Коррупция – жамият тараққиётига қарши жиноят

22.02.2021 10:02:16

Инсоният тарихида давлатлар ташкил топгандан буён коррупция ва шу каби бошқа салбий иллатлар уларни ичдан емирадиган ижтимоий иллат сифатида вужудга келди, ҳокимият ва бойлик учун ҳирслар таъсирида ривож топди. Бугунги кунда авж олиб бораётган глобаллашув жараёнида бу даҳшатли иллатнинг бир давлат эмас, балки, бутун дунё тараққиётига хавф солувчи тури - халқаро коррупция пайдо бўлди. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, жамият ва давлат учун жуда хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг тарқалишига шароит яратиб беради.

Демократик давлатлар коррупцияни ривожланиш ва янгиланишнинг илдизига болта урувчи хавфли иллат сифатида тан олиб, бу борада тизимли равишда иш олиб боришни ўзларининг асосий вазифалари деб белгилаганлар.

Тарихга назар ташласак, турли давлатлардаги катта-кичик мансабдорлар томонидан коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этилгани, коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиниб, турли хил жазолар тайинланганининг гувоҳи бўламиз.

БМТнинг халқаро миқёсда коррупцияга қарши кураш бўйича маълумотида шундай дейилган: “Коррупция – бу шахсий мақсадларда наф кўриш учун давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш”.

Коррупцияга қарши кураш борасидаги энг асосий халқаро ҳужжат бу - шубҳасиз, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳисобланади.

Коррупция жиноятларига оид нормаларда жиноят предмети сифатида фақат моддий хусусиятдаги манфаатлар таъкидланади (масалан: пул, буюм, моддий қийматликлар ва ҳ.к.лар), лекин қонунда моддий қийматликлардан ташқари қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга жиддий зарар, зиён ҳақида ҳам гапирилади. Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён ёки зарар етказилганда жиноят предмети нафақат моддий ёки номоддий бойликлар, балки турли мазмундаги ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин.

Бошқарув тартибига қарши коррупция жиноятларида ҳаракат айнан ғайриқонуний бўлиши керак ва бу хизмат вазифаларининг бажарилиши билан алоқадор бўлиши лозим. Аксарият ҳолларда мансабни суиистеъмол қилинганида унинг ҳуқуққа хилофлик хусусияти яққол намоён бўлади, сабаби бу ҳаракатлар айрим қонун нормаларнинг бузилиши билан содир этилади. Масалан, назорат ёки тафтиш органлари ходимлари талон-торожни атайлаб яширадилар, аниқланган камомадни тафтиш далолатномаларида кўрсатмайдилар, корхона раҳбарлари ғараз мақсадларда молиявий ёки штат интизомини бузадилар. Бошқарув тартибига қарши коррупция жиноятлари ичида давлат ёки жамоат мулкларини вақтинчалик фойдаланишга бериб туриш, ғайриқонуний равишда моддий бойликларни сарфлаб юбориш ёки кераксиз йўналишга сарфлаш, порахўрлик кабилар кўпроқ учрайди. Бундай ҳаракатлар моддий томондан корхона ва ташкилотларга жиддий зарар етказади.

Мухтасар қилиб айтганда, коррупция - жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, у нафақат хуфёна, балки коррупцияга доир муносабатларга киришган томонларнинг ўзаро келишувига биноан содир этилади. Аксарият ҳолларда у тегишли ҳокимият органларига шикоят берилишига сабаб бўлмайди, чунки ғайриқонуний келишувдан иккала томон ҳам наф кўради. Ҳатто пора сўраш ҳоллари устидан ҳам камдан-кам ҳолда шикоят қилинади, коррупция ҳаракатлари одатда давлат фаолиятининг мутахассис бўлмаган кишилар тушуниши анча қийин бўлган ўзига хос турларида содир этилади ва у ўта мослашувчан жиноятдир.

 

Маҳмуд ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+