Мустақилликка 29 йил: Ўзбекистонда миллий таълим соҳаси ривожи янги босқичга кўтарилди

27.08.2020 15:08:31

Инсон капитали мамлакатнинг муҳим бойлигидир. Унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли хизмат қиладиган янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи эртанги кунимизни ҳал қилувчи устувор масаладир. Бунда эса ёш авлоднинг таълим тарбияси учун бор имкониятни яратиб бериш зарур.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳалар сингари таълим соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимининг барча йўналишларида туб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Жумладан, сўнгги 4 йилда узлуксиз таълим тизимини тўлақонлий таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача таълим, ўрта таълим ҳамда олий таълим тизимида аҳолининг хоҳиш истакларини рўёбга чиқаришга қаратилган қатор янгиликлар жорий этилди. Бу каби ислоҳотларни бардавом эттиришда таълим ва тарбия уйғунлиги миллий тараққиётга эришиш кафолатидир.

Жамият тараққиёти, миллий фаровонлик ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий билимларни чуқур эгаллаган янги кадрлар, уларнинг юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келган. Шу боисдан ҳам истиқлолимизнинг илк қадамларидан бошлаб, мамлакатимизда янги замон авлодини тарбиялаш, улар дунёқарашини янгича қадриятлар асосида шакллантириш иши давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бунда энг муҳими, таълим-тарбия тизимида эскича қолиплардан тезроқ воз кечиш, таълимга доир энг илғор, замонавий, халқимизга хос миллий-маънавий ва ахлоқий қадриятларга ҳамоҳанг усулларни топиш ва амалиётга жорий этиш, шарқда қадимдан амалда бўлган принцип — таълим ва тарбияни бир-биридан ажратмаслик ва уларнинг ўзаро мутаносиблигига эришиш ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бунда эса ёш авлоднинг бугунги кун талаб ва истакларидан келиб чиқиб, замонавий билим ва кўникмага эга бўлишлари учун фақатгина таълим тизимининг бир бўғинини ислоҳ қилишнинг ўзи етарли эмаслигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Биз бугунги кун талабларидан келиб чиқиб ёш авлод таълим тарбиясига ёндашишда энг катта эътиборни юқорида таъкидлангани каби узлуксиз таълим тизимига қаратдик. Шунингдек, ёш авлод тарбиясида фақатгина давлат ёки таълим тизимининг ўзи эмас жамиятнинг барча бўғини фаол иштирок этиши зарур. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг сўзлари билан айтганда, “Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак".

Ўтган йиллар давомида қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлашнинг янги истиқболли тизимини яратишга асос бўлган бўлса, сўнгги тўрт йилда давлатимиз раҳбари бошчилигида қабул қилинган таълим тизимига оид қарор ва фармонлар мазкур соҳадаги ислоҳотларни янги босқичини бошлаб берди.

Жумладан, “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Президент фармонлари ҳамда “Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир. Мазкур қарорларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида нафақат ёш авлод таълим тарбияси борасидаги ислоҳотлар шу билан бирга ёшларга таълим тарбия бериб келаётган педагоглар иш фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришларга эришилди.

Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, энг илғор хорижий тажрибани ўрганиш, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш, давлат ва хусусий шериклик асосида яқин истиқболда мамлакатимизда боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр-таклифлари асосида юртимизда 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта жорий этилди, Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилди.

Охирги 4 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 3 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу олис ҳудудларда етишмаётган мингдан зиёд ўқитувчини жалб этиш имконини берди. Таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири борлиги ҳисобга олиниб, кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида халқ таълими тизимига 12 минг нафардан ортиқ эркак ўқитувчи қайтди. Нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсияси тўлиқ миқдорда берилмоқда. Узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этишни янада рағбатлантириш учун уларга уй-жойлар, автотранспорт учун кредитлар бериш амалиёти жорий қилинди.

Олий таълим тизимида ёшлар қамрови икки уч бараварга кўпайтирилди. Олис ҳудудлардаги ёшларга янада қулайлик яратиш мақсадида нуфузли олий таълим муассасаларининг вилоятларда филиаллари ташкил этилди. Ёш авлодга кадрларга таълим берадиган профессор ўқитувчилар сони деярли уч бараварга кўпайди.

Эътиборли жиҳати таълим соҳасидаги ислоҳотлар бугун эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, изчил давом эттирилмоқда. Биз халқ вакиллари ҳам бор куч ва ғайратимиз билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга кўмак беришга тайёрмиз.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+