Нуқтаи назар: Тарихи буюк, келажаги улуғвор КЕНТ

11.02.2022 09:02:02

Дунё цивилизациясининг йирик марказларидан бири, замин сайқали, Шарқ дурдонаси бўлган азим Самарқанд илм-фан, савдо, ҳунармандчилик маркази сифатида, шу билан бирга бетакрор тарихий обидалари, фусункор табиати билан дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келган.

Ушбу қадимий шаҳарнинг бой тарихи, маданиятини ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш, тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва ободонлаштириш борасида бугунги кунда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу каби ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари, халқ фаровонлиги ётибди. Қувонарлиси юртдошларимизнинг турмуш тарзи, онгу тафаккуридаги ўзгаришлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларни кузатар экансиз, ҳақиқатдан ҳам ҳавас ва ҳайратга арзишига ишонч ҳосил қиласиз.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга 2019 ва 2021 йиллардаги ташрифлари давомида бир қатор янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган эди. Жумладан, Самарқандда халқаро аэропортни модернизация қилиш, эшкак эшиш канали атрофида Самарқанд туризм марказини қуриш, Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш, шаҳар йўлларини кенгайтириш ва коммуникация тармоқларини янгилаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида янги турар жой массивлари бунёд этиш каби ишларга қўл урилган эдики, натижада вилоятимиз қиёфаси кун сайин ўзгариб, тарихий қудратига мос замонавий кўриниш касб этмоқда.

Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқандда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ислоҳатлар натижаси билан танишиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрар экан, анъанага кўра дастлаб Республикамизнинг Биринчи Президенти И.Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Шу билан бирга Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш давомида қурилиш ишлари билан танишиб, сайёҳларга замонавий қўлайлик яратиш борасида кўрсатмаларини берди.

Айниқса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳридаги 59-сон мактаб-интернатга ташриф буюриб, кўзи ожиз ўқувчилар ҳолидан хабар олиши инсонийликнинг яна бир юксак намунаси десам янглишмайман. Давлатимиз раҳбари 259 нафар кўзи ожиз болалар билим олаётган даргоҳда бўлиб ўқувчи ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Уларни ўйлантираётган муаммолар ва фикрларини тинглаб, буларнинг ҳаммасини инобатга олган ҳолда кўзи ожиз инсонлар учун имкониятлар кенгайтирилишини таъкидлади ва мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Шунингдек, 59-мактаб-интернат қошида кўзи ожиз болалар учун мактабгача таълим ташкилоти очиш бўйича ҳам алоҳида топшириқ берди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ҳар бир ташрифидан сўнг вилоятимизда янада кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва қурилиш ишлари амалга оширилиб, вилоятимиз янада кўркам қиёфага кирмоқда.

Албатта, бунинг замирида  юрт ва халқ тақдири, келажаги ўйловида ўтказилган ҳаловатсиз кечалар, тинимсиз изланишлар, давлатимиз раҳбарининг пухта ҳамда оқилона сиёсати мужассам.

Ишончим комилки, бугунги ташриф ҳам вилоятимиз тарихининг зарварақларини олтин ҳарфлар билан безаганидек, самарқандликлар ҳаётида янги саҳифа очиши, ҳудуд ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар илгари сурилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+