Илмдан бошқа нажот йўқ

01.10.2020 00:10:29

Шубҳасиз, дунёда иккита эзгу касб бўлса, бири – ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир истеъдод, салоҳият, маънавияти юксак комил шахс, энг аввало, устознинг тўғри таълим-тарбияси, машаққатли меҳнати самарасидир.

Ўлкамизда азалдан халқимиз муаллимлик касби соҳибларига алоҳида эъзоз ва эҳтиром билан муносабатда бўлиб келган. Ҳазрат Алишер Навоий бу эъзозни қуйма байтда ифодалаб берган: “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”.

Дарҳақиқат, устоз меҳнати ҳар қанча таҳсинга, ҳар қанча иззат-икромга лойиқ.  Шу боисдан юртимизда айниқса кейинги тўрт йил ичида ўқитувчи-мураббийлар меҳнатига алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларнинг фақат таълим-тарбия билан шуғулланишлари, ижодий ва илмий изланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, ҳудудларда уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ишлари барҳам топди, ўз фаолиятига доир бўлмаган фаолият билан шуғулланиш тўхтатилди, ўтган давр мобайнида ойлик иш ҳақлари миқдори сезиларли равишда ошди. Ортиқча қоғозбозлик ва текшир-текширларга чек қўйилди. Бу фақат устозларимиз фаолияти билан боғлик ислоҳотларнинг бир қисми холос. Таълим тизимидаги ўзгаришларни гапириб ўтиришга эса ҳожат бўлмаса ҳам керак. Барчасини халқимиз ўз кўзи билан кўриб турибди.   

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни эса умумхалқ байрамига айланганининг ўзиёқ мамлакатимизда таълимга берилаётган эътиборнинг нишонасидир.  

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида шу санага бағишланган, илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтказилган байрам тадбирида Президентимиз ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат билан чиқди.

Ҳаммамизга маълум, пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитда ҳам фидойи муаллимлар ўқитувчилар ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Бу ҳам ўзига хос фронт. Зеро, шифокорлар тана саломатлиги учун кураш олиб борса, устоз-ўқитувчилар маънавий-руҳий соғломлик, ақл-тафаккур тантанаси учун кураш олиб борадилар.

Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида юртимиз тарихида IX-XII ва XV асрларда фавқулодда улкан кўлам ва маҳобат билан тарих саҳнасига чиққан, инсоният учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилган биринчи ва иккинчи Уйғониш даврларини эслаб ўтди.

Оққан дарё оқмай қолмаганидай, бу жараёнлар янги мазмун-моҳият касб этиб, давом этиши лозим эди. Бунинг учун тарихий шароит ва зарурат етилган эди. Бироқ ижтимоий портлаш, илм-фан инқилоби, маънавий юксалишлар фақат ҳақиқий мустақиллик шароитидагина амалга ошади. 

“Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар”, дея таъкидлади Президентимиз. Дарҳақиқат, шундай бўлиши мумкин эди. Аммо бу юксалишдан манфаатдор бўлмаган мустабид тузум ўзининг қабиҳ режасини амалга оширди: жадидлар жисман қатлиом этилди. Акс ҳолда ўлкамизда не эврилишлар, не юксалишлар рўй берарди, буни тасаввур этиш ҳам мушкул.

Президентимиз фармонига кўра Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхоновлар “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани ҳам бугунги жамиятимизнинг жадид боболаримизга юксак эҳтиромининг, миннатдорлигининг бир кўринишидир.

Эътироф этайлик, бундай буюк булоқлардан сув ичган, илдизи замонлар қаъридаги маънавий-илмий, руҳоний юксакликларга етиб борган халқ яна ривож топади, юксалади. Давлатимиз раҳбари бугун Ўзбекистонда улуғвор мақсад – янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини қайд этиб ўтди.

“Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак”, дея таъкилади ўз мурожаатида давлатимиз раҳбари.

Ҳа, бундай улуғвор мақсад-режалар, оламшумул юксалишлар ўқитувчи-мураббийларнинг фидокорона меҳнати билангина амалга ошади.

Шундай экан, биз бу касб соҳаларини ҳар қанча эъзозласак, ҳар қанча бошимизга кўтарсак арзийди. Бу борада электоратининг каттагина қисмини айнан ўқитувчи-мураббийлар ташкил этадиган “Адолат” СДП олдида айниқса масъулиятли вазифалар турибди. Жумладан, партия сайловолди дастурида илгари сурилган “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш ва қонуннинг ҳақиқий эгалари бўлган устозларимиз муҳокамага чорлаб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштиришимиз лозим. Бундан ташқари ўқитувчилар фаолиятига ҳар қандай аралашувига йўл қўймасликка кўмак бериш мақсадида жойлардаги бошланғич партия ташкилотларимиз билан маҳаллий Кенгаш депутатларимиз ҳамкорлигиниа янада оширишимиз лозим. Зеро, миллат келажагининг бунёдкори бўлган зотлар муносиб шароитда, муносиб тарзда фаолият юритишини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан соҳа ходимларига йўллаган мурожаати эса партиямиз, депутатларимиз фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+