ҳам  муаммо.  Хавфли кўчаларни  барча ҳудудларда кузатиш мумкин. Бу ҳам содир этилаётган кўнгилсизликларнинг асосий сабабларидан бири. Мутасаддилар бу борада масъулият билан иш юритиши зарур.

Юқоридагилар бир томон бўлса, ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини қасддан менсимаслиги ва тажрибасизлиги бир томон. Айни шу сабаб “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури амалга оширилиши жуда ўринли.

Айрим қўпол қоидабузарликлар, уларни такрор содир этиш ҳолатлари ҳам кишини ўйлантиради. Энди бу борада жазонинг муқаррарлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳатто ҳайдовчининг автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш даражасига борилади. Бу хавфсизликни таъминлаш ва инсон ҳаётини сақлашга хизмат қилади.

Шу ўринда автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида “йўл безорилиги”, деган янги жавобгарлик турининг киритилиши мақсадга мувофиқдир. Бу айни вақтда ҳайдовчилардан ҳаракатланиш даврида бир бирига ҳурматда бўлишни ҳам талаб этади.

Видеоселекторда таъкидланганидек, транспорт оқимини бошқаришнинг энг самарали йўли – рақамлаштириш. Бошқа соҳаларда бўлгани каби  “рақамли бошқарув” тизимига ўтиш вақти келди. Маҳаллий ҳокимликлар ва масъул ташкилотлар бу йўналишдаги ишларни қанчалик тез амалга оширса шунча яхши.

Муқимжон Ботиров,
халқ депутатлари Олтинкўл туман кенгаши депутати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+