Мустақиллик - буюк неъмат

25.08.2022 17:08:02

Мустақиллик ўз-ўзидан бўлган эмас. Унинг ортида халқимиз бошига тушган азоб-уқубатлар, йўқотилган ҳуқуқ ва эркинлик­лар, маънавият ва маърифат, аждодларимиз тўккан қонлар, юрт озодлиги учун эрта хазон бўлган умрлар мазмуни ўрин олган.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги нишонланаётган айни дамларда ўтган кунларимизга бир назар солсак, қандай кунларни кўрганимиз ва қандай кунларга етганимиз кўз ўнгимизда ҳужжатли фильмлардек гавдаланади. Ва чуқур тин олиб, Мустақиллик учун, унинг неъматлари учун шукр қиламиз.

Саксон-юз ёшли отахону онахонлардан ўтган асрнинг ўрталарида халқимиз вакилларига бўлган ўта шафқатсиз муносабатлар ҳақида, одамлар нон ўрнида кунжара, овқат ўрнида ўт-ўлан истеъмол қилганликлари, оҳори кетмаган битта кийимни бир қишлоқ аҳли тўй-маъракага алмашиб кийганликлари, хотин-қизлар, айниқса, болалар оғир меҳнатларга зўравонлик билан таёқ ва қамчилар зарби остида жалб қилинганлиги хусусида кўп эшитамиз.

Шаҳидлар хиёбонига борган кишининг “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи остонасига қўйган илк қадамидан бутун вужудини титроқ эгаллайди. Ҳа, шу титроқ остида мустамлакага айланган Ватанни кўрамиз, ўша мудҳиш кунлар садосини тинглаймиз, қадр-қиммати топталган маърифатпарвар ота-боболаримизнинг мардонавор нигоҳини кўрамиз.

Халқимиз бошига советлар даврида ёғдирилган бало-қазолардан нишоналар, истибдод азобидан умри хазон бўлган, қатағонлар жабрини чеккан улуғ алломалар, арбоблар, зиёлилар, ҳунармандлар, оддий деҳқон ва ишчи ватандошларимизнинг тортган азобини, ҳукмрон мафкуранинг максадлари йўлида “ўзбеклар иши”, “пахта иши” ниқоби ортида амалга оширилган шафқатсиз қийноқ ва таз­йиқлар, топталган ор-номус, қадр-қиммат, озодлик ва эркинлик, тортган азоб-уқубатларига келтирилган далиллар ҳар кимни Мус­тақиллик учун шукр қилишга ундайди.

Ҳаммамизга маълумки, 1991 йил 31 август миллий тарихимиз ўзанида туб бурилиш ясади. Мамлакатимизда Мустақиллик эълон қилинди. Халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқди. Миллатнинг ғурури, ор-номуси, шаъни, қадр-қиммати тикланди. Тилимиз, миллий ва диний урф-одатларимиз, маънавий қадриятларимиз ўзимизга қайт­­ди. Ҳар бир фуқаро ўз орзу-умидларига мос равишда ҳаёт кечириш, озод ва обод яшаш бахтига муяссар бўлди. Мамлакат эркин нафас ола бошлади. Халқ қарамлигига нуқта қўйилди.

Ўзбекистон дунё ҳамжамияти орасида мустақил давлат сифатида ўз ўрнини эгаллади ва ўтган йиллар мобайнида иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамланди. Аҳоли кўз ўнгида ҳар томонлама эришилаётган ютуқлар мамлакатимиз қудрати юксалиб бораётганлигидан, адолатли ижтимоий давлат қарор топаётганлигидан далолатдир.

Айниқса, аҳолининг соғлиғини сақ­лаш, малакали ва замонавий тиббий хизмат турларини кенгайтириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, бажарилган ишлар кўлами нақадар катта эканлигини инкор этиб бўлмайди.

Худди шундай, таълим-тарбия соҳасига бўлган эътибор ҳам юксалди. Олий маълумот олиш учун ёшларимизга “ижод” мактаблари, “Темурбеклар” мактаблари, Бухоро халқаро математика мактаби ва бошқа мактаб­лар мус­таҳкам таълим пойдевори вазифасини ўтамоқда.

Президент мактабларига, олий ўқув юртларига имтиҳон топшираётган ёшларни кўриб, дили яйрайди кишининг. Олий таълим муассасалари сон ва сифат жиҳатидан йил сайин кенгайиб бораётгани, кундузги таълим қаторига кечки, сиртқи ва масофавий таълим тизимларининг кириб келганлиги, бир абитуриент бир йўла олтитагача олий таълим муассасаси абитуриенти бўлиш имкониятининг яратилиши, хотин-қизлар учун берилган имтиёзлар, таълим кредити, бир сўз билан айтганда, олий таълим олишга бўлган кенг ва тенг шароитлар ҳамманинг оғзида.

Халқаро фан ва спорт олимпиадаларида, жаҳон чемпионатларида фарзанд­ларимиз қўлга киритаётган шода-шода медаллар ҳам Истиқлол неъматидир.

Серқуёш, сержило диёримизнинг қай бир гўшасига борманг, беқиёс бун­ёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўласиз. Мамлакатимиз айни кунларда улкан қурилиш ва ободонлаштириш майдонига айланган. Бунёд этилаётган янги-янги корхоналар, катта-катта ишлаб чиқариш иншоотлари, муҳташам таълим-тарбия ва спорт саройлари халқ фаровонлиги учун хизмат қилмоқда. Шаҳар кўринишини олаётган қишлоқларимиз сони ошиб бормоқда. Бундай шиддатли тараққиётни кўриб, буюк бобомиз Амир Темурнинг “Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсанг, биз қурган иморатларга боқ”, деган сўзлари қулоғимиз остида жаранглайди.

Айниқса, шаҳар ва қишлоқларимизга кўрк бераётган ижтимоий иншоотлар, намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар, дам олиш масканлари, истироҳат боғлари, равон кўчалар турмуш тарзимизнинг нақадар яхшиланиб, ҳаётимиз фаровонлашиб бораётганидан далолатдир. Энг муҳими, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда тинч­лик ва хотиржамлик барқарор, одамлар руҳиятида кўтаринки кайфият ҳукмрон.

Бундай муваффақиятларнинг бош омили, аввало, давлатимиз сиёсатининг инсонийлик ва эзгулик тамойиллари билан уйғунлигидадир. Бинобарин, мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Инсон қадри улуғвор. Ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати, тураржойи, мулки ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонун ҳимоя­сида.

Шуни ғурур билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик, иноқлик ва аҳиллик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, баркамол авлод эришаётган ютуқлар, спортчиларимиз забт этаётган шоҳсупалар, барча-барчаси ривожланиш ва тараққиёт белгиларидир.

Ҳа, Мустақиллик – миллат ҳаётидаги энг буюк воқъелик, асрий орзуларимиз рўёби. Уни мустаҳкамлаш, қўз қорачиғимиздек авайлаб-асраш, иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий асос­ларини такомиллаштириб бориш, жамият ҳаётини доимий равишда ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳаммамиздан фидоийликни, шукроналикни талаб қилади.

Зотан, Қуръони каримда “Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз” (Наҳл” сураси, 78-оят), дейилган экан, биз кўзларимиз кўриб, қулоқларимиз эшитиб турган, дилларимизни қувнатаётган ютуқларни инкор этсак, кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олсак, гумроҳлик бўлади. Бу кунларга, бундай имкониятларга, яратилган шароитларга шукр қилмоғимиз, шукроналик билан яшамоғимиз даркор.

Зеро, Мустақиллик энг буюк неъмат. Уни кўз қорачиғидек асраш эса барчамизнинг бурчимиздир.

 

Абдукамол РАХМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+