Мустақиллик ҳуқуқ демакдир

24.08.2020 15:08:40

Мустақиллик – инсоннинг эркин ва озод равишда, ўз ихтиёри билан бошқаларга бўйсунмасдан иш юрита олиши, миллат, давлат ва жамият ҳаёти, уларнинг тараққиётини, устувор мақсад ва вазифаларини мустақил тарзда амалга оширилишини англатадиган тушунча.
Мустақиллик барча жабҳалардаги ҳар қандай камситиш, тобеликни инкор этади, ўзаро ҳурмат, бир-бирини қадрлаш ва умумбашарий қадриятларга таяниб иш кўриш, кенг дунёқараш ва эркин тафаккур асосида яшаш, фикрлаш, ўз ҳаётини эмин-эркин ўзи ташкил этиш имконияти ва амалиётини билдиради.
Биз учун мустақиллик, энг аввало, ўз тақдиримизни қўлимизга олиш, бошқара олиш, ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларни, урф-одатларимизни тиклаш, ҳар бир хонадонда тинчлик, осойишталик, баркамолликни сақлашдир.
Асосийси, бундан 29 йил аввал берилган имконият амалиёти – бизга берилган ҳуқуқдир. Бу – юртимизнинг табиий бойликларига эгалик қилиш ҳуқуқи, халқимиз қудрати, салоҳияти, ақли заковатига таяниш ҳуқуқи, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила учун муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқи, келажак авлодлар учун ҳар томонлама юксалаётган, ривожланаётган Ватан қолдириш ҳуқуқи, жаҳон ҳамжамиятида ўз овозига эга бўлиш тенг ҳуқуқи.
Мустақиллик туфайли айнан ана шу ҳуқуқлар амалиёти асносида Ўзбекистонни дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакати тан олди, 125 дан ортиқ мамлакатлар билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатдик.
Шу билан бирга, мустақиллик йилларида давлатимизнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги ҳуқуқий тамойиллари ишлаб чиқилди.
Салкам ўттиз йиллик меҳнатимиз, сайи-ҳаракатларимиз, интилишларимиз, мақсадларимиз сари ишончли одимларимиз, энг асосийси, ҳуқуқий мукаммал жамият барпо қилиш мақсадида жадал олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатимиз, мамлакатимизнинг жаҳонда обрў-эътибори, шон-шавкатини кўтарадиган авлод етишди, ҳар жиҳатдан баркамол ва фидойи ўғил-қизлар тарбияланмоқда, вояга етмоқда ва ўз бахтини ўзи яратмоқда.
Ҳозирги пандемия шароитида замон ўзгараётгани, инсоният ўзгараётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганмоқдамиз. Зеро, барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда ва шу йўлни тўғри деб билмоқда.
Дарҳақиқат, даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз, ўз ҳуқуқимизни билиб, бошқаларга уни ҳурмат қилишга ўргатиб, ишонтириб, инонтиришимиз керак.
Хўш, бу истиқлолий муваффақиятларга нималар эвазига эришдик?
Аввало, оқилона олиб борилган сиёсат туфайли Ўзбекистонимиз саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган давлатга айланди.
Қисқа фурсат мобайнида мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этила бошлади.
Жамиятда тадбиркорлик муҳити жонлантириб юборилди. Ишбилармонларга давлат томонидан қулай имкониятлар яратиб бериляпти. Ҳар бир оилада тадбиркорликка, ўзини ўзи боқишга, реал даромадга эга бўлишга мойиллик ҳисси шакллантирилмоқда, ташаббуслар рағбатлантирилмоқда. Буларнинг бари мамлакатда ишлаб чиқариш ва хизматларнинг мисли кўрилмаган турлари, кўплаб янги иш жойлари юзага келишига асос бўляпти. Халқ онг-тафаккури, дунёқарашининг ўзгаргани – мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз.
Башарият тарихи шундан гувоҳлик берадики, ҳеч бир мамлакат ўзи ёлғиз ҳолда тараққий этган эмас. Чунки мураккаб дунёнинг кўпдан-кўп муаммолари айнан ҳамкорликда, дўстона тарзда ҳал этилади. Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистонимизда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига қатъий амал қилинади.
Давлатнинг халққа бундай қайишиши натижасида одамларнинг руҳиятида катта ўзгариш юз берди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортди, сиёсий хабардорлик даражаси кўтарилди.
Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўзининг 25 йиллик фаолияти давомида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамиятини қуриш борасида бир қатор амалий ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиб келмоқда. Партиянинг келгуси фаолиятида ҳам инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонлари асосида таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолади.
Шуни унутмаслигимиз керакки, бугун биз ўта таҳликали ва қалтис замонда яшаяпмиз. Ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз зарур. Миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш бугун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Буни ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз даркор. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, бугунги тинчлик-осойишталик ўз-ўзича таъминланаётгани йўқ. Мустақилликни мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Зеро, Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!


Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+