Муаммони баратараф этиш барчамизнинг бурчимиз

23.02.2022 11:02:14

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишини жуда таъсирланиб тингладим.

Мазкур йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан йўл ҳаракати муаммолари аниқ равшан тушунтириб берилди. Соҳадаги жиддий ва ташвишли муаммолар бирма-бир таҳлил этилди.

Барчамизга сир эмас, бугун ҳар бир хонадонда бир ёки бир нечта машина мавжуд. Биргина вилоятимизда сўнгги ўн йиллар мобайнида машиналар сони бир неча бараварга кўпайди. Тўғри, машина бир тарафдан олисимизни яқин қиладиган қулай восита. Аммо, савол туғилади? Шунга яраша ҳаракат хавфсизлиги таъминланиш даражаси қониқарлими?

Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб, оилаларга фожиа-фалокат етаклаб келадиган жиддий хавфга айланаётгани сир эмас. Бу ҳақда мазкур селекторда жуда жиддий масалалар муҳокама қилинди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари ҳамда бу борада кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилиш давомида жорий 2022 йилда Республикамизда хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда Дастури амалга оширилиши белгиланди. Ушбу Дастур том  маънода соҳага оид муносабатларни янги босқичга кўтаришга стратегия вазифасини ўтайди. Сабаби, бугун дунёда йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўрсаткичлари 0 га тенг бўлган давлатларнинг аксарида айнан шу шаклда иш ташкил этилган.Эндиликда бизда ҳам қонунлар яна бир қайта кўриб чиқилиб иш янгидан ташкил этилади. Йиғилишда соҳада тўпланиб қолган бутун муаммо, ҳудудларда содир этилаётган йўл транспорт ҳодисалари таҳлил этилиб, ўринли эътирозлар билдирилди. Шу нуқтаи назардан таҳлил этадиган бўлсак, маълумотларга кўра, халқаро аҳамиятга эга бўлган йўлларда 153 та авария, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларда 121 тадан ҳалокатлар содир бўлиши кузатилган. Ҳолатларни ўрганиб чиқилганда йўл транспорт ҳодисалари белгиланган тезликка риоя қилинмаслиги оқибатида содир этилаётганлиги аниқланган.

Видеоселекторда Президентимиз “Йўл безорилиги” деган атамани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Йўллардаги ҳаракат жараёнида шундай ҳолатларга, яъни, ҳайдовчиларда ҳайдовчилик маданияти етишмаслигининг гувоҳи бўламиз. Шунингдек, йўлларда бир-бирини, яъни йўловчи ҳайдовчини, ҳайдовчи эса йўловчини менсимаслик ҳолатлари ҳам кўп кузатилади. Бир-бирига қўполлик қилиш, уриб-сўкиш ҳолатлари такрорланиб туриши ҳам бор гап.. Энди ана шу ҳолатларга барҳам берилиб Кодекс моддаларига  ўзгартиришлар киритилиб, йўл ҳаракати қоидалари такомиллаштирилади. Йўловчи ва ҳайдовчилар ўртасидаги ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларнинг бизнинг вилоятимизда ҳам салмоғи бўйича қаттиқ танқид қилинди. Энди йўл ҳаракати билан қоидаларини мактаб ўқувчилари ўртасида тушунтиришлар бериб борилиши айтиб ўтилиб, ҳар бир мактабга ИИОдан масъуллар бириктириш масаласи кўриб чиқилиб, бу бўйича ҳам “Йўл харитаси” аниқ белгиланиб олинди.

Ҳудудларда, магистраль йўлларда, шунингдек, ички йўлларда қанча равон бўлса бахтсиз ҳодисалар шунча камаяди. Ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайлик яратади. Қолаверса ҳудудга файз беради. Шунинг учун йиғилишда бу борада учрайдиган муаммоларни манзилли ўрганиш ва бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб белгиланди.    

Мухтасар айтганда, келгусида йўл ҳаракати билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш,  қоидабузарликларни бартараф этиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш йўлида биз депутатлар ҳам четда қараб турмасдан ўз ҳиссамизни қўшсак, маҳаллий аҳоли ва ёшлар ўртасида сиёсий ўқувлар ўтказиб, шу соҳага оид қонунлардан хабардор қилиб борсак тизимда ижобий бурилиш бўлиши муқаррар.

 

Абдурашид Артиков,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+