Конституция ва қонун устуворлиги доимо таъминланади

29.04.2021 17:04:15

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан умумий юрисдикция судларига шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Айни пайтда фақат муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини беришни даврнинг ўзи тақозо этаётган эди.

Жорий йилнинг 27 апрелида Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуннинг асосий мақсади айнан жисмоний ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланиш имконини бериш, фуқаролар, хўжалик юритувчи субъектлар, давлат органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан шикоят қилиш ҳақидаги талабнинг кўриб чиқилиши тартиб-таомилларини такомиллаштиришда Конституциявий суднинг ролини белгилашдан иборатлиги билан аҳамиятлидир.

Қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар  киритилди.

Шу кунга қадар Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан тартибга солинарди. Аммо Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилган эди.

Аксарият мамлакатларда Конституциявий судлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидалар Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим. 

Президент имзолаган мазкур қонун мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор долзарб муаммолар бартараф этилишига хизмат қилади.

Ишончим комил, мазкур қонун конституциявий суд ишларини юритишни янги босқичга кўтаради. Хусусан, ушбу қонун билан фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат килиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилди.

Шу билан бирга, қонунда Конституциявий суд ваколатлари, судьянинг мақоми аниқ ва равшан баён этилган. Ҳатто Конституциявий суд ишларини юритиш, ундаги иштирокчилар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз ифодасини топгани суд иши юритилиши билан боғлиқ ҳаволаки нормаларга эҳтиёж қолдирмаган.

Кези келганда таъкидлаш лозим, ҳар бир фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифаси бўлиши лозимлиги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларидан ҳисобланади.

Ушбу позициядан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши партиямизнинг мақсад ва маслагига тўлиқ мувофиқ келади. Яъни, мазкур қонун ёрдамида мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида Конституциявий суднинг роли ошишига, Конституция ва қонун устуворлиги тамойили амалда ўз ифодасини топишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

Дилшод ХАМЗАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СПД фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+