Камарбаста бўлишимиз лозим

26.09.2020 19:09:59

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги ўзбек тилидаги нутқи нафақат биз Ўзбекистонликлар, балки жаҳонинг турли гўшаларида яшаётган минг-минглаб ўзбекларда катта қизиқиш, юксак фахр ва ғурур уйғотди. Халқимизнинг неча асрлик маданий, бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан бири эканлиги яна бир карра ўз исботини топди.

Албатта, 2020 йил бутун дунё учун қаттиқ синовлар йили бўлмоқда. Бутун ер юзини қамраб олган коронавирус пандемияси инсониятнинг заиф томонларини яққол кўрсатиб бермоқда. Шундай таҳликали ва мураккаб вазиятда ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро ҳамкорликда, ҳамжиҳатлик ва бирликда ҳаракат қилиши муҳимлиги Президентимиз маърузасининг кириш қисмида қайд этиб ўтилди. Ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш мақсадини кўзда тутган ҳолда БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Ушбу фикрларнинг ўзидаёқ муаммога эътибор қаратилиши билан бирга мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигига яққол ишора ва чорлов бор. Чиндан ҳам дунёни эгаллаган муаммони ўзаро ҳамкорликсиз, якдилликсиз енгиб бўлмайди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз нутқида дунёни эгаллаган 10 дан ортиқ глобал муаммолар ҳақида тўхталиб, уларнинг ечими борасида ҳам таклифларини бериб ўтди. Жумладан, БМТ ҳузурида доимий қўмита тузиш ташаббуси Афғонистон муаммосини ҳал қилиш Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда муҳимлиги, Марказий Осиё давлатларининг Терроризмга қарши глобал стратегиясини амалга оширишга бағишланган қўшма ҳаракатлар режаси 10 йиллигига бағишланган Халқаро анжуман ўтказиш таклифи, Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш бўйича махсус резолюцияни қабул қилиш ҳақидаги ташаббус шулар жумласидандир. 

Айниқса, пандемия шароитида кескин тус олиб, ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчани бирдек ташвишга солиши лозимлигини таъкидлаб қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклифини илгари сургани президентимиз нутқини эшитиб турган кўп сонли аҳолининг кўнглидаги гап бўлди десам янглишмайман.

Биргина мисол келтирсам, ўша тарихий кун 23-сентябрда маърузани маълум сабабларга йўлда тинглашга тўғри келди. Машинада кетар эканмиз ҳаммани қўлида телефон давлатимиз раҳбарининг нутқини диққат билан тинглар эди. Бирор янгилик, яхши ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳақида сўз кетса, эшитмай қолмай деб ҳеч биримиз гапирмасдан маърузани тинглаб кетдик. Президентимизнинг юқоридаги сўзларини тинглаб кетаётган ёнимдаги ҳамроҳим “4 та фарзандим бор, 2 та катта фарзандим билан ҳеч тил топиша олмайман, улар ҳам уйга келишни хоҳламайди, ота-онамникида юришади. Бизга меҳри камдек. Каттам бир ярим ёш, иккинчи фарзандим энди туғилган пайтида четга кетгандим. Келганимда каттам 5 га тўлган эди. Иккинчи фарзандим ана тоғам келди деб айтганда бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Бугунги кунда ёшлар учун яхши имкониятлар яратилмоқда, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда, мана Президентимиз ҳам БМТ минбарида туриб камбағалликни қисқартириш бўйича яхши фикрлар билдирди. Бу имкониятлардан фойдаланиш керак”  деб қолди.  

Бир сўз билан айтганда, БМТ минбари орқали илк маротаба ўзбек тилида янграган Президентимизнинг тарихий нутқларини, долзарб, асосли таклиф ва фикр мулоҳазаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида барчамиз камарбаста бўлишимиз зарур.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд

шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+