Мустақилликка 29 йил: очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат

29.08.2020 11:08:11

Ўзбекистон мустақилликка эришган илк кунданоқ ички ва ташқи сиёсатида ўз йўлини танлаганини дунё ҳамжамиятига эълон қилди. Миллий Конституциямизда таъкидланганидек, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиб, фуқароларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида барча мамлакатлар билан муносабатларда тўла ҳуқуқли субъект сифатида халқаро майдонга кириб келди. Йигирма тўққиз йил мобайнида юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг қўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсат борасида амалга оширган ижобий ташаббуслари бугун ўз натижасини беришни бошлади. Олий даражадаги учрашувлар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги ҳурмати ортишига ижобий таъсир кўрсатди. Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕҲҲТ каби халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бугунги кунда давлатимиз хорижий мамлакатлар билан муносабатларни сиёсий ишонч ва ҳамкорлик асосида қурмоқда.

Позитив имиджини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётганини гувоҳи бўлиб турибмиз. Хорижий инвестицияларни ва янги технологияларни жалб этиш борасида кўплаб шартномалар тузилиб, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишига асос бўлмоқда. Миллий маҳсулотлар экспорт ҳажми жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Халқаро иқтисодий алоқалар тизимида миллий туризмнинг ривожланиши катта аҳамиятга эга. Шунинг учун мамлакатнинг туристик имкониятларини дунёга намоён қилиш мақсадида халқаро туристик ярмаркалар ва кўргазмалар ўтказиб келинмоқда. Фан, таълим, маданият соҳасида ҳам чет эл мамлакатлари билан халқаро ҳамкорлик йўналишлари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизда қатор хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари ўзбекистонлик ёшларини рақобатбардош кадр этиб тайёрлашни бошлади.

Ташқи сиёсат фаолияти асосида очиқлик, тенглик ва ўзаро манфаатлилик тамойиллари ётганлиги боис мамлакатимиз барча давлатлар билан дўстона муносабатларни ўрнатишга муваффақ бўлди. Айниқса, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш долзарб вазифа ҳисобланади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг бешинчи йўналишида қатор тадбирлар белгиланди. Буларга яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги мавжуд тўсиқларга биргаликда ечим топиш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш, минтақанинг транзит ва логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, транспорт инфратузилмаси жадал ривожланишини таъминлаш, минтақада сувдан адолатли фойдаланиш масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш, Марказий Осиё давлатлари ҳудудлари (шу жумладан чегарадош минтақалар) ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, маданий-гуманитар соҳаларда биргаликда тадбирларни ўтказиш киради. Чунки “ён қўшни-жон қўшни” халқ мақолига таяниб, келажагимизни режалаштиришимиз давлатлар равнақига олиб келишига ишончимиз комил.

Халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари ўзаро ҳурмат ва дўстлик муносабатлари, маданий қадриятлар орқали узвий боғланганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Дўстлик-қудратли куч. Мамлакатимизда ички сиёсатида ҳам миллатлараро ҳамдўстликни юксак даражага олиб чиқиш борасида яхши ташаббуслар илгари сурилмоқда. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши миллатлараро тотувликка қаратилгани, ҳар йили “Ўзбекистон-умумий уйимиз” фестиваллари ўтказилиши, турли миллат вакилларидан иборат миллий маданий марказларнинг фаолият олиб бориши ҳам бу борада қилинаётган ишларнинг исботидир. Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилиши ва ҳар йили 30 июль “Халқаро дўстлик куни” ҳамда 16-ноябрь “Халқаро бағрикенглик куни” арафасида топшириш таклиф этилди.  “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра кўкрак нишони билан ўзининг жонкуярлиги билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.

Фаол ташқи сиёсат қонунчилик соҳасида ҳам ўзгаришларни тақозо этади. Бу йўналишда парламентнинг олдида қатор вазифалар бажарилиши талаб этилмоқда. Авваломбор, парламентимиз халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришда фаолиятини янада ҳам жонлантириши давр талабидир. Халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз нуфузини ошириш йўлида парламент назоратининг мавжуд механизмлардан самарали фойдаланиш стратегияси ишлаб чиқилди. Халқаро миқёсидаги масалаларни ечишда парламент дипломатияси катта ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, Олий Мажлис палаталари олдида парламент дипломатияси концепцияси ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик масалаларида ҳар йиллик дастурларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш амалиётини жорий этиш каби масалалар муҳим ҳисобланади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қатор мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича парламентлараро гуруҳлар тузилиши орқали биринчи қадам қўйилди десак, муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги парламентлараро Ассамблеяси  аъзоси сифатида ҳам кўп масалалар бўйича ҳамкорлик олиб бормоқда. Парламентлараро иттифоқ иштирокчи давлатлар сонига кўра БМТ дан кейинги ўринда турадиган дунёдаги иккинчи йириқ халқаро ташкилотдир. Парламентлараро иттифоқ 179 та давлат парламентларини бирлаштиради, шу жумладан унинг таркибига Туркманистондан ташқари барча МДҲ мамлакатлари киради. Парламентлараро иттифоқ миллий гуруҳларда ташкил этилган парламент аъзолари ўртасидаги шахсий алоқарни рағбатлантириш, уларни вакиллик институтларини мустаҳкамлаш учун биргаликда ишлаш, шунингдек, парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини илгари суриш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси 2017 йилда Парламентлараро иттифоқ аъзолигини қайта тиклаб, ташкилот сессияларида фаол қатнашиб келмоқда. Эътиборли жиҳати шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари А.Саидов ушбу нуфузли ташкилотининг ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди. Бу эса ўз навбатида мамлакатга халқаро парламентлараро тузилмаларининг фаолият майдонларидан самарали фойдаланиш имкониятини яратади.

Юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон сиёсатининг доимий ва муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда.. Мамлакат Президентимиз таъбири билан айтганда:”Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз”.

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” социал-демократик партияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+