Мустақиллик – буюк қадрият

19.12.2020 12:12:59

Келаси йил энг улуғ, энг азиз байрам – истиқлолимизнинг ўттиз йиллигини нишонлаймиз. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳар биримизнинг ҳаётимизда энг улуғ ва муқаддас воқелик бўлиб қолган ушбу нурафшон кунни муносиб тарзда кутиб олиш, кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида олиб борилаётган тайёргарлик ишларига янгича маъно ва мазмун бағишлади.

Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасида мустақиллик берган имкониятлар ўз ифодасини топмоқда. Фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданияти ҳам юксалиб бормоқда. Бу борада жойларда “Адолат” СДП томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари катта аҳамиятга эга. Бинобарин, жамият ривожига дахлдорлик туйғуси билан яшаш доим фаолликка бошлайди.    

Танлаган йўли ва мақсади аниқ миллат, шубҳасиз, ўзининг буюк келажагини таъминлай олади. Истиқлол йилларининг ҳар куни, ҳар дақиқаси ўз мазмунига эга. Бу мазмун мустақилликни мустаҳкамлаш, уни асраб-авайлаш, янгича дунёқарашга эга бўлган авлодни тарбиялаб вояга етказиш, иқтисодиётни янгилаш, аҳоли турли қатламларини кучли ижтимоий ҳимоялаш каби улуғвор вазифаларда ўз аксини топди.

Қарорда бир қанча долзарб аҳамиятга эга мақсадлар ўз аксини топган. Жумладан, пойтахтимизда “Истиқлол” мажмуасини ташкил этиш ва у ерда мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композициясини барпо этиш каби амалий ишлар ўсиб келаётган ёш авлод қалбини ғурур-ифтихор туйғулари ила суғоришга хизмат қилади. Шунингдек, бундай ташаббуслар байрам шукуҳини улашиш билан бир қаторда истиқлолнинг моҳиятини, халқимиз турмушидаги ўрни ва аҳамиятини теран англашга, ёш авлодда Ватанимизга бўлган садоқат туйғусини юксалтиришда муҳим рол ўйнайди.     

Тарғибот-ташвиқот тадбирлари “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида ўтказилаётгани бежиз эмас. Бугунги кунда ҳар бир фуқаро қалби тубидаги истак шу: ҳаётини эркинлик ва фаровонлик билан безаш. Бу йилги шиоримиз маъно жиҳатдан Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш, мустақилликдек буюк ва олий қадриятни мустаҳкамлашни ўзида мужассамлаштиргани билан аҳамиятлидир.

Қарорда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун кўмак ва ёрдам бериш, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳам белгиланган. Демак, “Адолат” СДП илгари сурувчи ижтимоий ҳимояни кучайтириш вазифаси байрам арафасида кун тартибидаги устувор вазифалар сирасига киради ва қарорда белгиланган вазифалар дастурий ғояларимизга ҳамоҳанглик касб этади.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда.

Истиқлол учун яқин тарихимизда бўлган воқеалар билан бугунги дориломон кунларни қиёсласак, уни қадрлаб, берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун ўз ҳиссамизни қўшишни яна бир бор англаймиз.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+