Менинг кимлигимни эл билса бўлди...

18.08.2020 08:08:59

Пандемия шароити бутун мамлакат кўз ўнгида заиф нуқталаримизни ҳам, кучли томонларимизни ҳам намойиш этиб қўйди... Тўғри, дунёнинг катта-катта, кучли давлатлари ҳам дастлаб қаттиқ қийинчиликларга дуч келдилар. Ўзбекистон ҳам вазиятни бошқаришда бор куч-салоҳиятини ишга солди.

Бу жараён кимнинг кимлигини аниқлаб беришда катта аҳамиятга эга бўлди. Биз илгари ҳам барча соҳа имтиҳондан ўтаётганлиги ҳақида ёзган эдик. Бугун энг муҳим бўлган тиббиёт соҳасида эътиборга муҳтож бўлган оғир нуқталар аниқланди, оғриқли нуқталар кўринди... Бу соҳа вакиллари коронавирус ўчоқлари бўлмиш шифохоналарда, карантин зоналарида кунни кун, тунни тун демай меҳнат қилмоқдалар. Кўпчилик тиббиёт ходимлари, етук мутахассислар касал юқтириб олиш натижасида ҳаётдан кўз юмдилар. Битта шифокор 10 йилда тайёр бўлишини назарда тутадиган бўлсак, халқ қандай катта йўқотишни бошдан кечираётгани англашилади. Бу инсонлар том маънода жасоратли мард кишилардир. Уларнинг ўз ҳаётини ўйламасдан кўрсатган жасоратлари ҳақида, ҳар бир инсон ҳақида алоҳида китоблар ёзилиши керак. Айни кунларда шифокорларнинг жасоратлари, уларнинг заҳматлари, меҳрибонликлари ҳақида тўғридан-тўғри интервьюлар, видеоларни кўряпмиз. Ҳақиқий шон-шараф соҳиблари, ҳақиқий эҳтиромга лойиқ инсонлар эканликларига ишоняпмиз. Публицистларимиз, ёзувчи-шоирларимиз ҳали бу қисматларни қаламларида тирилтирадилар.

Лекин бу ижобий томонлар билан бир вақтда айрим етиб келаётган маълумотларга кўра, шарафли меҳнат қилаётган, халқ олқиши, дуосини олиб меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ойлик маошга тўланадиган устама пуллари ўз вақтида берилмаётганлиги, баъзи ҳолларда махсус кийимлар билан таъминланмаётганлиги каби ҳолатлар дилни хира қилади. Яна кимнинг кимлигини билиб олмоқдамиз.

Карантин даврида ҳаммадан уйда қолиш сўралди. Уйда қолдик. Аммо шифокорлар билан бир қаторда уйда қололмасдан ишлаган соҳа кишилари ҳам бор. Балки бизга уларнинг жонбозлиги сезилмагандир, чунки одатдаги ҳаётимизда ҳам телевидение, радиони ёқсак, тинимсиз кўрсатув, эшиттиришлар берилганидек, пандемия даврида ҳам булар узлуксиз давом этди. Газета-журналлар чоп этилиб турди, ҳеч бўлмаса, уларнинг электрон версияси етиб келди. Интернет сайтларида, телеграм каналларида тезкор маълумотлар эълон қилиниб турди. Буларни ким таъминлади, ким юритди? Ўзбек журналистикаси ҳам бу даврда катта имтиҳондан ўтди. Жасоратли журналистларимиз касаллик юқтириб олишни ўйламасдан касалхоналар, карантин зоналари ва бошқа жойларда бўлиб, суҳбатлар уюштириб бизни янгиликлардан хабардор қилиб турдилар. Айни кунларда уларнинг ковид инфекцияси билан касалланганлар даволанаётган реанимациялардан, оғир ҳолатдан даволанаётган беморлар билан суҳбатлари узатилмоқда. Нафақат касаллик ҳақидаги маълумотларни бермоқдалар, балки жамиятдаги камчиликлар, инсофсизликлару хатолар ҳақида бонг урмоқдалар. Ҳақиқий журналистикани муқаддас билган инсонлар орамизда кўп. Улар пандемия шароитида бошқа муҳим масалаларни ҳам унутиб қўяётганлари йўқ, ҳақиқатни айтишда ўз принципларига содиқ қолмоқдалар. Албатта давр ўз қаҳрамонларини унутмайди. Бу соҳа вакилларининг ҳам меҳнати таҳсинга сазовор.

Шу ўринда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги, ижтимоий ҳимояси йўлида давлат томонидан олиб борилган ишлар билан бир қаторда халқ вакиллари, тадбиркорлар, сиёсий партиялар ва бошқа соҳа вакилларининг ҳам жуда катта кўмаклари сезилди. Бу оғир даврда амалга оширилган ҳар бир хайрия, эҳсон тадбирлари таҳсинга лойиқдир. Бу борада халқимиз жипслигини кўрдик. Айниқса, Сардоба, Бухоро воқеаларида ҳам ёрдамга шошилган кишилар саноқсиз бўлди. Халқимизнинг улуғ бир қудрати, ўлмас маънавий бойлиги шу кунларда янада яққол намоён бўлди. Саховат ва кўмак ҳаракати ёрдамларини тарқатишда кўнгиллиларимиз ҳаракати ҳам эътиборга муҳтож, ярим кўнгилларга малҳам бўлди.

Булар бизнинг кучли жиҳатларимиз албатта. Лекин беш қўл баробар эмас экан, шароит яна кимнинг кимлигини билдириб қўйди. Бировнинг ҳақини еювчилар, муҳтожлар ҳаққини ўзлаштирувчилар ҳам борлиги билиниб қолди.

Пандемия ҳар бир соҳа вакилларини, ҳар бир инсоннинг қиёфасини очди, амалларни саралади. Раҳбарларнинг ҳам кучли, сиёсатли, тадбирли, халқпарварларини алоҳида ажратиб кўрсатди.

Депутатларнинг ҳам оғир кунларда халқ билан, халқ ичида бўлиши, уларни қийнаган масалаларни кўтариб чиқиши, шу вазиятда тўғри сиёсат олиб боришда ўз таклифларини бериши муҳимдир.

Биз халқ учун, жамиятимизни соғлом, мамлакатимизни обод кўришга ҳисса қўшаётган инсонларни, соҳаларни, тизимларни албатта эътироф этишимиз керак. Жамиятдаги камчиликларни рўй-рост айтиб бераётган кишиларга ҳам, кеча-кундуз постда турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ҳам оиласи саломатлигини ўйлаб уйда қолган инсонларга ҳам, шифокору журналистлар, тадбиркору раҳбарларга, ижтимоий тармоқлар орқали бизга хизмат кўрсатаётган, мушкулимизни осон қилаётган инсонларга, борингки, элим-юртим деган барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+