Кузги экологик масалалар оқилона ечимга муҳтож

02.10.2021 09:10:53

Куз тўшаган гилам – хазон билан муомала қилиш кўп вақт ва меҳнат талаб қилувчи юмуш. Улар билан ишлаш қўл ушлайдиган иш бўлгани, тўплаган тақдирда чиқиндилар ошиб кетиши сабаб кўпчилик осон йўлни – ёқишни танлайди. Бу эса шундоқ ҳам кун сайин ёмонлашаётган экологияга яна бир бор душманлик ҳаракатидир.

Аслида табиат – табиб, унда барча табиий жараёнлар инсоният фойдасига хизмат қилади. Шу жумладан, ер билан битта бўлган хазон барглари ҳам ёқиб йўқ қилинадиган эмас, ўрнида ишлатилса наф келтирадиган манбадир. Ундаги органик моддалар тупроқ таркибини яхшилаши мутахассислар томонидан исботланган.

Тўғри, майсазорга ёки гулзорга тушган барглар ёруғлик ва ҳаво қабулини тўсиб қўяди. Шунингдек, нисбатан иссиқ ва нам ҳавода хазон барглари моғорлашни бошлаб, аллергия, астма, конъюнктивит каби касалликларни келтириб чиқаради. Бироқ, мевали дарахтлар тагига кўмилса, чириндига бой ўғит келаси йилги мўл хосилга хисса қўшиши-чи?  Қуруқ барглар айрим ўсимликлар учун илиқ ва муҳофазавий қалқон вазифасини ўташи ҳам бор гап.

Барглар билан бойитилган ер енгил бўлади, у зич тупроқ учун пишириш кукуни кабидир ва илдизларга ҳаво киришини таъминлайди. Бу айниқса сув турғун бўлган жойларда ботқоқланишнинг олдини олиш учун муҳимдир.

Ўрмонларда барглар асрлар давомида тўпланиб, ўсимликлар ва ҳайвонлар учун қулай муҳит яратади. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, хазон – кераксиз чиқинди эмас, балки озиқ моддалар айланишининг муҳим бўғинидир. Дарахтдан тўкилган баргларда чувалчанглар тез кўпаяди, хазон улар учун озиқ-овқат ҳисобланади. Ўз навбатида, тупроққа органик моддалар кириб келади ва сифати яхшиланади.

Кузги баргларда азот шу қадар кўпки, бу борада барг чиринди ва қўй гўнги билан ҳам беллаша олади. Шу жиҳатдан ўсимликлар учун фойдаси беназир. Хазон билан тўйинган тупроқ “баҳаво” бўлиб, ўсимликлар илдизи нафас олишини тубдан яхшилайди. Мазкур омил туфайли тупроқ қуриб кетмайди, унумдор қатлами парчаланмайди, совуқ ҳавога чидамли бўлади. 

Тўпланган баргларни кўмиш – энг мақбул йўл. Чунки улар экологик тизимнинг бир унсури, у табиатга қайтарилиши, она ер бағрига сингиши даркор.

Хазоннинг табиий биологик ўғит сифатидаги фойдаларини назардан ўтказдик. Энди, тасаввур қилинг, табиатнинг бу фойдали унсури ёқилди, йўқ қилинди. Нафдан бебаҳра қолинди, шундайми? Афсуски, шу холос эмас. Нафақат фойдадан мосуво бўлинади, балки катта зарар кўради.

Хазонлар ёниш пайти диоксинлар (атроф-муҳитни зарарловчи моддалар) ҳавога ёпирилади. Бу инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиб, нафас олиш аъзоларининг сурункали хасталикларидан тортиб генетик ўзгаришларгача замин ҳозирлайди. Ёз давомида барглар ҳаводаги оғир металларни тўплаб, ҳавони тозалаш билан банд бўлади. Ёндирилганда эса бу моддаларнинг ҳаммаси ҳавога қайтишини тасаввур қилинг! Мутахассислар томонидан муқояса қилинишича, хазон тутунидан нафас олиб ўтказилган 1 соат вақт – шаҳар магистралида 5 соат қолиш билан тенгдир. 

Демак, бир қанча мамлакатлар (Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон) қонунчилигида хазонни ёқиш тақиқланиши, бундай хатти-ҳаракат учун жарима белгиланиши бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” деб таъкидланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” дея қайд этилган.

“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2-моддасида ёзилишича, табиатни муҳофаза қилиш объектлари (ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси) ифлосланишдан, бузилишдан, зарарланишдан, ориқлаб кетишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетишдан, нооқилона фойдаланишдан муҳофаза этилиши лозим.

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида эса “Фуқаролар атмосфера ҳавосини авайлашлари, унинг ифлосланишига, камайишига ва унга физикавий омиллар зарарли таъсир этишига олиб келувчи ҳаракатларни қилмасликлари шарт”, деб ёзилган.

Кўриб турганингиздек, хазон ёқилишини қонун тақиқлайди, мутахассислар қоралайди. Лекин ҳамон куз келиши билан хазон тутуни кўзларни ачиштиришни, димоғни бўғишни бошлайди. Афсуски, тегишли ташкилотлар томонидан назорат кўнгилдагидек эмас. Экологик партия (ҳаракат сифатида фаолият юритганида ҳам, партияга айланганидан кейин ҳам) бу борада таъсирчан ташаббуслар билан чиққани йўқ.

Тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олиш ва бу орқали соғлом яшаш – инсониянинг олий ҳуқуқи, унга даҳл кўрсатувчи ҳар қандай омилга қарши қатъий курашиш шарт!  

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+