Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун

17.06.2022 15:06:48

Конституция – догма эмас. У ҳам замонавий ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштирилиб борилмоғи зарур. Агар дунё конституциявий амалиётига эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги 30 йилликда 90 га яқин давлатда демократик конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, уларнинг 53 тасида янги конституциялар қабул қилинганлигини кўрамиз.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, муайян вақт ўтгандан сўнг давлатнинг Асосий қонунига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш ҳаётий заруриятга айланиб боради. Мазкур жараён, айниқса, мамлакатимизда 2017 – 2022 йилларда ва “инсон қадрини юксалтириш” мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда конституциявий ислоҳотларнинг бошланишини қуйидаги асосий омиллар ва сабаблар тақозо этди десак, муболаға бўлмайди:

биринчи сабаб, илгари амалда бўлиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартириш зарурияти мазкур ислоҳотларнинг бошланишига бирламчи асос бўлди, десак муболаға бўлмайди; 

иккинчи сабаб, мамлакатимиз тараққиётининг сўнг­­ги йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юзага келган янги ижтимоий муносабатларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш. 2017-2022 йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларни рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тан олиб айтиш керакки, бугунги кунимизни рақамли технология­ларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, бугунги тараққиётимизнинг асосини рақамли иқтисодиёт, рақамли туризм, рақамли суд, рақамли давлат хизматлари каби тушунчалар ташкил этаётганлиги айни ҳақиқат;

учинчи сабаб, сўнгги йилларда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш борасида жорий этилган янги механизмларни Бош қомусимизда мус­таҳкамлаш зарурияти. Маълумки, мулк­дор бўлиш ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан биридир. Шу сабабли, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада кафолатли тизим жорий этиш ва ҳар қандай шароитда ҳам мулк дахлсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади;

тўртинчи сабаб, экология ва атроф табиий муҳитнинг соф­лигини сақлаш, уни келажак авлодга безавол етказиш борасидаги улуғвор мақсадларни Конституцияда белгилашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда;

бешинчи сабаб, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги давлат томонидан яратилиб берилган кафолатлар тизимини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш ҳам Бош қомусимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш заруратини юзага келтирди. 

Хусусан, Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда халқаро стандартларга тўла жавоб берувчи таълим тизими жорий этилганлиги, жамиятнинг ёшлар қатламини ҳар жиҳатдан баркамол авлод сифатида вояга етиши учун амалга оширилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақомини белгилаш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан ташқари, Бош қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун давлат ва жамият бошқарувида маҳалла институти ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг мақомини янада мус­таҳкамлаш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам сабаб бўлганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Маълумки, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Конституция­сига 16 маротаба турли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бироқ Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйи­­ча бош­ланган янги конституциявий ислоҳотлар олдингиларидан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади:

биринчи фарқли жиҳати; аввало, ҳозирги конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти кенг қамровли бўлиб, Конституциянинг барча бўлимлари, боблари ва моддаларини кенг муҳокама қилиш асносида амалга оширилмоқда. Буни жорий йилнинг 26 май кунидан эътиборан фуқаролардан таклифлар олиш жараёнининг бош­ланиши мисолида ҳам кўришимиз мумкин;

иккинчи фарқли жиҳати; Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган ҳозирги ислоҳотлар “жамият ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғояга асосланган ҳолда олиб борилмоқда;

учинчи фарқли жиҳати; ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёни замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Мазкур ҳолат ҳам Бош қомусимизда белгиланган “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир” деган олтин қоиданинг ҳаётийлигини исботламоқда.

Яратилиб берилаётган мазкур имкониятлардан “Адолат” СДП жамоаси ҳам унумли фойдаланмоқда. Таклиф бериш жараёни бошлангандан то ҳозирга қадар “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партия тизимидаги ходимлар ва фаол ёшлар томонидан 500 дан зиёд таклифлар турли манбалар орқали Конституциявий комиссияга юборилганлигини айтиш жоиз.

Шу ўринда, “Адолат” СДП жамоа­­си партиянинг устувор мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат ва жамият бошқарувининг барча соҳаларида адолатни қарор топтириш, коррупция иллатига қарши муросасиз кураш олиб бориш, адолат ва одил судловни амалга ошириш, ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Бош қомусимизда қуйидаги муҳим масалалар ўз ифодасини топиши керак, деб ҳисоблайди:

биринчи таклиф: Конституциянинг 7-моддаси иккинчи қисмидаги “манфаатларини кўзлаб” деган сўзлардан кейин “ижтимоий адолат тамойилларига таяниб” деган сўзларни киритиш. Мазкур таклифнинг моҳиятида Янги Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини амалга ошириш ижтимоий адолат тамойилларига асос­ланган ҳолда амалга оширилиши назарда тутилаётганлиги билан аҳамиятлидир;
иккинчи таклиф: Конституциянинг VII бобида “Фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга” эканлигига доир нормани белгилаш таклиф этилади. Ўзбекис­тон Респуб­ликасининг “Судлар тўғ­рисида”ги қонуни 14-моддасида “Ўзбе­кис­тон Рес­публикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахс­ларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгиланган. Мазкур нормани Бош қомусимизда умумий характердаги норма сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз;
учинчи таклиф: партия тизимидаги фаол ёшларнинг ташаббусларига асосан Конституцияда “Ёшлар” деб номланган янги бобни киритиш ва унда ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта ва бебаҳо бойлиги эканлиги, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, ёшлар учун давлат томонидан яратиб берилаётган кафолатлар тизимини белгилаш таклиф этилади. Аҳолисининг қарийб 57 фоизини ёшлар ташкил этадиган Янги Ўзбекистоннинг Асосий қонунида ёшларга аталган муҳим масалаларнинг белгиланиши долзарб аҳамият касб этади;
тўртинчи таклиф: Конституциянинг 41-моддасида белгиланган таълимга оид нормани батафсил тарзда ифодалаш мақсадида Конституция­­да “Таълим” деб номланган янги бобни киритиш, мазкур бобда мактаб­гача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим (профессионал таълим) ҳамда олий таълимга доир нормаларни алоҳида тарзда ифодалаш таклиф этилади;
бешинчи таклиф: Конституциянинг олтинчи бўлими номини “Конс­титуцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” деб қайта номлаш таклиф этилади. Миллий конституциявий амалиётимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Конс­титуцияга ўзгартириш киритилиши билан бир қаторда, унга бир неча маротаба турли қўшимчалар ҳам киритилганлигини кўриш мумкин. Шу сабабли, Бош қомусимизга қўшимчалар киритилиш жараёнининг ҳам конституциявий-ҳуқуқий мақомини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бир сўз билан айтганда, бугунги амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар қуйидаги ижобий жиҳатлари билан халқимиз ва давлатимиз тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эгадир:

биринчидан, мазкур ислоҳотлар, том маънода, “инсон қадри учун” деган эзгу тамойилнинг ҳаётда ўз исботини топишига;

иккинчидан, давлат ва жамият ишларини бошқаришда халқнинг хоҳиш-иродасини батамом қарор топтириш борасидаги демократик ислоҳотларнинг тадрижийлигини таъминлашга;

учинчидан, адолатли ва одил судловни таъминлаш, замонавий ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг конс­титуциявий-ҳуқуқий мақоми белгиланишига;

тўртинчидан, Янги Ўзбекис­тоннинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи янада ортиб, жонажон юртимизнинг ижобий имиджи янада юксалишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+