Нуқтаи назар: Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади

27.12.2022 12:12:16

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасини халқимиз ниҳоятда эътибор билан тинглади ва у барчамизда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур Мурожаатномани кўлами ва кўзланган мақсадларига кўра узоқ муддатга мўлжалланган дастур билан қиёслаш мумкин. Унда белгиланган устувор йўналишларнинг юртбошимиз раҳбарлигида халқимиз томонидан ҳаётда татбиқ этилиши эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадал суръатда давом этттириш учун имконият беради.

Президентимиз содда, халқчил қилиб тушунтирган, 6 йўналиш ичида ўз аксини топган ташаббуслар, мамлакат ривожланишида муҳим аҳамият касб этиб, кўплаб соҳаларни қамраб олади. Қолаверса, Мурожаатномада қайси соҳа тилга олинмасин, албатта, кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилганлиги, уларнинг ҳар бири ҳар биримизга ниҳоятда таниш ва яқин эканлиги  диққат-эътиборимизни тортади. Дарҳақиқат, Президентимиз Мурожаатномасида долзарб вазифалар, янги ғоялар илгари сурилди. Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ.                                                           

Юртбошимиз 6 та устувор йўналишлар қаторида иккинчи йўналишда Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш, буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз кераклигини таъкидларкан, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратишни, бунда келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарурлиги алоҳида айтиб ўтдилар. Фарзандларимизга чет тилларни мукаммал ўргатиш бизга бугун Ўзбекистонни жаҳон аренасига чиқаришда асосий ричаг эканлиги таъкидлаган ҳолда, Президентимиз миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътиборни янада кучайтиришимиз, барчамиз ўз она тилимизни мукаммал билишимиз, она тилимизга эҳтиром билан муносабатда бўлишимиз тўғрисида куюниб гапирдилар.  

Тил – буюк неъматдир. Тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз она тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.

Шундагина тилнинг, миллатнинг нуфузи ошади. Тил тарихини, унинг меъёрий нуқтаи назардан шаклланиш жараёнини, ривожланишини халқ тарихидан айри ҳолда ўрганиб бўлмайди. Чунки унда миллат ўтмиши, асрий қадриятлари, маданияти ифодаланади. Шу боис Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади”, деб таъкидлайди.

Ўрта асрларда Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий сингари алломалар ўз асарларини туркийда битиб, тилимизнинг ривожига ҳисса қўшишди. Буюк мутафаккир Ҳазрат Алишер Навоий эса чин маънода бугунги ўзбек адабий тилининг пойдеворини мустаҳкамлади. Унинг ташаббуси билан она тилимиз Хуросон мулкининг давлат тилига айланди. Навоий илк бор ўзбек тилида “Хамса” яратиб, буюк девонлар тузиб, унинг бошқа тиллардан кам эмаслигини исбот этди. Ўз байтларида нафақат ўзбек тилининг бойлиги ва нафосати, балки ўзбек элининг миллий қиёфаси, қадриятларини ҳам тараннум этди:

Шоҳ тожу хилқатиким, мен тамошо қилғали,

Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Буюк аллома Алихонтўра Соғуний ўзининг “Туркистон қайғуси” китобида шундай ёзган эди: “Одам ўзлигини унутмаслиги учун уч нарсани қўлдан бой бермаслиги керак: Ватанини, динини ва тилини...”

Бу сўзлар замирида айни ҳақиқат зоҳир. Айнан шу боис 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу мустақилликка ташланган илк қадамлардан бири бўлди. Истиқлолга эришгач, Бош Қомусимизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

ЮНЕСКО ташкилоти экспертларининг қайд этишича, давлат тили – сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек, ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунига (янги таҳрир) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилади ва уларнинг ривожи учун шароитлар яратилади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг бир неча тилларида эфирга узатилади ва чоп этилади.

 Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси 7111 тилда сўзлашаркан. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 та тилда) Ер шари аҳолиснинг 90 фоизи гаплашади. Қувонарлиси шуки, бизнинг тилимиз ана шу барқарор 1 фоизга киради. Ўзбек тилида Ер юзида 40 миллионга яқин аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 200 нафар одамдан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан биридир. (Бу тилларнинг ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашади).

Кўриниб турибдики, ўзбек тилининг халқаро мақоми ҳавас қиладиган даражада. Бугун бу тил мамлакатимизнинг давлат тили бўлибгина қолмай, қўшни Афғонистоннинг расмий тилларидан бири ҳисобланади. Бу мамлакат шимолидаги саккизта вилоят аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади.

Расмий маълумотларга кўра, қўшни Тожикистон аҳолисининг 13, Қирғизистоннинг 15, Қозоғистоннинг 4, Туркманистоннинг 6 фоиз аҳолиси ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Украина, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз яшайди.

Шу ўринда тилимиз тарихига ҳам бир қур кўз ташлайлик. Мутахассислар фикрича, VII-VIII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой обидалари барча туркий халқлар қатори бизнинг ҳам қадимий бойлигимиз, меросимиз саналади. Буюк аждодимиз Билга Ҳоқон 711 йилда ўз битиктошида қадимги турк тилида “Эй туркий элим. Сен ўзингни англа, ўзлигингга қайт, шунда юксаласан!” дея келгуси авлодларга васиятнома битган эди.

Ўзбек тилидан темурийлардан ташқари, турли даврларда Олтин Ўрда, шайбонийлар, аштархонийлар, ўзбек хонликлари даврида ҳам асосий тил сифатида фойдаланилган.

1870 йилда ўзбек тилидаги илк газета “Туркистон вилоятининг газети” чоп этила бошлаган. ХХ аср бошларида ўзбек тили Бухоро ва Хоразм Республикалари (БХСР ва ХХСР)нинг, Туркистон Мухторияти ва Туркистон АССРнинг, кейинчалик Ўзбекистон ССРнинг расмий тили бўлган.

Фақат 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.

Президентимиз Мурожаатномасидаги 2023 йилда юрт равнақи, халқ фаровонлиги, Ўзбекистоннинг жаҳон аренасида мавқеи ва обрўсини янада кўтариш, жамиятимизнинг турли соҳаларида янада юқори марраларни забт этиш йўлидаги амалга оширилиши кўзда тутилаётган устувор мақсад ва режалар қаторида мен фаолият олиб бораётган Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни ҳам акс этгани Юртбошимнинг халқнинг, унинг вакили бўлган партияларнинг  дарди, мақсадларидан ҳам хабардор эканлиги ва барчамизнинг орзу-ниятларимиз, мақсадларимиз муштараклиги мени ниҳоятда хурсанд қилди.

Аминманки, Президентимизнинг Мурожаатномаси, ундаги барча тилак ва истаклар, режалар халқимиз, фуқароларимиз ва биз партия ходимлари,  ҳар куни Ватаним деб яшаётган ҳар бир инсон учун дастурамал бўлиб хизмат қилади.

Гулбахор АЛЛАКОВА,

“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+